Жамият | 23:04 / 01.05.2023
52168
5 дақиқада ўқилади

Икки эркак тергов жараёнида қийноққа солингани айтилмоқда. ИИВ муносабат билдирди

ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовнинг таъкидлашича, қийноққа солингани иддао қилинаётган шахслар оғир жиноятларни содир этишда гумонланиб қўлга олинган ва тезкор тадбир чоғида қаттиқ қаршилик кўрсатишгани сабабли махсус хизматлар томонидан уларга нисбатан жисмоний куч ишлатишга тўғри келган.

Ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов фейсбукдаги саҳифасида тергов органлари томонидан фуқаролар қийноққа солинаётган ҳолатлар мавжудлиги ҳақида ёзди.

“Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятига мурожаат қилган Наманган вилояти Поп тумани Чодак қишлоғида яшовчи Дониёр Тўрахўжаев босқинчиликда гумонланган 40 яшар укаси Дилшоджоннинг 12-15 апрель кунлари Тошкент шаҳар ИИББ тергов бўлимида шафқатсиз қийноқларга солингани, оғзи ва қўллари скотч билан боғланиб, ноинсоний қийноқларга солинганини иддао қилган.

Суриштирув, адвокатлари ва гувоҳлар билан суҳбатлардан сўнг маълум бўлдики, Дилдошжон Тўрахўжаев ҳақиқатан ҳам фуқаро кийимидаги жиноят қидирув бўлими ходимлари, қора махсус кийимдаги “ажал фаришталари” ва терговчилар томонидан мажбурий кўрсатма олиш мақсадида қийноққа солинган”, дейилади “Эзгулик” жамияти матбуот хизмати номидан тарқатилган хабарда.

Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов йирик уюшган жиноий гуруҳ тадбиркорларга нисбатан товламачилик қилиб уларни қўрқув остида ушлаб келгани, улар илгари оғир турдаги жиноятлар билан бир неча маротаба судлангани ҳамда ниҳоятда тажовузкор экани сабабли махсус кучларни жалб этган ҳолда қўлга олинганини билдирди.

“2023 йилнинг 12 апрель куни ИИВ Тезкор қидирув департаменти Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси, Тошкент шаҳар ИИББ, Наманган вилояти ИИБ ҳамда ДХХ ходимлари томонидан Тошкент шаҳри ва Наманган вилояти ҳудудларида ўтказилган тезкор тадбирлар жараёнида бир неча ойлар давомида тадбиркорларга нисбатан товламачилик қилиб уларни қўрқув остида ушлаб келаётган йирик уюшган жиноий гуруҳнинг 10 нафар аъзолари қўлга олинган.

Гуруҳ аъзоларининг илгари оғир турдаги жиноятлар билан бир неча маротаба судланганликлари ҳамда ниҳоятда тажовузкор эканликлари инобатга олиниб, Ички ишлар органларининг махсус кучлари жалб этилган ҳолда қўлга олинганлар ва зарарсизлантирилганлар. Гумондорларнинг ёнидан, олдиндан махсус тайёрланган 2 дона ўткир тиғли жисм, бир нечта скотч, ички ишлар органлари ходимларининг дала формалари, резина қўлқоплар, 0,7 грамм “опий” гиёҳвандлик моддаси, трамадол таблеткаси ва спорт сумкаси далилий ашё сифатида олинган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 164-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, гумондорларни бошқа бир қатор оғир жиноятларга алоқадорликлари текширилмоқда. Барчаси ўрнатилган тартибда ҳимоя билан таъминланган”, дейилади расмий баёнотда.

Абдураҳмон Ташанов айни пайтда жазони ижро этиш муассасасида сақланаётган яна бир эркакка нисбатан қийноқ қўлланганини таъкидлаб, ҳар икки ҳолатга доир суратларни ҳам эълон қилган.

“Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 251-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этишда гумонланиб, Тоштурмада сақланаётган 29 яшар Ҳасанбой Абдунабиевга нисбатан содир этилган қийноқ натижасида у салкам ногиронга айланиб қолди. Унинг баданига электрошокер воситасида етказилган зарар сиз кўраётган расмларда ҳам акс этган. Унинг моматалоқ баданидаги жароҳатлар ҳануз кетгани йўқ”, дея таъкидлайди ҳуқуқ фаоли.

ИИВ матбуот котиби томонидан эълон қилинган расмий муносабатда қийноққа солингани иддао қилинаётган шахс қўлга олинаётганда қаттиқ қаршилик кўрсатгани, шу сабабли махсус хизматлар томонидан унга жисмоний куч ишлатилгани, эркакнинг танасидаги моматалоқ ишлари шунинг асоратлари экани келтирилади.

“Жорий йилнинг 6 апрель куни Божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш бошқармаси ҳамда ДХХ томонидан Тошкент шаҳри ҳудудида кучли таъсир қилувчи заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда эгаллаган фуқаро Х.А. қўлга олиш жараёнида қаттиқ қаршилик кўрсатганлиги сабабли, махсус хизматлар томонидан жисмоний куч ишлатилиб қўлга олинган.

Ҳозирда гумонланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 251- прим 1 моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, бошқа оғир турдаги жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда. Гумонланувчи процессуал тартибда ҳимоя билан таъминланган”, дейилади баёнотда.

Абдураҳмон Ташанов томонидан эълон қилинган суратларда Ҳасанбой Абдунабиевнинг баданида электрошокер қолдирган излар яққол кўринган.

“Эзгулик” жамияти қийноққа солингани иддао қилинаётган шахсларнинг адвокатларига таяниб, ушбу қонунбузарликларни яширишга уринишлар бўлаётганини билдириб, Бош прокуратурани юқоридаги ҳолатлар бўйича чуқур текширувлар ўтказиш ҳамда Қийноқларга қарши миллий превентив механизмлар гуруҳи фаолиятига ҳуқуқий баҳо беришга чақирган.

Шоҳрух Ғиёсов ҳар икки ҳолатда гумондорларнинг мунтазам равишда спорт билан шуғулланиб келгани, илгари кўчада турли муштлашувларда қатнашгани аниқланган бўлиб, ҳозирда учинчи шахслар орқали илгари мавжуд бўлган жароҳатларини пеш қилган ҳолда, ижтимоий тармоқларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига нисбатан ишончсизлик ва носоғлом шов-шув уйғотиш мақсади кўзланаётгани ҳақида маълумотлар мавжудлиги, ҳар бир ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилаётганини қўшимча қилган. 

Мавзуга оид