Қатлга 2 соат қолганда ўз жонига қасд қилган Ҳерман Гёринг. Нацистларни қандай суд қилишган эди?
1945 йилнинг ноябр ойида Германиянинг Нюрнберг шаҳрида тарихда биринчи марта ўн миллионлаб одамларнинг умрига зомин бўлган жаҳон урушини қўзғаган сиёсий режимнинг жиноий қилмишлари кўриб чиқиладиган суд жараёни бошланди. Ушбу суд Европа мамлакатларига қарши Ҳитлер агрессияси тарихига нуқта қўйиш билан бирга янги жаҳон урушларининг олдини олишга хизмат қилувчи халқаро ҳуқуқнинг янги нормалари шаклланиши учун ҳам замин бўлган эди.
Кайзер Вилҳелм биринчи ҳарбий жиноятчи сифатида
Давлат бошлиқларини ҳарбий жиноятлари учун жазолаш масаласи илк бор Биринчи жаҳон урушидан сўнг кўтарилган эди. Ўшанда Германия императори Вилҳелм иккинчига урушни бошлаш айби қўйилган. Бироқ кайзер Нидерландиядан сиёсий бошпана топган ва ушбу давлат ҳукумати императорни ғолиблар қўлига топширишдан бош тортган эди.
Оқибатда «халқаро ахлоқ қоидалари ва шартномаларни мисли кўрилмаган даражада оёқости қилган»ликда айбланишига қарамай Вилҳелм иккинчи ошини ошаб, ёшини яшаб вафот этди, Иккинчи жаҳон урушининг бошларида Париж ҳитлерчилар томонидан босиб олинганини эшитди. Унинг вафотидан уч ҳафтача вақт ўтгач Германия Совет иттифоқига ҳужум қилган эди.
Қасос ҳақида икки хил фикр
СССР ҳукуматининг 1942 йил 14 октябрдаги «Ҳитлерчи босқинчилар ва уларнинг шерикларининг босиб олинган Европа мамлакатларида содир этган ёвузликлари учун жавобгарлиги тўғрисида»ги баёнотида биринчи марта Германия нацистларининг раҳбарларини суд қилиш масаласи кўтарилган эди. Айнан ушбу ҳужжатда Учинчи рейх раҳбарларини суд қилиш учун халқаро трибунал ташкил қилиш ғояси илгари сурилган.
1943 йилнинг ноябрида СССР, АҚШ ва Буюк Британия ташқи ишлар вазирларининг Москва конференцияси протоколи, унинг бандларидан бири сифатида «Содир этган ваҳшиёна ишлари учун ҳитлерчиларнинг жавобгарлиги тўғрисида»ги декларация имзоланди. Унда жиноятчилар қилмишни қаерда содир этган бўлса ўша давлатнинг қонунлари бўйича жавобгарликка тортилиши назарда тутилди. Шу билан бирга «декларация кирдикорлари муайян географик жойлар билан боғлиқ бўлмаган ва иттифоқчилар ҳукуматларининг қўшма қарори билан жазоланадиган бош жиноятчилар масаласини қамраб олмаслиги» алоҳида таъкидланди.
Иттифоқчиларнинг қўшма қарори 1945 йилгача ишлаб чиқилмади. Чунки совет тарафи очиқ суд ўтказилишини ҳар қанча талаб қилмасин, иттифоқчилар бунга қаршилик қилиб келишди. Буюк Британия бош вазири Уинстон Черчилл Учинчи рейх раҳбарларини суд ва сўроқсиз отиб ташлаш керак деб ҳисоблар, АҚШ президенти Франклин Рузвелт ҳам шундай фикрда эди.
Суд қилиш керакми ё жойида отиб ташлаш керакми?
1944 йилда АҚШ ва Буюк Британия раҳбарлари Сталинга масалани судсиз ҳал қилишнинг яна бир вариантини — ушланганидан ва шахси аниқланганидан кейин бир соат ичида отиб ташланиши керак бўлган 100 та бош жиноятчининг рўйхатини тузишни таклиф қилишди. Совет раҳбари бунга кўнмади.
