Жаҳон | 19:18 / 22.04.2023
15106
8 дақиқада ўқилади

Бутунжаҳон Ер кунида сайёрамиз муаммолари ҳақида

Ҳар йили 22 апрел – Бутунжаҳон Ер куни сифатида нишонланади. Ярим асрдан бери нишонланаётган бу санада ҳар йили миллиарддан ошиқ одам сайёрамизни қийнаётган муаммолар ҳақида бонг уради.

Бутунжаҳон Ер кунини нишонлаш қандай бошланган?

Бутунжаҳон Ер куни 1970 йилдан АҚШда нишонлана бошланган. Бу пайтда АҚШда одамлар ҳали экология зарар кўраётгани ҳақида ўйлашмаган, атроф-муҳит ифлосланиши инсон соғлигига қандай таъсир қилиши мумкинлиги ҳақида ҳам қайғурмаган. Аксинча, заводлардан кўп тутун чиқар, машиналардан зарарли газлар ажралиб чиқарди. Ҳаво ифлосланиши ҳатто фаровонлик ҳиди сифатида қабул қилинган.

1962 йилда ёзувчи Рейчер Карсоннинг "Соқов баҳор" бестселлери сотувга чиққач, одамлар табиатга етказилаётган зарар ҳақида ўйлай бошлашди. Китоб атроф-муҳит ва ифлосланишнинг жамоат соғлиғига таъсири ҳақида эди.

Кейинроқ эса табиат муаммолари ҳақида Висконсин штатидан чиққан сенатор Гейлорд Нелсон қайғура бошлади. У 1969 йилда Санта-Барбара шаҳридаги йирик нефт тўкилиши оқибатида юзага келган вайронагарчиликларга гувоҳ бўлади ва нимадир қилиш керак деб ўйлайди. Талабалар энергиясини билган Нелсон одамларнинг огоҳлигини ошириш учун улардан фойдаланиш кераклигини тушунади ва улар иштирокида намойишлар ўтказишни режалаштиради.

Гейлорд Нелсон

Талабалар иштирокида ўтказилиши керак бўлган намойиш улар максимал даражада кўп иштирок этиши учун баҳорги таътил ва якуний имтиҳонлар оралиғидаги иш кунига – 22 апрелга мўлжалланади. Бутун мамлакатни илҳомлантирган намойишларда жами 20 млн америкалик қатнашади. Бу ўша пайтдаги Америка аҳолисининг 10 фоизини ташкил қиларди. Кўплаб коллеж ва университетлар атроф-муҳит ёмонлашувига қарши намойишлар ўтказишди, шаҳарлар, қишлоқлар, маҳаллаларда ҳам оммавий митинглар бўлиб турди.

Турли муаммолар: нефт тўкилиши, завод ва электростанцияларнинг ифлослантирувчи таъсири, канализация, заҳарли чиқиндилар, пестицидлар, ёввойи табиатнинг йўқ бўлиб кетаётганига қарши турли кўринишда кураш олиб бораётганлар 1970 йилдан Ер куни туфайли бирлаша бошлашди. Сабаби уларнинг мақсадлари ўхшаш эди. Шу сабаб Ер куни Қўшма штатларда камдан кам рўй берадиган сиёсий уйғунликни яратди. Битта ғоя республикачилар, демократлар томонидан ҳам, шаҳарлик, қишлоқликлар томонидан ҳам қувватланди. Натижада 1970 йил охиригача АҚШ Табиатни муҳофаза қилиш агентлиги тузилди ва экологияга оид қонунлар қабул қилина бошланди.

Халқаро даража

1990 йилда эса Ер куни халқаро даражада оммалашди ва шу куни 141 давлатдан 200 млндан ошиқ одам атроф-муҳит муаммолари ҳақида қайғуришини кўрсатди. 90 йилги Ер куни дунё бўйлаб қайта ишлаш тушунчаси оммалашишига ва 1992 йилда Рио-де-Жанерода Ер саммити ўтказилишига туртки бўлди. АҚШ президенти Билл Клинтон сенатор Нелсонни Эр куни асосчиси сифатидаги роли учун Қўшма Штатларда тинч аҳолига бериладиган энг олий мукофот – Президентнинг Озодлик медали билан тақдирлади.

2000 йилга келиб Бутунжаҳон Ер кунида дунё лидерларига экофаолларнинг қатъий позицияси билдирилди: дунё бўйлаб одамлар муқобил энергия ва иқлим исиши борасида тезкор ҳаракатларни талаб қилди.

Ҳозирги кунда EARTHDAY.ORG ташкилоти тузилган бўлиб, ҳар йили Бутунжаҳон Ер кунида 193 дан ортиқ давлатдан бир миллиарддан ошиқ одам экологик ҳаракатларда қатнашади.

Бутунжаҳон Ер куни дунёдаги энг йирик дунёвий байрам сифатида эътироф этилган. Бу сананинг аҳамияти, тоза атроф-муҳит учун курашиш иштиёқи эса кундан кунга ортиб боряпти: сабаби иқлим ўзгаришининг вайронагарчиликлари ҳам яққолроқ намоён бўлиб боряпти.

EARTHDAY.ORG сайти орқали фуқаролар турли кўринишда бу санани нишонлашга ўз ҳиссасини қўшишлари мумкин:

2023 йилги Бутунжаҳон Ер кунида мен...

