Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“18 йилдирки ижарада яшайман...” – Тошкентда ижара нархлари тушмоқда, бу нимадан дарак?
Оммабоп эълонлар сайтлари, ижарага ихтисослашган турли каналлар маълумотлари шуни кўрсатмоқдаки, пойтахтда ижара қиймати аста-секин, аммо сезиларли даражада пасаймоқда. Албатта, гап ижаранинг арзон бўлиб кетгани ҳақида кетмаяпти. Нархлар 2022 йилга нисбатан бироз тушган.
Расмий маълумотларга қараганда март ойида кўчмас мулк ижараси ўртача 7 фоизга пасайган бўлса, апрель ойида ҳам бу тенденция давом этган. Эълонларга жавобан бўлаётган қўнғироқлар, бозордаги таклифларга кўра, яқин бир неча ой олдин 500 АҚШ долларига топширилаётган хонадонлар бугун 400-450 дан берилаётганини, 300 долларга харидорлар орасида талаш бўлган квартираларга бугун талаб ҳаминқадарлигини гувоҳи бўлиш мумкин. Демак, вазият бозор чўққисига чиқиб, маълум жиловланишга тушганини англатади.
Эътибор қаратиш зарур бўлган муҳим жиҳат – нарх тушиши бюджет вариантларга, яъни баҳоси 300 долларгача бўлган хонадонлар баҳосига жиддий таъсир қилгани йўқ.
Хўш, бунга нима сабаб бўлди?
1. Россия омили. Жуда кўпчилик релокантлар уруш туфайли Ўзбекистонга келди. Аммо уларнинг аксарияти учун Тошкент вақтинча бошпана эди. Узоқ режа тузганлари ҳам бу ерда муносиб иш, ҳаётдаги ўрнини топа олмади ва қайтиб ёки бошқа давлатларга кета бошлади;
2. Иқтисодий омил. Аҳоли даромадлари барқарор эмас, инфляция муттасил ошиб бормоқда. Бундай пайтда қиммат ижарага талаб пасаяди. Қимматининг нархи тушиши эса нисбатан арзонига ҳам таъсир қилади;
3. Тошкент ёшлар учун олдингидек жозибадор эмас. Пойтахтда иш топиш, оилани таъминлаш борган сари қийинлашмоқда. Вилоятларда даромад у қадар катта бўлмаса-да, нисбий арзонлик ортидан кун кўриш мумкин. Энди айрим ёшлар республиканинг бошқа нуқталаридан ҳам иш излаяпти;
4. Жорий йил қишида Тошкентнинг коммунал муаммолардан холи яшаши ҳақидаги афсонасига путур етди. Аномал совуқда кўриндики, пойтахт аҳолиси вилоятларнинг истаса ўтин ёки кўмир ёқиш имконига эга бўлган аҳолисига нисбатан ҳам қийин аҳволда қолди. Бу ҳам Ўзбекистон марказига интилишни пасайтирди;
5. Мавсумий омил. Ёз яқинлашмоқда, бу ижарага бўлган талаб табиий пасаядиган пайт. Сентябрда, ўқишлар бошланган пайтда бозор яна жонланиши, нархлар кўтарилиши мумкин.
Ижарада яшовчилар бу вазиятда нима қилишлари керак?
Бу маълумотлар билан танишиб, дарҳол уй эгасига ультиматум қўйиш ва нархни туширишни талаб қилиш ярамайди. Чунки тахминан 50 доллар иқтисод қиламан деб, яшаб турган уйингиздан чиқиб кетиш ўзини мутлақо оқламайди. Маклерга воситачилик тўлови, кўчиш харажатлари, адаптация жараёни — тежаладиган пулни фойдасиз ҳолатга келтириб қўяди.
Лекин тенденция шу тарзда давом этса, мулкдорга вазиятни ётиғи билан тушунтириш, нархни қайта кўриб чиқишни таклиф қилиш мумкин.
Ҳозир дастлабки ютуқ – ижара нархлари муттасил ошиб бориши тўхтади. Энди пасайиш жараёни ҳеч бўлмаса бир мавсум давом этса, кўпчилик ижарачилар учун чинакам енгиллик бўларди.
Илҳом Ашуров, ижарага ихтисослашган риэлтор:
“Ҳозир 350 долларлик вариантлар кўп, лекин уларга олдингидек харидор йўқ. Кўпроқ 200-250 доллар атрофидаги уйларга талаб бор, лекин бундай нархларга уйлар олдин йўқ эди, ҳозир ҳам кам. Бу яқин кунларда олий ўқув юртлари ўқиш мавсумининг якуни, талабаларнинг таътилга чиқиши, кунлар исиши ва вилоятларда дала мавсумий ишлари қизғинлиги билан боғлиқ бўлса керак.
Охирги марта Чилонзорнинг энг қиммат ҳудуди, 1-кварталда 2 хонали уйни 320 долларга топширдим. Бунинг учун роса 20 кун харидор изладим. 3-4 ой олдин бундай уйларга нари борса икки кунда ижарага олувчи топиларди”.
Ижарада яшовчилар фикрлари
Маълумот учун: Ижаранинг ойлик даромадга нисбати бутун дунёда ўзига хос индекс ҳисобланади. Агар инсон ўз даромадининг 30 фоизини ижара учун сарфласа, ўзини иқтисодий жиҳатдан мустақил ҳисоблаши ва оиласи бюджетини ривожлантириши мумкин. Агар ижара даромаднинг 40 фоизидан ошса, оғирлик қила бошлаши, 50 фоиз ва ундан юқори кўрсаткичларга чиқиши инсонни мураккаб вазиятга тушириши аниқланган.