Ғарб раҳбарлари энг катта нацистларни суд ва сўроқсиз гум қилишга интилишининг иккита сабаби будир: аввало уларни суд қилиш учун етарли юридик база мавжуд эмас эди, иккинчидан эса суд жараёнида антиҳитлер коалицияси вакилларининг ўзини ноқулай вазиятга солиб қўядиган фактлар ошкор бўлиб қолиши мумкин эди.
Совет иттифоқи фақат Учинчи рейх раҳбарларини жазолаш учунгина эмас, нацистлар давлатининг бошқарув тузилмалари ва ташкилотларини суд тартибида жиноий тузилма ва ташкилот деб топиш учун ҳам суд жараёни ўтказилишини талаб қиларди, бу эса ушбу ташкилотларнинг аъзоси бўлганларнинг ҳаммасини жавобгарликка тортиш имконини берарди.
1945 йилнинг февралида ўтказилган Ялта конференциясида энг катта ҳитлерчиларни жазолаш масаласи яна бир бор ўртага ташланди. Сталин бош ҳарбий жиноятчилар суд қилиниши керак деган фикрни билдирди. Рузвелт ҳам шу фикрда эди. Черчилл буни хоҳламаётгани юз-кўзидан билиниб турса-да, умумий қарорга қўшилишга мажбур бўлди. Аммо Буюк Британия бош вазири бош жиноятчилар устидан ўтказиладиган суд юридик эмас, сиёсий акт бўлиши керак деб шарт қўйди. Энг катта фашистлар уларни нима кутаётганини билиб қўлидаги ҳарбий асирлардан ўч олишни бошлаб юбормасликлари учун уч раҳбарнинг келишувлари ҳақида ҳеч қандай ахборот чоп этилмади.
Оламшумул суд жараёни
Американинг очиқ ва ошкора суд жараёни ўтказилишини талаб қилган етакчи юристлари бу борада ўзлари билмаган ҳолда Сталин билан ҳамфикр чиқиб қолишди. Айнан профессионал юристларнинг фикри Рузвелтни суд ўтказиш ғоясини қўллаб-қувватлашга ундади.
1945 йил 3 май куни, ташқи ишлар вазирларининг Сан-Францискодаги учрашувида халқаро судни ташкил қилиш ҳақида узил-кесил келишиб олинди.
1945 йилнинг 26 июнидан 8 августигача ўтказилган Лондон конференциясида СССР, АҚШ, Буюк Британия ва Франция юристлари Халқаро ҳарбий трибунал ҳақидаги битим ва унинг уставини ишлаб чиқишди. Уставда тинчликка қарши жиноятлар ва ҳарбий жиноятлар билан бирга инсониятга қарши жиноятлар учун ҳам жазо белгиланди. Инсониятга қарши жиноятларга Германиядаги нацистларга мухолиф бўлган ҳар қандай кучларни йўқ қилиш, сиёсий, ирқий ва диний мотивларга кўра таъқиб қилиш, халқларни жисмонан ва маънан йўқ қилиб юборишга қаратилган қилмишлар киритилди.
Юристлар олдида жуда қийин вазифа — ғоят қисқа муддатда суд жараёни учун юридик база яратиш, СССР ва Францияда амал қилинадиган роман-герман (континентал) ҳуқуқ тизими билан Буюк Британия ва АҚШда амал қилинадиган инглиз-америка ҳуқуқ тизимини мувофиқлаштириш вазифаси турар эди.
Халқаро ҳарбий трибуналнинг устави Гаага ва Женева конвенцияларига, БМТнинг ўтмишдоши бўлган Миллатлар лигасининг қарор ва шартномаларига асосланган ҳолда ишлаб чиқилди. ХҲТ уставида аввалги суд жараёнларида қўлланмаган ўзига хос жиҳатлар ҳам бор эди. Уставнинг 6- ва 9-параграфларида муайян гуруҳлар ва ташкилотлар ҳам айблов субъекти бўлиши мумкинлиги белгиланган эди. 13-моддада суд жараённинг боришини мустақил белгилашга ҳақли эканлиги эътироф этилган эди.
