Ўзбекистон | 17:50 / 30.04.2023
9062
2 дақиқада ўқилади

“Овозимиз муҳимлигидан хурсандмиз” – участкага боролмаган фуқароларнинг овози кўчма қутиларда йиғиляпти

Пойтахтлик 82 ёшли Собиржон бобо Алиев референдумда ўзи бориб, овоз беришни ният қилиб юрганди. Бироқ кутилмаган бетоблик бунга тўсқинлик қилди. Аммо отахоннинг истаги барибир амалга ошди: у ўз конституцион ҳуқуқидан фойдаланиб, референдумда овоз берди. 

Ҳудудларда кексалиги ёки соғлиги сабабли референдум участкаларига боролмаётган фуқароларнинг овозлари кўчма қутилар орқали йиғиляпти. Хусусан, Тошкент шаҳридаги 279-референдум участкасида рўйхатга олинган 89 нафар ана шундай овоз берувчининг хонадонига борилди.

“Доим сайлов, референдум жараёнларига фаол қатнашганман. Бугун, 30апрель халқимиз учун муҳим кун. Аслида референдумда қатнашиш учун участкага бориб овоз бермоқчийдим, аммо яқинда оёғим синганлиги сабабли чиқолмадим. Лекин участка аъзолари кўчма қути билан келишди. Мен ҳам овоз бердим. Менинг овозим ҳам кераклигидан хурсанд бўлдим”, – дейди Собиржон Алиев.

Муяссар Собитова ҳам шундай имкониятдан фойдаланиб овоз бериш жараёнида қатнашди.

“Фарзандларим эрталабдан референдум участкасига ўзлари бориб овоз бериб келишди. Мени эса кексалигим сабабли сарсон қилмаслик учун уйга участка аъзолари ўзлари келишди. Мен ҳам овоз бердим”, – дейди онахон.

Шу тариқа бетоблиги ёки кексалиги туфайли референдум участкаларига боролмаган фуқаролар ҳам овоз бериш имконига эга бўлишмоқда. 

Мавзуга оид