Ўзбекистон | 07:45 / 25.04.2023
119627
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда кейинги узоқ дам олиш кунлари қачон кузатилиши маълум бўлди

Бу йил Рамазон ҳайитида ўзбекистонликлар кетма-кет тўрт кун дам олди.

Фото: Getty Images

Ўтган йилнинг декабр ойида президент расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва 2023 йилда дам олиш кунларини кўчириш тўғрисидаги фармонни имзолаган эди. Давлат раҳбари жорий йилнинг 20 апрел куни янги фармони билан юқоридаги ҳужжатга ўзгартиришлар киритди.

Янги фармонга кўра, иш ҳафтаси туридан қатъи назар, 30 июн (жума) барча ходимлар учун қўшимча дам олиш куни деб эълон қилинди.

Бундан ташқари, 6 кунлик иш ҳафтасига эга бўлган ишчилар учун 1 июл (шанба) қўшимча дам олиш куни бўлади.

Аввалроқ Ўзбекистон мусулмонлари идораси бу йил Рамазон ҳайити 21 апрел, жума кунига тўғри келиши ҳақида қарор қабул қилгани ҳақида хабар берилганди. Қурбон ҳайитининг аниқ санаси йўқ, у Рамазон ҳайитидан 70 кун ўтгач нишонланади.

2023 йилда Қурбон ҳайити 29 июн (пайшанба) куни нишонланиши мумкин. Бироқ, ҳозир турли манбаларда саналар ҳар хил - 28 июндан 30 июнгача. Хусусан, Татаристон мусулмонлари диний бошқармаси Қурбон ҳайити 28 июн куни нишонланади, деб ҳисоблаяпти.

Ўзбекистонда аниқ сана байрамга яқинроқ белгиланади. Қонунчиликка кўра, байрам куни бир кунга кечиктирилиши мумкин.

Шундай қилиб, Қурбон ҳайитда Ўзбекистон аҳолиси камида уч кун кетма-кет дам олади:

- 2023 йил 30 июн (жума) - иш ҳафтаси туридан қатъи назар, барча ходимлар учун қўшимча дам олиш куни;

- 2023 йил 1 июл (шанба) - 6 кунлик иш ҳафтаси бўлган ходимлар учун қўшимча дам олиш куни;

- 2023 йил 2 июл (якшанба) тақвим бўйича дам олиш куни ҳисобланади.

Қурбон ҳайити 29 июн (пайшанба) куни нишонланса, ўзбекистонликлар қаторасига тўрт кун дам олади.

Мавзуга оид