Кейинчалик трибуналнинг устави яна 19 та давлат томонидан тан олингач, Нюрнберг трибуналини норасмий равишда «халқлар суди» деб атай бошладилар.
Айбланувчилар ва «тақиқланган мавзулар»
1945 йил 8 август куни Халқаро ҳарбий трибунал томонидан суд қилинадиган шахслар рўйхати тасдиқланди. Унга ўлгани ўша пайтда аниқ тасдиқланган Адолф Ҳитлер, Ҳенрих Ҳиммлер ва Йозеф Геббелс киритилмади, Мартин Борман номи эса сиртдан бўлса ҳам киритилди (унинг ўлгани ўн йиллардан сўнг тасдиқланади).
Бормандан ташқари рўйхатдаги яна икки кишини суд қилиб бўлмади. Немис саноатчиси Густав Крупп шол бўлгани учун суддан қутулиб қолган бўлса, Германия меҳнат фронти раҳбари Роберт Лей суд жараёни бошланишига бир неча кун қолганда Нюрнберг турмасида ўзини ўзи осиб ўлдирди.
Натижада Учинчи рейхнинг сиёсий ва ҳарбий раҳбариятининг 21 вакили — Ҳерман Гёринг, Рудолф Ҳесс, Иоахим фон Риббентроп, Вилҳелм Кейтел, Эрнст Калтенбруннер, Алфред Розенберг, Ҳанс Франк, Вилҳелм Фрик, Юлиус Штрейхер, Ялмар Шахт, Валтер Функ, Карл Дёниц, Эрих Редер, Фриц Заукел, Балдур фон Ширах, Алфред Йодл, Франц фон Папен, Артур Зейсс-Инкварт, Алберт Шпеер, Константин фон Нейрат, Ҳанс Фриче суднинг қора курсисига ўтирғизилди.
Судланувчилар тинчлик ва инсониятга қарши суиқасдни ташкил қилиш ва амалга оширишда (ҳарбий асирларни ўлдириш, аҳолини қийнаш ва ўлдириш, жамоат мулки ва хусусий мулкни талаш, қуллар меҳнатидан фойдаланиш тизимини йўлга қўйиш ва б.да), ўта оғир ҳарбий жиноятларни содир этишда айбландилар. Шунингдек қўриқлаш отрядлари(СС)ни, хавфсизлик хизмати (СД) ҳам шунга киради, давлат махфий полицияси(гестапо)ни, штурм отрядлари(СА)ни жиноий деб топиш, Германия қуролли кучларининг олий мартабали қўмондонлари ва нацистлар партияси раҳбариятини жавобгарликка тортиш масаласи ҳам ўртага ташланди.
Черчиллнинг суд жараёнида ноқулай саволлар ва масалалар «юзага чиқиши» мумкинлигидан хавотирланиши муҳокама қилинишига йўл қўйиб бўлмайдиган масалалар рўйхати тузилишига олиб келди. Масалан, 1938 йилги «Мюнхен битими» ва 1939 йилги «Молотов-Риббентроп пакти»га оид масалалар шулар сирасига кириб, айбланувчилар ва ҳимоячиларнинг уларни кўтаришга бўлган ҳар қандай уринишига ўша заҳоти барҳам берилиши керак эди. АҚШ, Буюк Британия, Франция ва СССР вакиллари шунга келишиб олдилар.
Рамзий Нюрнберг
Суд жараёни ўтказиладиган жой сифатида Нюрнберг танланди. Бунинг бир нечта сабаби бор эди. Биринчидан, Америка оккупация зонасида бўлган Нюрнбергга уруш пайтида унчалик зарар етмаган эди.
Иккинчидан, бу ерда шундай кўламдаги суд жараёнини ўтказиш учун жуда қулай бўлган Адолат саройи жойлашган бўлиб, у ёнгинасидаги, судланувчилар сақланаётган Нюрнберг турмаси билан туташ эди.
