Жаҳон | 17:02 / 03.05.2023
53262
2 дақиқада ўқилади

Кремл Украина Путин қароргоҳига зарба беришга урингани ҳақида хабар берди. Асосий маълумотлар

Кремл Украина Путиннинг қароргоҳига дронлар воситасида зарба беришга уринганини маълум қилди.

Фото: «Осторожно, новости» телеграм-канали

3 майга ўтар кечаси украинларнинг иккита дрони Владимир Путиннинг Кремлдаги қароргоҳига ҳужум қилишга уринди. Бу ҳақда Кремл матбуот хизмати хабар берди. 

«Ҳарбийлар ва махсус хизматларнинг радар жанговар тизимларидан фойдаланган ҳолда ўз вақтида кўрган чоралари натижасида қурилмалар ишдан чиқди. Уларнинг қулаши ва парчалари сочилиши оқибатида жабрланганлар йўқ ва моддий зарар етказилмаган»,  дея хабар берган РИА Новости Кремл баёнотига таянган ҳолда. 

Кремлдан маълум қилишларича, ҳужум оқибатида Владимир Путин жабрланмаган, унинг иш графигига ўзгартириш киритилмаган. Шунингдек, хабарда айтилишича, Россия томони «ўзи хоҳлаган жойда ва вақтда жавоб чораларини кўриш» ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.

РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг айтишича, зарба вақтида Путин Кремлда бўлмаган. Кремл ҳужумни режалаштирилган террорчилик ҳаракати, Россия президенти ҳаётига суиқасд деб атади.

Кремл хабари эълон қилинишидан олдин Москва мэри Сергей Собянин 3 май кунидан эътиборан пойтахтда дрон учириш тақиқланиши ҳақида эълон қилганди. «Бу қарор ҳуқуқ-тартибот идоралари ишини мураккаблаштириши мумкин бўлган учувчисиз учиш аппаратларидан рухсатсиз фойдаланишнинг олдини олиш мақсадида қабул қилинган», дея изоҳ берган у.

Ижтимоий тармоқларда Кремл ҳудудида тутун пайдо бўлгани акс этган видеолар тарқалди. Ҳудудда яшовчилар «момақалдироқ»ни эслатувчи «баланд овоз»ни эшитишган.

Гувоҳларнинг ёзишича, тутун чиқишидан аввал портлаш овози эшитилган, Кремл деворларида чироқ кўтарган одамлар пайдо бўлган. Шунингдек, Кремлдаги баъзи чироқлар ўчирилган.

Мавзуга оид