Ўзбекистон | 16:03 / 23.04.2023
23394
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда ЙПХ машинасидан қочган Gentra скутер ва Cobalt’ни уриб юборди

Қоидабузарнинг ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган.

Фото: Тошкент шаҳар ЙҲХБ матбуот хизмати

Тошкентда ЙПХ ходимлари қоидабузар ҳайдовчини қувлагани натижасида бир нечта машиналар шикастлангани ҳақида хабарлар тарқалди. Пойтахт ЙҲХБ матбуот хизмати ҳолат юзасидан маълумот берди.

Унга кўра, 22 апрел куни соат тахминан 23:00 ларда Яккасарой тумани, Шота Руставели—Муқумий чорраҳасида Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ЙПХ инспектори хизмат олиб бораётган вақтда 2001 йилда туғилган С.Х. (ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган) бошқарувида бўлган Gentra’га жезл ва ҳуштак ёрдамида тўхташ ишорасини берган, ҳайдовчи ЙПХ инспекторининг қонуний ишорасига бўйсунмасдан ҳаракатни давом эттирган.

Ҳайдовчининг хатти-ҳаракати ходимларда шубҳа уйғотган. Шундан сўнг Cobalt хизмат машинасида Gentra’нинг орқасидан кузатув олиб борилган ва махсус автомашинадаги овоз кучайтиргич орқали бир неча марта ҳайдовчига тўхташ ишораси берилган. Ҳайдовчи С.Х. эса ЙПХ инспекторларининг қонуний талабини бажармасдан Шота Руставели—Комил Яшин ҳамда Боғи Бўстон—Комил Яшин чорраҳаларида светофорнинг тақиқловчи қизил чироғига бўйсунмасдан, белгиланган меъёрий тезликни ошириб ҳаракатланган.

Комил Яшин—С.Сирожиддинов чорраҳасига келганда Gentra иккинчи даражали йўлдан чиқиб, асосий йўлдан келаётган скутерга йўл бермасдан тўқнашиб, Комил Яшин 1-тор кўчасидаги уй қаршисида йўл четида тўхтаб турган Cobalt’га бориб урилган.

Фото: Тошкент шаҳар ЙҲХБ матбуот хизмати 
Фото: Тошкент шаҳар ЙҲХБ матбуот хизмати 

Кузатув ишларини олиб бораётган ЙПХ инспекторлари Яккасарой туманида яшовчи, скутер ҳайдовчиси — 2004 йилда туғилган Ю.А. ҳамда Gentra йўловчиси — 2002 йилда туғилган И.С.га биринчи ёрдам кўрсатиб, тез тиббий ёрдам ходимлари орқали яқин атрофдаги шифохонага олиб боришган.

Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизматининг маълум қилишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми (маъмурий назорат қоидалари бузиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов давом этмоқда. 

Мавзуга оид