Жамият | 14:01 / 29.04.2023
22955
3 дақиқада ўқилади

“Оёғим протез эканини кўпчилик билмайди” – синовларда синмаган велосипед устаси ҳикояси

Абдужаббор Рўзиматов 6 ёшлигида бахтсиз ҳодиса сабаб бир оёғидан айрилган. Қишлоқдагилар уни велосипед устаси сифатида яхши танишади. Яроқсиз ҳолга келган велосипедларни таъмирлаб бозорда сотади. Уйида новвос боқади. Деҳқончилик қилади. У Россияда қурилишда ишлади, рус фермаларида қорамол парваришлади. Фарғонанинг Учкўприк туманида яшовчи 51 ёшли қаҳрамонимиз ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳаётдан завқ олиб яшашга интилиб келган.

“Ёшлигимда трактор музлама йўлдан келаётиб йўналишини ўзгартириб устимизга келиб урилиб 5-6 метргача судраб борган. Автоҳалокат сабабли чап оёқни кесиб ташлашга мажбур бўлганмиз.

Боғчага ҳам ҳассага суяниб қатнардим. Кейинчалик протез тақишга кўникдим. Протез туфайли ўзимни эркин ҳис қиламан. Бозорларга бориб келаман. Протезсиз ҳам томорқа ишларини бемалол уддалайман. Қорамолларга қарайман, велосипед таъмирлайман.

25 йилдан бери велосипед таъмирлаб бозорга олиб бориб сотиб келаман. Бир ҳафтада бозорга 15 та велосипед олиб чиқаман. Тирикчилигим шу касбдан. Пандемия ҳар бир хўжаликка таъсир қилди. Ўша пайтда асосий транспорт воситаси велосипед бўлиб қолгани сабабли харидорларга етказа олмай қолган кунлар бўлди. Омборлардаги велосипедлар ҳам сотилиб кетди.

Уйланишимда турмуш ўртоғим ногиронлигимни юзимга солмади. У тақдири азал олдида ожизлигимизни тан олди. Икки ўғил ва бир қизим, икки неварам бор. Яратганга шукр айтаман. Ўзимни худди тўрт мучаси соғлом одамдек ҳис қиламан.

Яқинда бозорда қизиқ ҳолат юз берди. Ёнимдаги сотувчи протез оёғимга бехос тегиб кетди. Ва шундагина оёғим ҳақиқий эмаслигини билди. Аҳамият бермаганлар оддий соғлом одам деб билишади.

Ногиронлар футбол командаси тузганмиз. Тез-тез йиғилиб футбол ўйнаб турамиз. Невараларимга оёғим протез эканини билдирмасликка ҳаракат қиламан. Улар ухлаган пайтда протезни ечаман. Болажонларга бу ҳолат салбий таъсир қилишини хоҳламайман.

То уйғонгунларича яна жойига кийиб оламан,” – дейди Абдужаббор ака Рўзиматов.

Сарвар Зиёев,
Абдусалим Абдувоҳидов

Мавзуга оид