Учинчидан, Нюрнберг мафкуравий жиҳатдан нацистлар учун катта аҳамиятга эга бўлиб, Ҳитлер ҳокимиятга келгач Немис национал-социалистик ишчи партияси(немисча Nationalsozialistische Deutsche Arbeiterpartei (NSDAP))нинг қурултойлари доим шу ерда ўтказилар эди. 1935 йили шу шаҳарда миллионлаб одамларнинг уқубат чекиши ва ҳалокатига сабаб бўлган «Нюрнберг ирқий қонунлари» қабул қилинган.
Суд жараёни ўтказилган даврда судланувчилар турмада Америка ҳарбийлари назоратида сақланди. Суд залига ҳам улар америкаликлар соқчилигида олиб келинди ва қўриқлаб турилди. Адолат саройининг ўзини эса ташқи томондан совет ҳарбийлари қўриқлаб туришди.
Тўртта судя ва тўртта айбловчи
Ғолиб давлатларнинг келишувига кўра Халқаро ҳарбий трибунал тўрт давлат вакилларидан тенг ҳуқуқлилик асосида ташкил этилди. Суд жараёнида Буюк Британия вакили Жеффри Лоуренс раислик қилди, СССР Олий суди раисининг ўринбосари, адлия генерал-майори Иона Никитченко СССР номидан, Американинг собиқ бош прокурори Фрэнсис Биддл АҚШ номидан, жазо ҳуқуқи профессори Анри Доннедйе де Вабр Франция номидан қатнашди. Овозлар сони тенг келиб қолиши мумкинлигини ҳисобга олиб Жеффри Лоуренснинг овози ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиши белгилаб қўйилди.
Айблов тарафи ҳам тўрт давлат вакилларидан ташкил топиб, ҳар бирига алоҳида вазифа юкланди. АҚШ вакили ҳисобланган, суд жараёнининг мафкурачи ва ташкилотчиларидан бири бўлган Роберт Жексон айбловнинг биринчи қисми — Германиянинг «умумий режаси ёки фитнаси» учун масъул бўлди. Буюк Британия вакили бўлган Ҳартли Шоукросс тинчликка қарши жиноятлар учун айбловни, Франция вакили бўлган Франсуа де Ментон Ғарбий Европада содир этилган ҳарбий жиноятлар ва инсониятга қарши жиноятлар учун айбловни, СССР вакили бўлган Роман Руденко СССР, Полша, Чехословакия ва Югославия ҳудудида содир этилган ҳарбий жиноятлар ва инсониятга қарши жиноятлар учун айбловни илгари сурди.
Трибуналнинг илк йиғилиши 1945 йил 20 ноябр куни соат 10 да бошланди.
Адвокатларнинг иш ҳақини иттифоқчилар тўлашди
Суд жараёнининг ташкилотчилари унинг ҳукми бутун дунё томонидан тан олинишидан манфаатдор эди, шу боис судланувчиларга ҳимояланиш учун максимал имконият берилди. Учинчи рейх раҳбарларини энг яхши немис адвокатлари ҳимоя қилишди, уларга ғолиб давлатлар катта-катта гонорар тўлашди. Шунингдек, ҳимоя билан боғлиқ бошқа харажатлар, масалан, гувоҳларни судга олиб келиш харажатларини ҳам антиҳитлер коалицияси вакиллари ўз зиммасига олишди.
Судланувчиларнинг барчаси тақдим этилган ҳужжатлар билан немис тилида танишиб чиқиш имконига эга бўлишди. Суднинг ҳар бир йиғилиши инглиз, француз, рус ва немис тилига синхрон таржима қилиб борилди. Ишлар тортишув принципига асосан кўрилди. Ҳимоя ва айблов томони далил келтириш, гувоҳларни чақириш, бирйўла икки ёқдан савол бериб тергов қилиш, нутқ сўзлаш борасида тенг ҳуқуққа эга бўлди.
Трибунал йиғилишларида айблов томонидан 33 та гувоҳ, ҳимоя тарафидан 61 та гувоҳ бевосита сўзга чиқди. Бундан ташқари судга 2 мингга яқин гувоҳнинг ёзма гувоҳликлари, шунингдек СС иши бўйича 38 мингта, СА иши бўйича 10 мингта, СД иши бўйича 7 мингта ёзма гувоҳликнинг хулосаси баён қилинган 6 та ҳисобот тақдим этилди.
