Ўзбекистон | 20:31 / 10.05.2023
41783
7 дақиқада ўқилади

Омманинг кўз ўнгидаги ҳуқуқсизлик. Бош прокурор ўринбосари ҳаракатлари жавобсиз қолдириладими?

Мурожаатчи фуқаро билан жанжаллашиб кетган бош прокурор ўринбосари. Kun.uz микрофони ёнида туришини истамаган ички ишлар вазири. Фуқаролар талабига кўра апелляция судини бошқа ҳудудга кўчиришга ваъда берган Олий суд раиси. Суд-ҳуқуқ органлари раҳбарларининг Тошкент вилояти Бўка туманида ўтказилган сайёр қабули шу воқеалар билан ёдда қолди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ваколатлар чегараси қаерда?

Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова сайёр қабул вақтида, кутилмаганда фуқаро билан жанжаллашиб кетгани ҳақида хабар бергандик. Ортиқова бош прокурор билан учрашиш учун келган аёл ва унинг қайнотасини раҳбарининг қабулига ўтказишни истамаган, мурожаатчилар бунга эътироз билдиришганда эса уларга қўпол муносабатда бўлиб, ички ишлар ходимларига аёлни бу ердан олиб кетишни буюрганди.

Юриспруденцияни ўқиганлар яхши билишади. Ҳуқуқшуносликда энг биринчи ўргатиладиган масалалардан бири ҳақ-ҳуқуқлар ҳадди билан боғлиқ. Содда қилиб тушунтирадиган бўлсам, менинг ҳуқуқларим чегараси сизнинг ҳуқуқларингиз чегарасигача бўлиши шарт. Оддий фуқаро бўладими ёки амалдор, бундан қатъи назар, бу ҳуқуқ илмининг, ўзаро муомала-муносабатларнинг олтин қоидасидир.

Бўкадаги воқеада Ортиқова фуқарога сенсираб муомала қилгани, аниқ бир ҳуқуқбузарлик ёки жиноят содир этмагани аниқ бўлиб турган ҳолда шу ерда жамоат хавфсизлигини таъминлаб турган ички ишлар ходимларига мурожаатчини олиб кетишни буюргани орқали нафақат ҳуқуқлари чегарасидан, балки унга бош прокурор ўринбосари сифатида қонунлар билан тақдим этилган ваколатлари чегарасидан ҳам ўтиб кетди.

Фуқаро провокация қилгандир, атайлаб мулозимни қуюшқондан чиқаргандир дерсиз. Бўлса бордир. Аммо нима бўлган тақдирда ҳам, юқори даражадаги мансабдор шахс, қолаверса ҳуқуқшунос экани унга фуқаролар билан давлат хизматчиси этикасига мос равишда мулоқот қилиш мажбуриятини юклайди. Шу сабаб ҳам унинг ҳаракатлари одамлар эътирозига, танқидларига сабаб бўлди.

“Булар халқ билан мулоқот қилгани келганми ёки ўзининг ҳукмини ўтказганими? Қачонгача юқори лавозимларни асаби, мияси чарчаган қариялар бошқариб ўтиради? Бу аёл бир пайтлар ўқитувчилар кўча супурсин деб чиққан. Лекин аёл киши бўлиб аёлга қилган муомаласи ноўрин!” деб ёзади Гулжаҳон исмли Facebook фойдаланувчиси.

“Бош прокурор кимни қабул қилиши ёки қилмаслигини Ортиқова ҳал қилар эканми? Ундан сўраб қабул қилар эканми Йўлдошев? “Олиб кетинглар буни” эмиш, Ортиқова, сиз ким бўлибсизки, милицияларга буйруқ берасиз? Улар сизга бўйсунмайди, уларнинг ўз раҳбарлари бор. Холис бўлинг, ҳалол ишланг, озгина адолатнинг кўчасидан ўтинг”, дея ёзғиради Саломат Ибрагимова.

“Ҳокимиятни суиистеъмол қилиш бу ҳақиқатдан ва ҳокимиятни йўқотишдан қўрқишдир! Токи бу мансабдорлар халқ томонидан сайланмас экан, ҳеч нарса ўзгармайди, халқ олдида ҳисобдор бўлишмайди”, деб ёзади Мунира Ҳусанбоева.

