Ўзбекистон | 09:44 / 03.05.2023
1084
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Корея ишлаб чиқарувчилари саноат технопарки ташкил этилади

Фото: Dunyo

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров минтақада ўз инвестицион лойиҳасини амалга оширишни режалаштираётган 15 нафардан иборат Жанубий Корея ишбилармонларнинг катта гуруҳини қабул қилди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Ҳоким бошчилигидаги Фарғона вилояти расмийлари ҳамда тадбиркорларидан иборат делегациянинг жорий йил 27-30 март кунлари Кореяга ташрифи давомида Сеулда Жанубий Корея тадбиркорлари билан олиб борилган музокаралар натижасида Фарғона шаҳридаги Экошаҳар мажмуасининг тегишли кичик саноат зонаси ҳудудида Корейс ишлаб чиқарувчилари саноат технопарки ташкил этиш ҳамда қатор компанияларнинг ишлаб чиқариш корхоналарини жойлаштириш бўйича ҳамкорлик битимлари имзоланган эди.

Олиб борилган музокаралар натижасида Incense Korea, Herbtherapy (хушбўй атирлар), Juno cosmetics, Samhee (косметика), Techon System (сенсорли қурилмалар), Korea Electric Lighting (автоном лампалар), Yeowoon (заргарлик буюмлари), Daeha Solutech (кабель ишлаб чиқариш), Juil (ёнғинга қарши ҳимоя воситалари) ва бошқа компанияларнинг ишлаб чиқариш корхоналарини жойлаштириш бўйича ҳамкорлик битимлари имзоланган.

Фарғона бўлиб ўтган учрашувда ушбу компаниялар раҳбарлари ҳамда бошқа қатор сармоядорлар иштирок этдилар. Кореялик тадбиркорлар кун давомида вилоятнинг потенциали ҳақида етарли маълумотга эга бўлишганини қайд этиб, ўз лойиҳаларини амалга ошириш бўйича амалий ишга киришишга тайёр эканликларини маълум қилишди.

Фарғона шаҳридаги Экошаҳар мажмуасининг тегишли кичик саноат зонаси ҳудудида Корея ишлаб чиқарувчилари Саноат технопарки ташкил этиш бўйича Сеулдаги музокараларда эришилган келишувни ҳаётга татбиқ этиш ҳамда аниқ инвестицион лойиҳаларни ишлаб чиқишга киришишларини билдирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид