Таълимни ривожлантириш маркази ташкил этилди. У катта ваколатларга эга бўлади
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг таълим стандартлари, ўқув дастурлари ва дарсликларга оид қатор ваколатлари Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик марказига ўтказилмоқда. Марказ хусусий ўқув курслари борасида муайян ҳуқуқларга эга бўлади. Ходимларига тўланадиган иш ҳақи миқдорлари Президент администрацияси ходимларининг маошларига тенг бўлади.
Президент “Илмий-методик ва тадқиқот ишлари сифатини ошириш орқали таълим тизимини комплекс ривожлантиришни жадаллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида” қарор имзолади.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази (Республика маркази)ни ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.
Белгилаб қўйилишича, Республика маркази:
- Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим марказининг 34 та штат бирлигини ҳамда фаолияти тугатилаётган Таълим сифатини баҳолашнинг халқаро тадқиқотлар миллий марказининг 18 та штат бирлигини;
- Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни татбиқ этиш марказининг 10 та штат бирлигини қисқартириш ҳисобига ташкил этилади;
- Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани Навоий кўчаси 30-уйда жойлашади.
Қуйидагилар Республика марказининг асосий вазифалари этиб белгиланди:
- таълим жараёнига инновацион педагогик технологияларни, ўқитишнинг самарали шакл ва усулларини, таълим сифатини баҳолаш ва мониторинг қилишнинг замонавий тизимларини жорий қилиш;
- мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари, шунингдек, қисқа муддатли, шу жумладан хусусий ўқув курсларнинг таълим стандартлари, ўқув режалари ва дастурларига қўйиладиган талабларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
- таълим ташкилотларида ўқитиш методикасини такомиллаштириш, замонавий талаблар ва илғор хорижий тажриба асосида янги дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни нашр қилиш, тажриба-синовдан ўтказиш ва экспертиза қилишни ташкиллаштириш;
- таълим ташкилотларининг раҳбар ва педагогик кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишнинг илғор шаклларини жорий қилиш, ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини узлуксиз ошириб бориш учун шарт-шароит яратиш;
- таълим ташкилотларидаги ўқув-тарбия жараёнлари ва кадрларни тайёрлаш сифатини мониторинг қилишда, таълим олувчиларнинг билими таълим стандартлари ва талабларига мувофиқлигини таҳлил қилишда иштирок этиш, Ўзбекистонда таълим сифати соҳасида халқаро дастурлар ва тадқиқотлар ўтказилишини ташкиллаштириш;
- таълим соҳасини ривожлантиришга қаратилган таҳлилий ва амалий тадқиқотлар ўтказиш, таълим жараёнида жаҳон илм-фани ва технологиялари ютуқларидан кенг фойдаланиш бўйича илмий ишланмалар ва тавсиялар тайёрлаш;
- таълим соҳасидаги илғор амалиётни ўрганиш ва тизимли таҳлил қилиш ҳамда уни республикада жорий этиш бўйича комплекс чора-тадбирларни қабул қилиш, етакчи хорижий илмий-тадқиқот ташкилотлари билан алоқаларни ривожлантириш.
Белгиланишича:
- Республика маркази томонидан ишлаб чиқилган ва тасдиқланган таълим стандартлари, ўқув режалари ва дастурларига қўйиладиган талаблар мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари, шунингдек, ўқув курслари учун мажбурий ҳисобланади;
- ваколатли давлат органлари мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари, шунингдек, ўқув курсларини лицензиялаш, аттестация ва давлат аккредитациясидан ўтказишни Республика маркази билан келишган ҳолда амалга оширади.
Мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари, шунингдек, ўқув курсларида ўқув-тарбия жараёнини ташкил қилишнинг янги тартиби ўрнатилади. Унга кўра, Республика маркази:
- таълим стандартлари, ўқув режалари ва дастурларига қўйиладиган талабларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;
- мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари учун янги дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни нашр қилиш, тажриба-синовдан ўтказиш ва экспертиза қилишни ташкиллаштиради;
- мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари ҳамда ўқув курсларини моддий-техник жиҳозлаш бўйича талабларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;
- ваколатли давлат органлари билан биргаликда мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари, шунингдек, ўқув курслари фаолияти сифатини назорат қилиш ва баҳолаш мезонларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;
- таълим стандартлари, ўқув режалари, дастурлари, дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларнинг самарадорлигини даврий ташкил қилади;
- таҳлил якунларига кўра ҳамда вазирликлар, идоралар ва кенг жамоатчиликдан келиб тушган таклифлар асосида таълим стандартлари, ўқув режалари ва дастурларига қўйилган талабларни такомиллаштириш буйича чоралар кўради.
Ваколатли давлат органлари Республика маркази талаблари асосида мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари, шунингдек, ўқув курслари учун таълим стандартлари, ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.
Қорақалпогистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари давлат мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотларини Республика маркази талабларига мувофиқ жиҳозлаш бўйича зарур чоралар кўради.
