Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкентда Ўзбекистон президентининг Германияга ташрифи олдидан халқаро тадбир ўтказилди
Шу кунларда Ўзбекистон президентининг Германияга расмий ташриф билан бориши кутилмоқда. Тошкентда бўлажак ташрифга бағишланиб “Ўзбекистон – Германия – ҳамкорликнинг янги уфқлари” мавзусида халқаро конференция ўтказилди.
Марказий Осиё халқаро институтида “Ўзбекистон – Германия – ҳамкорликнинг янги уфқлари” мавзусида халқаро конференция ўтказилди. Тадбир Шавкат Мирзиёевнинг Германия Федератив Республикасига бўлажак расмий ташрифига бағишланди.
Иштирокчилар сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги Ўзбекистон-Германия ҳамкорлигининг сўнгги йилларда эришилган натижалари ва икки томонлама муносабатларнинг кейинги истиқболлари юзасидан фикр алмашди.
Халқаро анжуманда Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов Германия Ўзбекистоннинг асосий ва вақт синовидан ўтган, ишончли ҳамкорларидан бири эканини таъкидлади.

“Бугунги кунда Германия Ўзбекистоннинг энг йирик бешта савдо ва инвестиция ҳамкорлари қаторига киради. 30 йил ичида биринчи марта Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми бир миллиард доллардан ошди.
Ўзбекистонда немис бизнесининг улуши ўсиб боряпти, шунга мос равишда ўзлаштирилган немис инвестициялари ҳажми икки баравар - 700 миллион доллардан 1,5 миллиард долларгача кўпайган.
Германия барча ҳамкорларимиз орасида Ўзбекистон иқтисодиётини модернизация қилиш учун зарур бўлган замонавий машина ва ускуналарнинг энг йирик етказиб берувчиси ҳисобланади.
Буларнинг барчаси Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиши ва унинг иқтисодиётини диверсификациялашга муҳим ҳисса бўлиб қўшилмоқда” – деди Элдор Арипов
Тадбирда Германиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Тило Клиннер ҳам иштирок этди. У тадбир доирасида Германия ва Ўзбекистон ҳамкорлигининг фундаментал масалаларини муҳокама қилиш имкони яратилганидан мамнунлигини билдирди.

“Бугун дунё кўп жиҳатдан ўзгарди, бизда янги масалалар бор. Хусусан, Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан келиб чиққан геостратегик муаммолар мавжуд. Бундан ташқари иқлим ўзгариши каби узоқ муддатли муаммолар ҳам бор.
Ишларимиз фақатгина савдо ёки сиёсий масалаларга тааллуқли эмас, Ўзбекистон билан ҳамкорлигимиз кенг қамровли ва барқарор.
Германия ва Ўзбекистон ўртасида кўпроқ иқтисодий муносабатлар ривожланган, ҳозирда савдо айирбошлаш 107 фоизга ўсди, бу жуда муҳим, биз жуда кўплаб инвестицияларни янгиладик. Айни пайтда Президентнинг Германияга ташрифини кутмоқдамиз. Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийлари муносабатларимизни янада ривожлантиришга туртки бўлмоқда” , – дейди Германиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Тило Клиннер.
У Ўзбекистон Президентининг Германияга расмий ташрифи бироз ортда қолаётган ўзаро модернизация бўйича ҳамкорликнинг ривожланишига туртки бўлишига умид билдирди.
Тадбирда таъкидландики, икки давлатнинг маданий-ижтимоий соҳалар бўйича ҳамкорлигида ҳам ўсиш кузатиляпти. Жумладан, Ўзбекистон мактабларида 2016 йилда 236 минг ўқувчи немис тилини ўрганган бўлса, бугунда уларнинг сони 500 мингга яқинлашган. Немис тили ўргатиладиган умумий ва ўрта махсус таълим муассасалари сони 950 тадан 1 300 га етди. Германиянинг турли олий ўқув юртлари ва илмий марказларида 700 нафардан зиёд ўзбекистонлик талабалар таълим олишмоқда.
Маълумот учун, халқаро тадбирда сиёсий-шакллантирувчи доиралар, парламент аъзолари, дипломатик корпус, бизнес ҳамжамиятлари, икки мамлакат вазирликлари ва идоралари вакиллари қатнашди. Конференцияда, шунингдек, Конституциявий референдумга кузатувчи сифатида таклиф этилган Европа, Яқин Шарқ, Осиё, Американинг етакчи таҳлилий марказлари экспертлари ҳам иштирок этди.
Мавзуга оид
17:20 / 30.04.2025
ЎзМУдаги халқаро конференцияда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши муҳокама қилинди
12:02 / 24.02.2025
Трамп Германиядаги сайловларнинг дастлабки натижаларига муносабат билдирди
10:38 / 24.02.2025
Германияда парламент сайловлари. Консервативлар биринчи ўринни эгаллади
10:01 / 24.02.2025