Спорт | 08:33 / 26.04.2023
22752
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда ўсмирлар ва ёшлар ўртасида байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича Осиё чемпионати старт олди

Самарқанддаги эшкак эшиш канали соҳилида уч йил муддат ичида қуриб фойдаланишга топширилган “Ипак йўли” халқаро туризм маркази жаҳон аҳамиятига молик тадбирлар ўтказилгани билан тилларга тушди. Энди бу ерда нуфузли спорт мусобқалари ҳам ўтказилмоқда.

Ушбу объект қурилиши асносида, 1980 йилда халқаро андозаларга мослаб барпо этилган эшкак эшиш канали ҳам қайта таъмирланди. Секин аста бу масканда Осиё ва Жаҳон кубоклари ва чемпионатлари, саралаш турнирлари ўтказилиши кўзда тутилган.

Ана шундай нуфузли турнирларнинг дастлабкиси Самарқандда ташкиллаштирилмоқда. 25 апрел куни учинчи марта ташкиллаштирилаётган ёшлар ва ўсмирлар жамоалари ўртасида байдарка ва каноэда эшкак эшиш, шунингдек параканоэ бўйича Осиё чемпионати байроғи Самарқандда кўтарилди.

Осиё чемпионати очилиш маросимини россиялик таниқли спорт шарҳловчиси Дмитрий Губерниев олиб борди.

Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов спортчиларни қутлаб, Осиё чемпионатини очиқ деб эълон қилди. Ёшлар сиёсати ва спорт вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов ҳам сўз олиб, ўсмирлар ва ёшларга муваффақият тилади.

Шундан сўнг ўзбекистонлик ва хориждан келган ёш спортчиларга концерт дастури тақдим этилди.

Қайд этиб ўтиш керак, ушбу чемпионатда Осиёнинг 11 тавлатидан 800 дан зиёд спортчилар иштирок этмоқда. Ўзбекистон терма жамоаси яккалик ва жамоавий мусобоқаларда жами 80 дан зиёд спортчилар билан қатнашади.

Мусобақалар 26 апрелдан 30 апрелгача бўлиб ўтади. Томошабинларни Ўзбекистонлик спортчиларни қўллаб-қувватлаш учун Самарқанддаги “Ипак йўли” халқаро туризм марказида жойлашган эшкак эшиш каналига таклиф этиб қоламиз.

Умидхон Маърупов, Жаҳонгир Алибоев.
Kun.uz

Мавзуга оид