Ўзбекистон | 20:23 / 01.05.2023
36169
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда янги таҳрирдаги Конституция кучга кирди

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси 30 апрел куни ўтказилган референдум якунлари тўғрисида қарор қабул қилди.

Фото: Kun.uz

Қарорга асосан, “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни референдумда умумхалқ овоз бериш орқали қабул қилинган деб тан олинди.

Қонун мазкур қарор расмий эълон қилинган кун – 1 майдан эътиборан кучга кирган деб ҳисобланади.

МСК қарори билан, референдум натижалари қуйидагича бўлгани тасдиқланди:

  • референдумда овоз берувчи фуқаролар рўйхатига киритилган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг умумий сони – 19 722 809 нафар;
  • овоз бериш бюллетенларини олган фуқароларнинг сони – 16 667 097 нафар;
  • овоз беришда иштирок этган фуқароларнинг сони – 16 667 097 нафар ёки овоз берувчи фуқаролар рўйхатига киритилган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг умумий сонидан 84,51 фоиз;
  • референдумга қўйилган масала бўйича ёқлаб “Ҳа” деб берилган овозлар сони – 15 034 608 ёки овоз беришда иштирок этган фуқароларнинг 90,21 фоизи;
  • референдумга қўйилган масалага қарши “Йўқ” деб берилган овозлар сони – 1 558 817 ёки овоз беришда иштирок этган фуқароларнинг 9,35 фоизи;
  • ҳақиқий эмас деб топилган овоз бериш бюллетенларининг сони – 73 672 та.

Комиссия ўз қарорини ижрога қаратиш учун Олий Мажлис палаталари ва президентга юборади.

Мавзуга оид