Республика марказига қуйидаги ҳуқуқлар берилмоқда:
- мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари, шунингдек, ўқув курсларида таълим сифатини ҳамда ўқув-тарбия жараёнининг таълим стандартлари, ўқув режалари ва дастурларига мувофиқлигини белгиланган тартибда мониторинг қилиш;
- ваколатли давлат органларига таълим стандартлари, ўқув режалари ва дастурлари талабларини бажармаган таълим ташкилотларига нисбатан қонунчиликда белгиланган чора-тадбирларни қўллаш бўйича тақдимномалар киритиш;
- ўтказилган илмий-тадқиқот ва таҳлилий ишлар натижаларини таълим ташкилоти, туман (шаҳар) ёки ҳудуд мисолида тажриба-синовдан ўтказиш;
- давлат органлари, етакчи илмий, таълим ва таҳлилий, шу жумладан хорижий муассасалар экспертларини шартнома асосида тадқиқотларга жалб этиш;
- дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни нашр қилиш, тажриба-синовдан ўтказиш ва экспертиза қилиш, таълим стандартлари, ўқув режалари ва дастурларига қўйиладиган талабларни ишлаб чиқиш учун, зарур ҳолларда, республика ва хорижий мамлакатлар олимлари ва мутахассисларидан иборат лойиҳа (ишчи) гуруҳларни, шу жумладан шартнома асосида тузиш;
- тадқиқотлар олиб бориш ва кадрлар тайёрлаш, дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларга нисбатан лизенция ҳуқуқларини кейинчалик уларни таржима қилиш, мослаштириш, ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш имкониятлари билан бирга сотиб олиш бўйича халқаро ташкилотлар, жамғармалар, маҳаллий ва хорижий тадқиқот марказлари ва ўқув муассасалари билан шартномалар тузиш;
- ислоҳотлар жараёнига нодавлат таълим ташкилотларини жалб қилиш, улар билан ишларни бажариш тўғрисида битимлар тузиш;
- ўзига юкланган вазифаларни амалга ошириш учун ижро этувчи ҳокимият органларидан статистик, таҳлилий ва бошқа ахборотларни сўраб олиш;
- ноширлик фаолиятини амалга ошириш, ахборот-таҳлилий шарҳлар, маърузалар ва бошқа нашрлар чиқариш;
- ўз фаолият йўналишлари бўйича консалтинг ва эксперт-таҳлилий хизматлар кўрсатиш, ушбу вазифаларни амалга ошириш учун ташкилий-ҳyқyқий тузилмаларни ташкил этиш;
- Республика марказига юкланган вазифаларни амалга ошириш учун халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг кредитлари ва грантларини жалб қилиш;
- ваколатли давлат органлари билан биргаликда таълим ташкилотларида таълим сифатини ошириш ва ўқув жараёнини ташкил этишга тааллуқли масалалар юзасидан қонунчиликда белгиланган чораларни қўллаш.
Белгиланишича:
- Республика маркази давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади;
- Республика маркази фаолиятига умумий раҳбарлик Ўзбекистон Республикаси Президентининг фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва маданият масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлинмалари томонидан амалга оширилади;
- Республика марказига Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади;
- Республика маркази директори Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган икки нафар ўринбосарга эга бўлади;
- Республика маркази ходимларига Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрақиясининг Ижро этувчи аппарати ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари ва иш ҳақи миқдорлари татбиқ этилади;
- давлат органлари раҳбарлари Республика марказига ҳар томонлама кўмаклашади, жумладан, марказ ўз вазифаларини бажариши учун унга зарур шарт-шароит яратади, шунингдек, сўралган маълумотларни ўз вақтида тақдим этади, таҳлиллар якунига кўра киритилган материаллар ва тавсияларни кўриб чиқади.
Республика марказига 2023 йил 1 июлгача Президент администрациясига қуйидагилар бўйича таклифлар киритиш топширилди:
- таълим олувчиларнинг қизиқишлари ва қобилиятларини инобатга олган ҳолда умумтаълим ташкилотларининг ўқув режалари ва дастурларини табақалаштириш;
- таълим ташкилотлари учун дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни ишлаб чиқиш, тажриба-синовдан ўтказиш ва экспертиза қилиш тартибини такомиллаштириш;
- таълим жараёнига ушбу йуналишдаги илғор амалиётларни (MELQO, TIMSS, PISA, EQVET ва бошқалар) ҳисобга олган ҳолда таълим сифатини баҳолаш ва мониторинг қилишнинг замонавий методларини жорий қилиш.
Республика марказининг ходимлари умумий сони 62 нафардан иборат тузилмаси тасдиқланди.
Республика маркази директорига қуйидаги ҳуқуқлар берилмоқда:
- Президент администрацияси билан кeлишгaн ҳолда, зарур ҳолларда, марказнинг тасдиқланган тузилмасига ходимларининг белгиланган умумий сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш;
- марказ фаолиятини молиялаштиришнинг бюджетдан ташқари манбалари ҳисобидан Республика маркази ходимларининг қўшимча штат бирликларини киритиш.
Республика маркази фаолиятини молиялаштиришнинг асосий манбалари қуйидагилар бўлади:
- Давлат бюджети маблағлари;
- вазирликлар, идоралар ва муассасалар томонидан уларнинг буюртмалари асосида тадқиқотлар ва баҳолаш ишларини олиб боришга ажратиладиган маблағлар;
- ўз фаолияти йўналишлари бўйича шартнома асосида консалтинг, эксперт-таҳлил ва бошқа кизматларини кўрсатишдан тушадиган маблағлар;
- халқаро молия институтлари ва донор ташкилотларнинг грантлари ва мақсадли маблағлари;
- қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
Ташқи ишлар вазирлиги Республика марказига хорижий тадқиқот муассасалари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйишда, шунингдек, уларнинг малакали мутахассисларини жалб этишда кўмаклашади.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Республика марказига янги тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда марказнинг интеллектуал-таҳлилий салоҳиятини ривожлантириш учун халқаро донорларни жалб қилишда кўмаклашади.
Мавзуга оид
14:33 / 21.11.2024
Нега ўзбек ота-оналари боласини рус синфларига беради?
11:43 / 20.11.2024
2025 йилда 252 та янги боғча барпо этилади
20:51 / 18.11.2024
“Қуроллар қанчалик замонавий бўлмасин, миллий ғурурсиз иш битмайди” — мактабларга ҳарбий дарслар нега керак?
15:13 / 18.11.2024