Уманда кўп қаватли уйга урилган ракета ва украинларнинг жавоби. Уруш суратлари
Украинада урушнинг 429-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
- Россия 28 апрел куни 9 март кунидан буён илк бор Украина ҳудуди бўйлаб ёппасига зарбалар йўллади. Уманда ракета тўққиз қаватли уй подъездини вайрон қилиши оқибатида 23 киши ҳалок бўлган, қурбонлар орасида беш нафар бола ҳам бор.
- Донецк ўққа тутилиши оқибатида снаряд маршруткага келиб урилган, тўққиз киши ҳалок бўлган. Аннексия қилинган шаҳар мэри Алексей Кулемзинга кўра, қурбонларнинг бири — саккиз ёшли қизалоқ эди.
- Еврокомиссия Украина қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ЕИ ҳудудига олиб киришга чекловлар бўйича келишиб олди. «Украина билан ҳам келишилган битимнинг муҳим элементлари: Полша, Словакия, Болгария ва Венгрия томонидан импортга қўйилган миллий чекловлар бекор қилиниши; тўрт турдаги маҳсулотлар — буғдой, жўхори, колза ва кунгабоқар учун алоҳида эҳтиёт чоралари жорий этиш, ЕИнинг беш мамлакатида жабрланган фермерлар учун 100 миллион евро миқдоридаги қўллаб-қувватлаш пакети», — дея хабар берган Еврокомиссия раҳбари ўринбосари Валдис Домбровскис.
- РФ ҳукумати нефт ва газ қазиб олиш бўйича статистик маълумотларни эълон қилишни тўхтатди. Бу маълумотларсиз мустақил таҳлилчилар, масалан, ЯИМ бўйича прогноз қила олишмайди.
- Путин давлатга хиёнат учун умрбод озодликдан маҳрум этиш ҳақидаги қонунни имзолади.
Умандаги турар жойга зарба
Россия 28 апрелга ўтар кечаси Украина шаҳарларини ёппасига ўққа тутди. Днипропетровск, Черкасс ва Киев областлари, жумладан Киев шаҳрига зарбалар йўлланган. Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужнийнинг маълум қилишича, Россия жами 23 та қанотли ракета учирган, шундан 21 таси уриб туширилган.
Ракеталардан бири Черкасс областининг Уман шаҳридаги тўққиз қаватли уйга келиб урилган. 23 киши ҳалок бўлган, уларнинг беш нафари болалар. Шунингдек атрофдаги ўнга яқин кўп квартирали уйлар ҳамда 30 га яқин автомобиллар ҳам шикастланган. Шаҳарда уч кунлик мотам эълон қилинди.
РФ мудофаа вазирлиги ҳар кунги сводкасида «узоқ масофага аниқ борувчи қуроллар билан йўналтирилган зарбалар берилгани»ни тасдиқлаган. Вазирлик маълумотига кўра, ҳужумлар «рақибнинг захира кучлари дислокация пунктлари бўйлаб» берилган. «Зарбадан мақсадга эришилди. Барча белгиланган объектлар аниқ нишонга олинди. Украина қуролли кучлари денгиз пиёдалари бўлинмалари ҳарбий ҳаракатлар ҳудудига ҳаракатланишига йўл қўйилмади», — дейилади Мудофаа вазирлиги баёнотида. Зарбалардан бир неча соат ўтиб РФ мудофаа вазирлиги телеграм-каналида «Точно в цель» ёзуви ва «ГероиZ» ҳештеги акс этган картинка пайдо бўлганди.
Донецк ўққа тутилиши оқибатлари
Аннексия қилинган «ДХР» раҳбари Денис Пушилин 28 апрел куни маълум қилишича, Украина қўшини Донецкнинг марказий районларини ўққа тутди. Снарядлардан бири одамлар кетаётган маршруткага урилган — автобус тўлиқ ёниб кетган. Аннексия қилинган шаҳар мэри Алексей Кулемзиннинг сўзларига кўра, шаҳарда тўққиз киши ҳалок бўлиб, 16 киши яраланган. Кулемзин қурбонларнинг бири саккиз ёшли қизча бўлганини маълум қилди. Украина ҚК Донецкка ҳужум юзасидан изоҳ бермади.
Мавзуга оид
21:05
Фронтдаги вазият: Россия ҳарбийлари Курск областида қарши ҳужумга тайёрланмоқда
20:11
Россия Курск областига ҳужум учун 50 минг кишилик қўшин тўплади — NYT
19:02
The Guardian: Буюк Британия ҳукумат алмашганидан кейин Украинага ракеталар етказишни тўхтатди
13:30