Ўзбекистон | 08:51 / 24.04.2023
9573
5 дақиқада ўқилади
Реклама

23 апрель куни Франция пойтахти Париж шаҳрида "O‘zbekistonlik. GENERATING IDEAS" халқаро форуми бўлиб ўтди

Фото: Uzbekistan’s Club

Бу Uzbekistan’s Club креатив жамоасининг мана шундай глобал миқёсдаги иккинчи форуми саналади. «O‘zbekistonlik» биринчи форуми 2022 йил 1 октябрь куни Германия пойтахти Берлин шаҳрида бўлиб ўтганди.

Париж форумида дунёнинг турли бурчакларида катта муваффақиятга эришиб, жаҳон тоифасидаги профессионалларга айланган 200дан ортиқ ватандошларимиз, Ўзбекистондан ташриф буюрган креатив ва медиа саноатининг етакчи вакиллари иштирок этишди. «O‘zbekistonlik. Generating Ideas»халқаро форумининг мақсади - хорижда муваффақиятга эришган ўзбекистонликлар ўртасида глобал нетворкинг майдонини яратиш, Ўзбекистон тараққиётига хизмат қилиши лозим бўлган муҳим масалаларда фикр алмашишдан иборат. Шу мақсадда форум давомида инсон капиталини ривожлантириш, экология ва яшил иқтисодиёт, рақамли технологиялар ва креатив соҳалар каби мавзуларда муҳокамалар панели бўлиб ўтди.

Форумда “O‘zbekistonlik” фильмининг учинчи қисми премьераси бўлиб ўтди. Муваффақиятга эришган ватандошларимиз ҳаётидан ҳикоя қилувчи фильмнинг навбатдаги эпизодида Страсбург филармония оркестри бадиий раҳбари ва дирижёри Азиз Шоҳакимов ва Shell компанияси IТ-архитектори Мадина Бердиеванинг ҳикоялари намойиш этилди. Эпизоднинг оммавий премьераси 26 апрел куни соат 18:00 да YouTube ва My5 телеканали орқали бўлиб ўтади.

Форум очилишида сўзга чиққан Ўзбекистоннинг Франция ва Португалиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сардор Рустамбоев лойиҳани қўллаб-қувватлашини, бу ўзбекистонлик ёшлар учун катта мотивация майдонига айланганини таъкидлади ва жамоага омад тилади.

Форумнинг энг асосий мавзуларидан бири Оролбўйи минтақаси муаммолари ва тобора йўқолиб бораётган Орол денгизи ҳақида бўлди. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Aral Dream нодавлат нотижорат ташкилоти жамоаси томонидан тайёрланган Оролбўйи муаммолари гирдобида яшаётган қорақалпоғистонликларга бағишланган “Туз ичидаги аёл” туркум лойиҳалари тақдимоти бўлиб ўтди. Лойиҳа қорақалпоғистонлик аёллар портрети, қисқа метражли фильм ва Орол денгизидан илҳомланиб тайёрланган модалар кўргазмасини ўз ичига олади. “Туз ичидаги аёл” лойиҳасининг мақсади иқлим ўзгариши ва унинг Оролбўйи минтақасида яшовчи аёллар ҳаётига таъсирига жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини жалб қилишдан иборат. Қисқа метражли фильмнинг онлайн премьераси 25 апрел куни araldream.com сайтида бўлиб ўтади.

Тадбир давомида, шунингдек форум меҳмонлари учун Uzbekistan’s club платформаси тақдимоти бўлиб ўтди. Халқаро миқёсда муваффақият қозониб келаётган ўзбекистонликларни бир ерга жамлаш мақсадида яратилган глобал платформанинг мақсади ушбу майдонни ўзбекистонликларнинг ақлий салоҳияти ҳабига айлантиришдан иборат. Тақдимотда хорижда муваффақиятга эришган ўзбекистонликлар энди Uzbekistans.club сайти орқали рўйхатдан ўтиб, ўзлари ҳақидаги маълумотларни қолдириш орқали Uzbekistan’s club жамоасига қўшилиши мумкинлиги маълум қилинди.

Томошабинлар “O‘zbekistonlik” фильмининг расмий саундтрекини реппер Конста томонидан жонли ижрода кузатиш имконига эга бўлди. Клип тадбир бўлаётган вақтда қўшиқнинг YouTube тармоғи орқали кўришлар сони 250 мингдан ортганди. Uzbekistan’s Club жамоаси хорижда муваффақиятга эришган ватандошларимиз ҳақида янада кўпроқ ҳикоялар бериш, янада кенгроқ аудиторияга бу ҳақда етказиш, шунингдек, янги трендлар яратиш мақсадида янги журнал яратишга қарор қилди. Uzbekistan’s Club журналининг илк сони навбатдаги «O‘zbekistonlik. Generating Ideas» форумида ўқувчилар эътиборига тақдим этилиши маълум қилинди.

Форум ҳамкорларидан бири Pepsi савдо белгиси билан биргаликда кулинар шоу тақдим этилди. Унда ўзбек миллий таомларидан бири бўлган норин тайёрлаш жараёни шоу тариқасида ташкил этилди. Лойиҳа ижодкорлари келгусида дунёнинг энг катта шаҳарларида ўзбек миллий таомлари фестивалини ташкил қилиш ва шу орқали ўзбек миллий таомларини тарғиб этиш мақсад қилинганини таъкидлаб ўтишди.

Форумни ташкил этишда энг катта кўмак берган, қадриятлари биз билан ўхшаш бўлган Ўзбекистоннинг йирик компаниялари Orient Group, Uzbekistan Airways, Pepsi, ANORBANK ва Ucell компанияси раҳбариятининг мурожаатлари тақдим этилди. Улар нима сабабдан мана шу лойиҳада Uzbekistan’s club жамоаси билан бирга эканликлари ҳақида сўзлаб беришди.

Навбатдаги «O‘zbekistonlik. Generating Ideas» халқаро форуми кузда дунёнинг йирик пойтахтларидан бирида бўлиб ўтади. Лойиҳа ижодий жамоаси бу йил ҳам фильмнинг янги эпизодларини суратга олиш ва премьера қилишни режалаштирган.

 Uzbekistan’s club матбуот хизматиⓉ

Мавзуга оид