Ўзбекистон | 09:10 / 02.05.2023
9626
2 дақиқада ўқилади

Фурқат Сиддиқов Жо Байденга ишонч ёрлиғини топширди

Ўзбекистоннинг АҚШдаги янги элчиси Фурқат Сиддиқов президент Жо Байден билан учрашиб, ишонч ёрлиқларини топширди.

Фото: Twitter / Furqat Sidiqov

"Ҳозиргина ишонч ёрлиқларини топшириш маросимидан олинган суратларни олдим. Президент Жо Байден билан учрашиш мен учун катта шараф бўлди.

Мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, стратегик шериклигимизни янада мустаҳкамлашга интиламан", деб ёзди Фурқат Сиддиқов Twitter'да.

3 март куни Олий Мажлис Сенати Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси лавозимига Фурқат Сиддиқов номзодини маъқуллаганди.

Фурқат Сиддиқов 1971 йил 7 февралда Тошкентда туғилган. 1993 йилда Тошкент давлат техника университетини тамомлаган. UzDaewoo Electronics ҚКда бош мутахассис (1993−1995), Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақавий тадқиқотлар институтида ходим, катта илмий ходим, етакчи илмий ходим (1995−2002, 2007−2011) лавозимларида ишлаган.

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасида атташе (2002−2007), ушбу элчихонанинг биринчи котиби (2011−2015), Ўзбекистоннинг Покистондаги элчиси (2015−2020) лавозимларида ишлаган.

Фурқат Сиддиқов 2020 йил майда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари бўлган, 2022 йил ноябридан ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.

2017 йилдан буён Ўзбекистоннинг АҚШдаги дипломатик миссиясини Жавлон Ваҳобов бошқариб келаётган. 

Мавзуга оид