Ўзбекистон | 11:39 / 01.05.2023
13132
4 дақиқада ўқилади

“Ҳалоллик билан ҳамма нарсага эришиш мумкин” — боғбонлик ортидан Тошкентдан уй олган ота ҳикояси

Асли бўкалик боғбон Кўчиммурод Маматов фарзандларининг ҳаваси ортидан Тошкент шаҳрига келган. У қизининг ўқиши учун қишлоқдаги бор будини сотган. Қийинчиликларга қарамай барча фарзандини ўқитиб, олий маълумотли қилишни ният қилган. Ҳозирда у учта жойда боғбонлик қилиб, рўзғор тебратади.

Кўчиммурод Маматов дарахтларга шакл бериш, пайвандлаш, кўчат қилишни отасидан ўрганган. Гарчи ота-онаси унинг олий маълумотли бўлишини истаган бўлса-да, қаҳрамонимиз оиладаги молиявий қийинчиликлар сабаб ўқишни давом эттирмасликка қарор қилади.

“Отамга ёрдам беришим керак эди. Онам 52 ёшида вафот этган. Улар 20 йил қанд касали билан оғриган, касалхонага олиб бориш, дори-дармон қилиш менинг бўйнимда эди. Онамни даволатиш учун шаҳарга келиб-кетиб юрганман. Отам бу ишларга тушунмасди.

Ёшлик пайтимизда тўйларда курашларда қатнашардим. Югуриш, кураш мусобақаларида ғолиб бўлиб, уйимга совринлар олиб борардим. Жисмонан бақувват бўлганим учун мактабдаги дўстларим Брюс Ли деб лақаб қўйишганди”, – дея ёшлигини хотирлайди у.

Унинг айтишича, ҳашар йўли билан уй қуради, унга кўчиб чиққач эса манзарали дарахтлар етиштиришга қизиқиб қолади. Кўчатларни бозорда сотиб рўзғор тебратади. Ҳовлисида мевали дарахтлардан боғ яратади.

“Ҳовлимиздаги боғимизга одамлар келиб суратга тушишарди. Шафтоли, ўрик, гилос каби ҳар хил мевали дарахтлар эккандим, ер бўш қолмаслиги учун дарахтлар орасига сабзавотлар экардим. Кези келганда бозордан фақат ёғ билан туз сотиб олардик. Ҳамма нарса томорқамиздан чиқарди”,– дейди у.

Аммо саккиз йилча аввал уйини сотиб Тошкент шаҳрига кўчиб келган. Унинг айтишича, бунга фарзандларининг шаҳарда яшаш ҳаваси ва ёшлигида ўзига берган ваъдаси сабаб бўлган.

“Ўзим ўқий олмаганим учун қизларим, ўғлимни ўқитаман деб ўзимга сўз берганман. Фарзандларимга ўқиш кераклигини уқтирдим. Катта қизим уч йил тайёрланиб, Тошкент давлат юридик университетига ўқишга кирди. Контрактга киргани учун қийналиб қолдим. Менга кўмаклашиш учун катта қизим синглисини шаҳарда бирга ишлаймиз деб чақириб олди. Ўзим шаҳарга келишни истамасдим. Қизларим мени пойтахтга олиб келиш учун кейин онасини ҳам чақирди. Бир ўзим қолиб кетдим, кейин мажбур бўлдим келишга. Уй олишга пулимиз йўқ эди”, – дейди боғбон.

Кўчиммурод Маматов уч жойда боғбонлик қилади. Ҳар куни соат 17:00гача Адиблар хиёбонида, ундан кейин бир соат Ёзувчилар уюшмаси боғида, дам олиш кунлари эса ўзи яшаётган маҳаллада боғбонлик қилади.

“Уй олган жойимда кўп қаватли турар жой биносини қурган одамлар боғбонлигимни эшитиб иш таклиф қилишди. Дам олиш кунлари ўша ерда ишлайдиган бўлдим. Маҳалламиз дарахтларини парвариш қиламан, атрофнинг ободлигига масъулман. Бир иш жойимдан 2 млн, биридан 2,5 млн, яна биридан 1 млн ойлик оламан. Уйга тўлашга етиб турибди, Худога шукр. Болаларим топган даромад эса бошқа нарсаларга кетади. Одамлар бу ишдан бирор нимага эришиб бўлмайди, дейишади. Йўқ, ҳалоллик билан, меҳр билан ишласа, эришса бўлади. Тушкунликка тушган пайтларимиз ҳам бўлган. Ҳамманинг бошида бор бундай вазият. Лекин оиламиз билан бир-биримизга далда бериб биргаликда енгиб ўтдик”, – дейди у. 

Кўчиммурод аканинг айтишича, у уч фарзандини ҳам олий маълумотли, билимли, малакали кадрлар сифатида эл-юртига хизмат қилаётганини кўриш умидида яшамоқда.

Мавзуга оид