“Омманинг кўз ўнгида фуқаролар билан шунақа муомалада бўладиган мансабдорлар улар билан яккама якка қолганида камерасиз қанақа муомалада бўлаверишини энди тасаввур қилаверинг”, дейди Аҳмаджон Асланов.

“Маданиятсиз! Бу – нима бўлган тақдирда ҳам давлат ходими. Ўзини идора қилиши, яхши муомалада бўлиши шарт”, деб ёзади Нодиржон Олимов.

“Исталган нормал давлатда уни дарҳол ишдан олишарди. Бу халққа нисбатан қандай муомала бўлди?!” дейди Анвар Ҳамдамов.

Мурожаатчи Севара Равшанова сайёр қабулда Ниғматилла Йўлдошевдан эрига нисбатан қўлланган қамоқ эҳтиёт чораси ўзгартирилишида амалий ёрдам сўради. Бош прокурор бу мурожаатни шахсан назоратга олиши, ёрдам беришга ҳаракат қилишини айтганди.

Бош прокурор фуқарога берган сўзида турган кўринади. Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди Ҳусан Равшановга нисбатан эҳтиёт чораси нотўғри танланган деб топган ва 4 май куни Ҳусан Равшановни қамоққа олиш эҳтиёт чораси ўзгартирилиб, 1-сонли тергов ҳибсхонасидан озод этилган. Энди у судга уйидан қатнайди.

Қизиғ-а, мурожаатчилар Светлана Ортиқова айтганидай аризасини унга қолдириб, бош прокурор қабулига кирмасдан қайтиб кетганда ҳам шу ишлар бўлармиди ёки ариза сайёр қабул тугаши билан унутилармиди?

Ортиқова хонимнинг озгина ҳуқуқини талаб қилган фуқарога ўшқириб бергани, ички ишлар ходимларига “Олиб кетинглар буни” деганини инобатга олсак, унинг бу ҳуқуқи бузилган шахсларнинг ҳимояси учун туриб беришига ҳам ишонмайди киши.

Дарвоқе, Ортиқова билан юз берган кейс бўйича Бош прокуратура томонидан ҳеч қандай реакция билдирилмаганини ҳам эслатиб ўтишимиз керак. Давлат хизматчиси фуқаролар билан ўзини бундай тутиши нормал ҳолатми? Агар асаблари дош бермаётган бўлса, унинг ўрнига стрессга чидамли ёшроқ кадр қўйилгани мақсадга мувофиқ эмасми? Жамоатчилик ҳам шу ҳақда сўрамоқда, аммо бу саволларга жавоб берадиган топилмаяпти.

Микрофонда нима айб?

Бўкада ўтказилган сайёр қабулда ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов, расмий хабарга кўра, 54 нафар мурожаатчини қабул қилган.

Вазирлик ахборот хизматининг маълум қилишича, мурожаатларнинг 32 таси суриштирув ва тергов ҳаракатлари билан боғлиқ муаммолар, 20 таси ички ишлар органларига хизматга кириш ва қайта тикланиш ҳамда 2 таси маҳкумларнинг жазони ўташ муассасаларини ўзгартиш билан боғлиқ бўлган.

Таъкидланишича, 29 та аризада кўтарилган масала жойида ечимини топган, 25 та мурожаатнинг ижроси эса назоратга олинган.

Вазир Бобожонов негадир сайёр қабул жараёнини ёритиб бораётган Kun.uz микрофони ёнида туришини истамади ва мулозимларига айтиб, қурилмамизни олдириб ташлади.

Бу ҳолат бизга 2019 йилнинг ноябридаги матбуот анжуманида рўй берган воқеани эслатиб юборди. Ўшанда ҳам Ички ишлар вазирлиги мулозимлари микрофонимизни хушламаган эди.

“Судни бошқа ҳудудга ўтказиб беринг”

Олий суд раиси Бахтиёр Исломов Бўкадаги сайёр қабул давомида 122 нафар фуқаронинг дардини тинглаган. Идора матбуот хизматининг билдиришича, мурожаатларнинг 83 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилиб, 87 та мурожаат жойида ижобий ҳал этилган.

Kun.uz бевосита гувоҳ бўлган ҳолатда жиззахлик фуқаролар Исломовдан апелляция судини кўриб чиқишни бошқа ҳудуддаги судга ўтказишни илтимос қилишди. Олий суд раиси бу илтимосни қаноатлантиришга ваъда берди.

Жамшид Ниёзов, журналист

Мавзуга оид