Жамият | 11:52 / 09.05.2023
29635
4 дақиқада ўқилади

“Уруш — оғир савдо”. 103 ёшли уруш фахрийси билан суҳбат

Файзулла Нурматов шу йил 103 ёшга кирди. Жиззахнинг Ғаллаорол туманида туғилган II Жаҳон уруши фахрийси урушдан кейинги очарчилик сабаб қишлоқдошларига қўшилиб, Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманига келиб қолган. У Kun.uz’га уруш ва ундан кейинги йиллар машаққатлари ҳақида гапириб берди.

1920 йил Жиззахнинг Ғаллаорол туманида туғилган Файзулла Нурматовнинг 5 фарзанди, 24 невараси ва 33 нафар чевараси бор. Ҳозир Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида яшайди. 1940 йилда Файзулла бобо, акаси ва қариндошлари – 20 кишига яқин ёш йигитлар армия хизматини ўташ учун Беларусга кетишади. Шу ерда 1 йилча тайёрланиб, кейин урушга киришади.

Беларусда Комсомольская деган жой бор эди. Ўша ерда ўрмоннинг ичида "землянка"(ертўла уй)да ётиб тайёрландик. 1941 йил соат 4 да уруш бошланади. Немислар бостириб келди. Саноғини билмайман, бир неча немисни ўлдирдик”, – деб хотирлайди у.

Урушда елкасидан ва қўлидан ўқ ейди. Фелдшерлар ёрдами билан тузалиб, кейин ватанига қайтади. У билан кетганларнинг фақат 5 ё 6 нафари қайтган холос.

Қанча одам ўлиб қанчаси қолади, уни ҳеч ким билолмайди. Жўраларимнинг бари ўлиб кетишди. 20-30 бола урушга кетганмиз. Шундан 5-6 киши қайтиб келдик. Ўзимнинг акам ҳам кетди. Жияним кетди. Оиламдан 6-7 одам кетган. Кўрган воқеаларимдан айтсам, немислар қандай экан деб ўйлардик, қарасак, немис ҳам одам экан”, – дейди у.

Онаси Файзуллани жуда қаттиқ кутган. Уруш тугаб, боласи қайтганини кўргач, хурсандчиликни кўтаролмай, 3 кундан кейин вафот этган. Оила урушдан кейин оғир очарчиликни бошидан ўтказган. Файзулла бобонинг ҳикоя қилишича, нон йўқлигидан отаси Тошкентдан Жиззахга новвойлардан хамир олиб бориб, болаларига едирган.

Йигитлик давримизда ҳам нонга тўймасдан ўтдик. Давлат ночор. Буғдой еганмиз, буғдойни оқпоя дер эди. Одамлар нон топса, боласидан яшириб ерди. Ҳозир нон кўп, ҳеч ким емайди. Бунақа замон бўлади деб ўйламаганмиз. Йилдан йилга яхши бўляпти. Илгари битта нон бўлса, боласидан яхшириб ерди. Ҳозир ҳамма жой тўкинчилик. Ёғсиз овқат ейилмайди. Гўшт, ёғ қиммат дейди. Қаерда қиммат? Фақат шунга қаноат қилиш керак. Яхши ишлаш керак, тоза юриш керак”, – дейди у.

Оила 50-йиллардаги очарчилик сабаб Жиззахдан Тошкентга кўчиб келган. Улар билан қўшилиб 20тача хўжалик бирга келишган. Ёввойи табиати бўлган ерларни биргалашиб ўзлаштириб, бир неча йиллар давомида обод қилишган.

Илгари бу ерларда одам йўқ эди. Келганимизда 20 хўжалик эдик. Бу ерлар баланд тепалик эди. Шу ерни жой қилдик, у ёқ бу ёқдан оғайниларни йиғиб, ҳозир 400 хўжалик бор. Шу ерда колхозда бригадир бўлдим. Қирда 3 гектар пахта экдик. Бу 40 центнергача пахта берди”, – деб хотирлайди у.

Файзулла Нурматов одамлар умуман уруш кўрмаслигини истайди.

Уруш бўлмасин. Ёшлар уруш кўрмасин. Уруш ўз оти билан уруш. Мана, ҳозир Россия уруши бўляпти дейди. Одам ўлиб ётибди, уруш бўлади-ю, одам ўлмайдими?”– дейди у.

103 йил яшаш ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Шунинг учун ҳам Файзулла бобо одамлар унинг ёшига ҳавас қилишларини, лекин бу ёш оғир савдо эканини айтади.

103 га кирдим. Кўп одам ҳавас қилади. Йўқ, бу жуда оғир савдо. Шу ерда кечаси билан ётаман. Уйқум келмайди. Ҳозиргача ишлагим келади, ҳаракатим йўқ. Шунинг учун ёш вақтида ҳаракат қилиш керак. Ишлаш керак”, – дейди у.

1 аср яшаган отахоннинг ягона тилаги иймон билан, азоб чекмай омонатини топшириш.

Иймонда кетай. 5 маҳал намозни ўқиб турибман. Иймондан ажралмай кетай. Бу дунё ҳаммадан қолади. Ҳеч кимга вафо қилмайди. Менинг ёшимдан ҳам ўтиб кетинглар. Саломат бўлинглар, эшигим очиқ”, – дея суҳбатни тугатди Файзулла Нурматов.

Зуҳра Абдуҳалимова суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдусалим Абдувоҳидов.

Мавзуга оид