Трибунал йиғилишларида совет ва америка ҳарбийлари томонидан қўлга киритилган, Учинчи рейх раҳбарларининг жиноятларини фош этувчи 4500 га яқин ҳужжат намойиш этилди.
«Провокатор» Гёринг ва Паулюс ҳақида дув-дув гаплар
Бундан ташқари, Нюрнберг суд жараёнида шаҳарларнинг вайрон этилиши, маданий ёдгорликларнинг йўқ қилиниши ва фашистларнинг бошқа кирдикорлари ҳақидаги киноматериаллар ҳам кўрсатилди. Айниқса нацистлар ташкил этган «ўлим лагерлари» ҳақидаги киноматериаллар йиғилганларни ларзага солди (ушбу материалларни судга совет тарафи тақдим этган эди).
Сталин талаб қилганидек, суд жараёнининг максимал даражада ошкора ўтиши таъминланди. Суд мажлиси бўлиб ўтадиган залдаги 350 та ўриндан 250 таси матбуот вакилларига берилди. Бундан ташқари суд мажлисларида қатнашиш учун талабгорларга 60 мингдан ортиқ рухсатнома берилди, рухсатнома олганларнинг аксарияти немислар эди.
Суд жараёнидаги энг шов-шувли воқеалардан бири Сталинградда асирга тушган фелдмаршал Фридрих Паулюснинг суд мажлисида гувоҳ сифатида қатнашгани бўлди. Чунки Германияда, ҳатто бутун Ғарбда 6-армиянинг собиқ қўмондони аллақачон ўлдириб юборилган деган фикрда эдилар. СССРга қарши шиддатли уруш олиб бориш ва уни босиб олишни назарда тутувчи «Барбаросса» планини ишлаб чиқишда бевосита қатнашган Паулюснинг гувоҳлиги ҳимоя тарафининг мавқеини анча заифлаштирди.
Нацистларнинг зўр нотиғи, фақат Рейхстагнинг ёқиб юборилишига оид суд жараёнида Георгий Димитровгагина бас келолмаган Ҳерман Гёринг айблов тарафи учун кўплаб қийинчиликлар туғдирди. У айблов тарафининг камчиликлари, хусусан трибуналнинг юридик асосларидаги қусурлар, иттифоқчи мамлакатлар давлат тизимидаги сиёсий нуқсонлар (АҚШдаги сегрегация, Буюк Британия мустамлакаларидаги норозиликларнинг куч билан бостирилиши, СССРдаги сиёсий қатағонлар)дан усталик билан фойдаланди, шунингдек иттифоқчилар олдиндан тақиқлаб қўйган мавзулар ҳақида гапиришга уринди.
Шунга қарамай суд жараёнида нацистлар раҳбарларининг айбини исботловчи далиллар керагидан ҳам ортиқлиги яққол маълум бўлиб қолди.
Шунда судланувчилар ва уларнинг адвокатлари суд жараёнини чўзишга ҳаракат қилишди. Улар СССР ва Ғарбдаги иттифоқчилар ўртасидаги муносабатларнинг тобора ёмонлашиб боришидан биз учун бирор фойда чиқиб қолар деб умид қилишган эди.
1946 йилнинг мартида Фултонда Уинстон Черчилл ўзининг машҳур нутқини сўзлагандан сўнг (Ушбу нутқдан сўнг совуқ уруш бошланган деб ҳисобланади – тарж) судланувчилар ич-ичидан хурсанд бўлишди. Гёринг ҳатто «суд жараёни барбод бўлиб, мен озодликка чиқибгина қолмай, Германияда юқори лавозимлардан бирини ҳам эгаллайман» деган гапларни айтишгача борди.
Аммо антиҳитлер коалициясидаги собиқ иттифоқчилар суд жараёнини якунига етказишга муваффақ бўлишди.
Ўн ярим ойга чўзилган 403 та суд мажлисидан сўнг 1946 йилнинг 1 октябрида ҳукм эълон қилинди.
