Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тадбиркорларнинг банкдаги ҳисобидан ноқонуний пул ечиб олганлик учун жавобгарлик киритилмоқда
Агар тадбиркорнинг банкдаги ҳисобидан унинг розилигисиз ноқонуний тарзда пул ечиб олинса ёки ортиқча ундирилган пул ўз вақтида қайтарилмаса, бу ҳолат биринчи мартасида маъмурий, кейингисида эса жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланяпти. Тегишли қонун 3-4 май кунлари Сенат ялпи мажлисида кўрилади.
Олий Мажлис Сенати кенгашининг бугун, 1 май куни бўлиб ўтган мажлиси юқори палатанинг қирқинчи ялпи мажлисини 3-4 май кунлари ўтказиш ҳақида қарор қабул қилди.
Сенат матбуот хизмати хабарига кўра, видеоконференцалоқа тарзида ўтадиган ялпи мажлисда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақидаги иккита қонун кўриб чиқилади.
Шунингдек, айрим қонунларга тадбиркорларнинг банк ҳисобварақларидаги пул маблағлари дахлсизлигини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонун ҳам кун тартибига киритилган.
Қонун билан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимча модда киритилиб, банк ҳисобварақларидаги пул маблағларини тадбиркорлик субъектларининг розилигисиз қонунга хилоф равишда ўтказиш ёки олиб қўйиш ёхуд ортиқча ундирилган пулни ўз вақтида қайтармаслик ҳолати бўйича айбдорга базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баробаридан 40 баробаригача (6,6 млн сўмдан 13,2 млн сўмгача) миқдорда жарима солиниши белгиланмоқда.
Бу ҳуқуқбузарликни маъмурий жазо қўлланилгандан кейин ҳам содир этишга жиноят деб қаралади. Бунинг учун Жиноят кодексига базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баробаридан 300 бараваригача миқдорда жарима, содир этилган жиноятнинг тоифасига қараб 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланмоқда.
Қайд этилишича, қонун тадбиркорликни ва мулк ҳуқуқини ҳимоя қилишни кучайтиришга хизмат қилади.
Тошкентда солиқ органининг ноқонуний ҳаракати шов-шувга сабаб бўлди. Икки мулозим лавозимидан олинди
Расмий хабарда қўшимча қилинишича, Сенат ялпи мажлисида халқаро келишувларга оид иккита қонун ҳам кўриб чиқилади, улар қуйидагилар:
- “Халқаро меҳнат ташкилотининг ходимларни иш жойидаги ҳавонинг ифлосланиши, шовқин ва тебранишлар туфайли юзага келадиган касбий хавф-хатардан ҳимоя қилиш тўғрисидаги 148-сонли конвенциясини (Женева, 1977 йил 20 июнь) ратификация қилиш ҳақида”;
- “Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан Тожикистон Республикаси ҳукумати ўртасида форс-мажор ҳолатларда давлат авиацияси ҳаво кемалари томонидан ҳаво ҳудуди ва аэродромлардан фойдаланиш соҳасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги битимни (Душанбе, 2021 йил 10 июнь) ратификация қилиш ҳақида”.
Мавзуга оид
12:23 / 28.05.2025
Ҳайвонларни идентификация қилиш жараёнлари тартибга солинади
16:22 / 01.05.2025
Ерости сувларидан ҳисоблагичсиз фойдаланганда солиқ тўлови беш баробар оширилади
16:21 / 30.04.2025
Олий суд таркибига ўзгартириш киритилди
13:00 / 30.04.2025