-        иқлим саводхонлигимни ошираман;

-        дарахт экаман;

-        Ер учун овоз бераман;

-        пластикли ифлосланишни тугатишга ҳисса қўшаман.

Ерда мавжуд энг катта муаммолар нималар?

Гарчи атроф-муҳитга оид жуда кўп муаммоли ҳолатлар бўлса-да, 2023 йил нуқтаи назаридан энг йирикларини санаб ўтиш мумкин.

Иқлим исиши

Ҳозирги кунда иқлим саноатдан олдинги даврга қараганда 1,15 даража иссиқроқ. Лекин ҳарорат кўтарилиши 1,5 даражадан ошиб кетмаслиги керак.

Сайёрамиздаги карбонат ангидрид миқдори охирги марта бундан 4 млн йил олдин худди ҳозиргидек юқори кўрсаткичда бўлган. Иссиқхона газлари чиқиндиларининг кўпайиши глобал исишни тезлаштирди. Бу эса, ўз навбатида ҳалокатли ҳодисаларга сабаб бўляпти: Австралия ва АҚШда мисли кўрилмаган йирик ўрмон ёнғинлари кузатиляпти, чигирткалар дунё бўйлаб кўпайяпти. Осиё, Яқин Шарқ ва Осиёда экинларнинг нобуд бўлиши, Антарктида ҳароратининг илк марта 20 градусдан ошиши кузатилди.

Олимлар Ер сайёраси учун ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган бир қанча пик чизиқлар кесиб ўтилгани ҳақида доимий огоҳлантириб келишмоқда. Амазон ўрмонларининг қисқариши, Арктикадаги абадий музларнинг эриши, Гренландия муз қатламининг мисли кўрилмаган даражада эриши шулар жумласидан.

Сиёсий қарорлар қатъий эмаслиги

Иқтисодчилар ва экофаоллар сиёсий раҳбарларга иссиқхона газларини чиқарувчи фаолият турларини қимматлаштиришни таклиф қилиб келишади. Иссиқхона газлари – муаммоларнинг энг асосийларидан бири ҳисобланади. Лекин бу борадаги сусткашлик карбонат ангидрид истеъмоли фоизи паст бўлган инновацияларнинг ҳам рағбатлантирилишига салбий таъсир қиляпти. Иссиқхона газларини қисқартириш учун эса нафақат яшил энергия технологияларини қўллаб-қувватлаш, балки бошқа сиёсатларни амалга оширишлари ҳам керак бўлади.

Айни пайтда 27 та давлатда карбонат ангидрид учун миллий солиқ жорий қилинган. Бироқ 2019 йилга ўрганишларга кўра, бу солиқлар етарли даражада самарали эмас деб топилган.

Лекин, масалан, Швецияда бу солиқ самарали ишлайди ва натижада 1995 йилдан буён мамлакатда ифлосланиш даражаси 25 фоизга қисқарган. Шунинг билан бирга мамлакат иқтисоди 75 фоизга кенгайган.

Озиқ-овқат исрофи

Инсониятнинг учдан бир қисмини боқиш учун етадиган миқдордаги 1,3 млрд тонна озиқ-овқат исроф қилинади ёки йўқ бўлмоқда. Бунча озиқ-овқат 3 млрд одам учун етади. Исроф бўлган озиқ-овқатларидан чиқадиган газлар йиллик иссиқхона газларининг учдан бир қисмини ташкил қилади. Агар буни бир давлат чиқарадиган карбонат ангидрид билан тенглаштириш мумкин бўлса, миқдор жиҳатдан Хитой ва АҚШдан кейин учинчи ўринни банд қилган бўларди.

Исроф ривожланган ва ривожланаётган давлатларда турли кўринишда содир бўлади. Ривожланаётган давлатларда озиқ-овқатнинг 40 фоизи йиғим-терим ва ундан кейинги қайта ишлаш даврида нобуд бўлса, ривожланган давлатларда 40 фоиз озиқ-овқат чакана савдо ва истеъмол даврида йўқотилади.

Хилма-хилликнинг йўқолиши

Охирги 50 йилда истеъмоли ошиши, туғилиш кўпайиши, глобал савдо ва урбанизация натижасида инсоният Ер ресурсларини шу қадар кўп ишлатдики, миқдор ўрнини тўлдириш мумкин бўлганидан ҳам кўпроқ. Халқаро Ёввойи табиат фонди маълумотига кўра, 1970–2016 йилларда сут эмизувчи, балиқ, қуш, судралиб юрувчи ва амфибиялар сони 68 фоизга қисқарган.

Таҳлилларга кўра, ёввойи оламнинг олтинчи оммавий қирғини тезлашиб бормоқда. 500 дан ортиқ тур 20 йил ичида йўқ бўлиб кетиши мумкин. Агар инсоният табиат бузғунчилигида фаол бўлмаганда эди, бу қирғин муддати келгунча минглаб йиллар керак бўлар эди.

Бундан ташқари, пластик чиқиндиларнинг кўплиги, ўрмонларнинг камайиб бораётгани, ҳавонинг ифлосланиши, музларнинг эриши ва денгиз сатҳининг кўтарилаётгани, сув ва озиқ-овқат хавфсизлигининг хавфда қолаётгани каби муаммолар ҳам Ер сайёрасини қийнаяпти.

Мавзуга оид