Ҳерман Гёринг, Иоахим фон Риббентроп, Вилҳелм Кейтел, Эрнст Калтенбруннер, Алфред Розенберг, Ҳанс Франк, Вилҳелм Фрик, Юлиус Штрейхер, Фриц Заукел, Артур Зейсс-Инкварт ва Алфред Йодл осиб ўлдиришга ҳукм қилиндилар. Мартин Борман устидан ҳам шундай ҳукм чиқарилди.
Рудолф Ҳесс, Валтер Функ ва Эрих Редер умрбод, Балдур фон Ширах ва Алберт Шпеер 20 йилга, Константин фон Нейрат 15 йилга, Карл Дёниц 10 йилга озодликдан маҳрум этилдилар. Ҳанс Фриче, Франц фон Папен ва Ялмар Шахт оқландилар.
Трибунал СС, СД, гестапо ҳамда нацистлар партияси раҳбариятини жиноий ташкилотлар деб топди. Нацистларнинг вазирлар маҳкамаси, вермахтнинг бош штаби ва бош қўмондонлиги жиноий ташкилотлар деб топилмади.
Совет судяси Иона Никитченко Фриче, Папен ва Шахтнинг оқланишига, Германия вазирлар маҳкамаси, вермахтнинг бош штаби ва бош қўмондонлигининг жиноий ташкилотлар деб топилмаслигига, шунингдек Рудолф Ҳесснинг (қатл этилиш ўрнига) умрбод озодликдан маҳрум этилишига қарши чиқди. Умуман олганда совет тарафини чиқарилган ҳукм қониқтирди.
Сержант Вудснинг «мижозлари»
Айрим судланувчилар Иттифоқчиларнинг Германия бўйича назорат комиссиясига илтимоснома беришди. Масалан, Гёринг, Ҳесс, Риббентроп, Заукел, Йодл, Кейтел, Зейсс-Инкварт, Функ, Дёниц ва фон Нейрат афв этишларини сўрашди. Гёринг, Йодл ва Кейтел бир вақтнинг ўзида афв этиш ҳақидаги илтимоси рад этилган тақдирда осиб ўлдириш жазосини отиб ўлдириш жазосига алмаштиришларини сўрашди.
Учинчи рейхнинг ҳарбий-денгиз флотининг собиқ қўмондони Эрих Редер, аксинча, авф этишларини эмас, ўлим жазосини умрбод озодликдан маҳрум этиш жазоси билан алмаштиришларини сўради. Бироқ илтимосномаларнинг барчаси рад қилинди.
Нюрнберг турмасидаги америкалик соқчилар яна бир бор панд бериб қўйди — қатл этилишига оз вақт қолганда Ҳерман Гёринг заҳарли ампула ёрдамида ўзини ўзи ўлдиргани маълум бўлди. Унга ким ёрдам бергани ҳақидаги баҳслар ҳамон тинган эмас.
1945 йил 16 октябр куни кечаси Нюрнберг турмасида қатл маросими бўлиб ўтди. Бунинг учун учта дор қурилиб, амалда уларнинг иккитасидан фойдаланилди. Урушгача АҚШда жаллодлик қилган Америка армияси сержанти Жон Вудс бу ерда ҳам бош жаллод вазифасини бажарди.
Маросимни чўзмаслик учун маҳкумлар залга қўшни дордаги мурданинг бўйнидан сиртмоқ ечилмай туриб олиб кирилди. Маросим атиги бир ярим соатдан кўпроқ вақт давом этди. Кейин осиб ўлдирилганларнинг жасади ёнига Гёрингнинг мурдаси қўйилди. Улар расмга олингандан сўнг соқчилар назоратида крематорийга олиб борилди. Кейин маҳкумларнинг кули битта қилиниб маҳаллий дарёлардан бирига сочиб юборилди.
Ҳасан Карвонли таржимаси
Мавзуга оид
10:11
Германия Украинада ҳалок бўлган 10 фуқароси ҳақида маълумотга эга
14:00 / 14.11.2024
ХДИ раҳбари Мерц Германия сиёсатини тубдан ўзгартиришни талаб қилмоқда
22:25 / 12.11.2024
Суд Поп тумани ҳокимининг ўғлини қамоққа қайтарди
20:26 / 12.11.2024