Жаҳон | 11:27 / 25.04.2023
8188
2 дақиқада ўқилади

Тихановская: Украина эркинлиги - Беларуснинг ҳам эркинлиги

Беларус мухолифати етакчисига кўра, Беларусда кўпчилик Украинани қўллаб-қувватламоқда, юзлаб беларуслик кўнгиллилар Украина томонида жанг қилмоқда.

Фото: dpa

Беларуснинг эркинлиги Украинанинг Россия билан урушда ғалаба қозониши зарурий шартидир, Украина ва Беларус тақдири бир-бири билан чамбарчас боғлиқ, деди Беларус мухолифати етакчиси Светлана Тихановская 24 апрель, душанба куни Берлиндаги «Озодликни муҳокама қилиш» йиллик тадбирида сўзлаган нутқида. 

«Эркин Украинасиз эркин Беларус бўлмайди ва эркин Беларуссиз хавфсиз Украина бўлмайди», деди у. Тихановская, шунингдек, у Украина томонида юзлаб беларуслик кўнгиллилар жанг қилаётганидан фахрланишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Россиянинг расмий иттифоқчиси ҳисобланган қўшни давлатдан камида 18 нафар кўнгилли Украинани ҳимоя қилишда ҳалок бўлган. 

Тихановская Беларус партизанларини ҳам эслатди. «Фақат 2022 йилда Беларус темирйўл партизанлари рус қўшинларини тўхтатиш учун 80 та қўпорувчилик ҳаракатларини амалга оширди», деди Беларус президентлигига собиқ номзод. Унинг сўзларига кўра, «Россиянинг геноцид урушини қўллаб-қувватловчи (Александр) Лукашенко режими ва украиналиклар билан биргаликда жангари империяни даф этаётган беларус халқини фарқлаш муҳим». 

Март ойи бошида Минск шаҳар суди Светлана Тихановскаяни сиртдан 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Тергов унга бир вақтнинг ўзида ўнта айблов қўйди: унвон ва ҳокимиятни рухсатсиз тортиб олиш, миллий хавфсизликка қарши ҳаракатларда хорижий давлатга ёрдам бериш, ҳокимиятни эгаллаб олиш учун фитна уюштириш, нафрат уйғотиш, экстремистик тузилма яратиш, МСК ишига тўсқинлик қилиш ва бошқалар. 

Мавзуга оид