Жамият | 15:35 / 23.04.2023
84753
3 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда аёл киши «самосуд» қилингани видеоси тарқалди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди

Бу ҳодиса 2022 йил ноябрида Денов туманида содир бўлгани аниқланди. Бунга гўёки жабрланувчининг бир миллион сўм қарзи бўлгани сабаб бўлган.

Фото: Сурхондарё ИИБ матбуот хизмати

Сурхондарё вилоятида аёл бир неча аёллар томонидан аёвсиз «самосуд» қилингани ҳақида хабарлар тарқалди. Вилоят Ички ишлар бошқармаси мазкур хабарларга муносабат билдирди.

Хабарга кўра, бир гуруҳ аёллар қарзини бермагани учун аёлни дўппослаб, қош ва сочларини кесиб, кийимларини йиртиб ташлашгани айтилаётган ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилди. Ҳолат 2022 йилнинг ноябр ойи охирларида, Денов тумани «Боғишамол» маҳалласи ҳудудида содир бўлган.

Сариосиё туманида яшовчи 1991 йилда туғилган Д.С. Денов туманида яшовчилар 2003 йилда туғилган Р.Г. ва Х.Н. исмли аёллар ўрталарида аввалдан мавжуд бўлган низолари юзасидан, ўзаро жанжаллашиб, Д.С.ни маҳалла ҳудудида уриб тан жароҳати етказган.

Ҳозирги кунда мазкур ҳолат юзасидан, Денов тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Терговга қадар текширув ҳаракатлари Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан назоратга олинган.

Вилоят прокуратураси ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

Тўпланган ҳужжатларга кўра, Денов туманида яшовчи аёл Г.Р. ўзига илгаридан таниш бўлган, шу туманда яшовчи аёл Н.Х. ва З.Ю. (эркак) билан бир гуруҳга бирлашиб, ўзига илгаридан таниш бўлган аёл С.Д.ни З.Ю. бошқарувидаги Nexia да Денов тумани «Боғишамол» МФЙ ҳудудига олиб келиб, гўёки 1 миллион сўм қарзи борлигини важ қилиб, С.Д.ни уриб-дўппослаган.

Бундан ташқари, ўзлари билан олиб келган қайчи билан сочларини кесиб, устара билан қошларини қириб, эгнида бўлган кийимларини ечиб яланғочлаб, ўзларининг бу ҳаракатларини видеотасвирга олиб, ижтимоий тармоқларга тарқатиб юборган.

«Мазкур ҳолат юзасидан 23 апрел куни Денов тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Г.Р. ва Н.Х.га нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) 2-қисми «б,в,г» бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, процессуал тартибда ушланган.

Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тергов ҳаракатлари туман прокуратураси томонидан назоратга олинган», дейилади хабарда.

Мавзуга оид