Ҳабиба Усмонова, ҳуқуқшунос:
– Ижарага 400 доллар тўлаймиз ва бу эримнинг ойлигининг ярмини ташкил қилади. Ёш болам борлиги сабаб эрим қўшимча ишлашга ҳам мажбур бўлмоқда. Уй эгаси билан гаплашдик, аммо унинг нархни тушириш нияти йўқ. Шунинг учун турар жойимизни ўзгартирмоқчимиз.
Уй сотиб олиш режамизда бор. Лекин бунақа қиммат ижара ва тирикчилик харажатлари ҳам ошгани сабаб уй учун пул тўплаш имконимиз йўқ. Ипотекага олиш учун эса ҳеч бўлмаганда биринчи тўлов учун маблағингиз бўлиши керак. Бундан ташқари, ипотека фоизлари баланд, тақдим қилинаётган уйларнинг сифати ҳам алоҳида ўрганиладиган масала.
Иккинчи қаҳрамон:
– Ёшим 28 да, айни дамда талаба дўстларим билан бирга 350 доллар тўлаймиз. Кейинги ой уйланмоқчиман, шундан сўнг ўзим алоҳида уй олишимга тўғри келади. Олдимда иккита йўл қолади, ё шунча пулни амаллаб топиш, ё вилоятга қайтиб кетиш. Вилоятда эса иш йўқ...
Ҳозир 5 млн сўм маош оламан. Бундан буён ярмидан кўпи ижарага кетиши керак бўлади. Шунинг учун масофавий иш қидиришга мажбурман. Мулкдорлардан нархни туширишни сўраш бефойда деб ўйлайман.
Уй нархлари валютада ҳисобланади. Нарх тушганини ҳис қилмадик, кўтарилиш темпи пасайди холос. Сентябрдан яна 50$-100$ атрофида ошса керак. Чунки талабалар оқими жуда катта. Бу нархларга таъсир қилади. Ойлик эса ижара нархига нисбатан паст.
Имконим бўлган заҳоти ипотекага уй сотиб олиш ниятидаман.
Учинчи қаҳрамон:
– Ижарага 300 доллар тўлайман ва бу умумий даромадимнинг тахминан 40 фоизини ташкил қилади. Меники каби нисбатан арзон уйларнинг нархлар тушгани йўқ, назаримда. Турар жойимни ўзгартириш ниятим ҳам йўқ, чунки ишимга қулай.
Ҳар бир ёш оила каби менинг ҳам орзум ўз уйимга эга бўлиш. Масаланинг ечими бўйича шахсий таклифим ҳам бор – давлат ишида ишловчилар учун ташкилот кафолати асосида (масалан, менинг ишхонам бунга рози) бошланғич тўловсиз уйлар олишга рухсат берилса. Чунки ойлик маошимнинг 60-70 фоизини ҳам тўлашга розиман. Мақсад нима қилиб бўлса-да бошпанали бўлиш. Натижада давлатимиз, ўзимнинг соҳамни хотиржам ривожлантириш ва келажак ҳақидаги аниқ натижаларни тасаввур қиламан. Ижарада яшовчилар давлатимизнинг оғриқли нуқталаридан. Шахсан ўзим 18 йилдан бери ижарада яшайман...
Тўртинчи, пулдор ва камёб қаҳрамон:
– 300 доллар тўлаб ижарада тураман ва бу даромадимнинг 12 фоизини ташкил қилади. Ижара уйимни ўзгартириш, нархни туширишни сўраш ниятим йўқ. Чунки яқинда янги қурилаётган уйлардан сотиб олган уйимга кўчиб ўтаман. Янги уй учун дастлабки тўлов сифатида 12 минг доллар тўладим. Қолгани 20 ой давомида 15,5 млн сўмдан тўланади. Ҳозир тўловларни амалга ошириб боряпман.
Бешинчи қаҳрамон:
– 350 доллар тўлаб яшайман ва бу даромадимнинг тахминан 60 фоизини ташкил қилади. Уй эгаси билан нархни бир йилга келишганмиз, тушириш ҳақида гаплашиб бўлмайди. Бўлиб тўлаш орқали уй сотволишни ният қиляпмиз. Айтайлик, бошланғич тўловга қанчадир бериб, ойига 1000 доллардан уч йил тўлайдиган бўлса ҳам ёмон эмас эди. Лекин шунақаси чиқмаяпти-да.
Ижара нархини кун сайин оширишларидан албатта хафаман. Руслар каби қочқинлар келади, кетади, бизнинг оқибатимиз кўтарилмасин. Халқимиз бир-бирини қўлласин. Ҳадемай сентябрь келади, талабалар яна кўчада қолади. “Кўпгина ётоқхоналар қурилади” дейилганигаям уч йил бўлдими?..
Кўринадики, ижара баҳоси тушиши фақат янги харидоргагина нисбий енгиллик бериши мумкин. Олдин яшаб турганлар айни пайтда таваккалчиликка йўл қўя олмайди. Аммо бу жараён давом этиши, аста-секин умумий бозорга таъсир қилмай қўймайди. Бу ерда муҳим омил – уй жойларни сотиб олиш ҳам бор. Ҳозирча ижарадан фарқли равишда кўчмас мулк баҳоси муттасил ошиб бормоқда. Бу эса ижара баҳоси яна кўтарилишига туртки бўлиши мумкин. Чунки ҳеч ким қиммат сотиб олган хонадонини арзонга ижарага беришдан фойда кўрмайди.
Аброр Зоҳидов