Жаҳон | 10:14 / 23.04.2023
9105
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда 60 яшар бемор пластик операциядан кейин вафот этди. Унинг ўлимига анафилактик шок сабаб бўлгани айтилмоқда

Операция тиббий лицензияси ва рухсатномаси бўлмаган шахс томонидан қилингани айтилмоқда.

Фото: iStock

Қозоғистон шарқида 1962 йилда туғилган аёл блефаропластика операциясидан сўнг вафот этган.

Жарроҳлик амалиёти вақтида аёлнинг аҳволи ёмонлашган ва зудлик билан реанимация бўлимига ётқизилган. Кўрсатилган ёрдамга қарамай унинг ҳаётини сақлаб қолиш имкони бўлмаган.

Дастлабки тахминларга кўра, унинг ўлимига анафилактик шок сабаб бўлган. Ҳолат юзасидан прокуратура томонидан жиноят иши қўзғатилган.

Маҳаллий ОАВ жарроҳлик операцияси гўзаллик салонида амалга оширилгани, операция тиббий лицензияси ва рухсатномаси бўлмаган шахс томонидан қилингани ҳақида хабар берган.

Блефаропластика операцияси кўз ва қовоқларнинг шаклини жарроҳлик йўли билан ўзгартиришни англатади. Ушбу турдаги амалиёт ортиқча тери ва ёғли шаклланишларни олиб ташлашни ўз ичига олади.

Эслатиб ўтамиз, 5 март куни Mittivine юмористик лойиҳаси асосчиси, таниқли блогер Фарҳод Маннопов ринопластика операциясидан сўнг вафот этганди. Текширувдан сўнг 27 яшар вайнерни операция қилган жарроҳ, тиббий хизмат кўрсатган анестезиолог ва реаниматолог, лаборант шифокор ҳамда ультратовуш текширувлари шифокорида малакавий тоифа бўлмагани аниқланганди.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид