Сунъий интеллект хавфи — одамларнинг ишсиз қолиш эҳтимоли қанчалик юқори?
Сунъий интеллект инсон қилиши мумкин бўлган кўп вазифаларни бажара оляпти ва бу одамларнинг иш ўринларини йўқотишларига ҳам сабаб бўлиши мумкин. Масалан, таксилар, юк машиналари ҳайдовчисиз ҳам бошқарилиши, кассаларда ҳисобчилар бўлмаслиги, жарроҳлик операцияларини ҳам одам эмас, роботлар қила олиши мумкин. Натижада эса, албатта, кимдир ишсиз қолиши эҳтимоли бор.
Жаҳон иқтисодий форумининг келажак иш ўринлари ҳақидаги ҳисоботига кўра, кейинги беш йилда ҳозир мавжуд иш ўринларининг 23 фоизи ўзгаришга учрайди: 69 млн иш ўрни яратилиши, 83 млн иш ўрни эса йўқ бўлиб кетиши кутиляпти. Бу глобал миқёсда иш ўринларининг 14 млни, яъни 2 фоизи йўқ бўлиб кетиши мумкинлигини англатади.
Қисқарадиган иш ўринлари, касбларнинг йўқолиб кетишига сунъий интеллект, илғор технологиялар ходимлар бажарадиган вазифаларни қила бошлагач, инсон меҳнатига ҳожат қолмаслиги сабаб бўлади.
Масалан, сунъий интеллект намунаси бўлган ChatGPT АҚШда 4,8 млн иш ўрнини эгаллаши прогноз қилиняпти.
Йўқолиб кетиш хавфидаги касблар
ChatGPT ва шунга ўхшаш сунъий интеллект ишланмалари сабаб қуйидаги касблар тўлиқ ёки қисман йўқолиб кетиш хавфида:
- техник вакансиялар (кодерлар, дастурчилар, дастурий таъминот муҳандислари, маълумотлар таҳлилчилари);
- оммавий ахборот воситаларидаги иш ўринлари (бош директор, муҳаррирлар, журналистлар);
- юридик соҳадаги иш ўринлари (параюрист, юрист ёрдамчиси);
- маркетологлар;
- ўқитувчилар;
- молиявий иш ўринлари (молиявий таҳлилчилар, шахсий молиявий маслаҳатчилар);
- трейдерлар,
- график дизайнерлар;
- бухгалтерлар,
- қўллаб-қувватлаш хизмати ходимлари.
Эскиси йўқолиб янгиси яратилади
Лекин сунъий интеллект ёмон ва қўрқиш керак бўлган нарса эмас. Goldman Sachs халқаро банки таҳлилларига кўра, сунъий интеллект сабаб ҳозир мавжуд бўлган 300 млн иш ўрни йўқолиб кетиши ёки маълум қисқаришларга учраши мумкин. Гарчи иш ўринлари қисқарса-да, иш тизимларида автоматлаштириш кучайиши инновацияларга сабаб бўлади. Компаниялар сунъий интеллект сабаб пулларини тежайди ва уни бизнесларини ривожлантиришга сарфлайди. Оқибатда, глобал миқёсда ЯИМ 7 фоизга ошиши мумкин.
Сунъий интеллект ривожланиб бориши худди олдинги даврдаги технологиялар ва компютерлар тараққиёти билан солиштирилмоқда. Дунё оғир ва катта компютерлардан замонавий технологияларга ўтди. Худди, шунингдек, сунъий интеллект ҳам дунёни ўзгартирадиган суръатларда ўсади.
Бунинг таъсирида қайсидир касблар йўқолиб янгилари пайдо бўлади. Ишчилар эса доимий равишда ўз устиларида ишлашларига тўғри келади. Масалан, ҳозир дунёдаги ишчиларнинг 60 фоизи 1940 йилларда мавжуд бўлмаган касбларни эгаллашган. Лекин яна бир тадқиқот 1980 йилдан бери технологик ўзгаришлар янги иш ўрни яратишдан кўра кўпроқ эскилари йўқолиб кетишига сабаб бўлганини қайд этади.
Агар сунъий интеллект тараққиёти ҳам олдинги технологиялар ривожланиши билан бир хил оқимда кечса, унинг ривожланиши яқин келажакда иш ўринлари қисқаришига сабаб бўлиши мумкин.
Resolution Foundation таҳлил маркази бош ижрочи директори Торстен Беллга кўра, ҳозирча сунъий интеллектнинг узоқ муддатда иш ўринларига кўрсатадиган таъсири ноаниқ. "Ҳамма прогнозларни "бир чимдим туз каби" қабул қилиб қўявериш керак".
Жабр кўрувчи қатлам
Лекин яна бир хавотирли томони автоматлашган технологиялар, сунъий интеллект ривожи сабаб яхши таълим кўрган кадрлар ишини йўқотмасликлари мумкин бўлса-да, оддий ишчиларга бу тараққиёт ёмон таъсир қилиши мумкин.
Масалан, АҚШда охирги 40 йилда технологияларнинг автоматлаштирилиши жараёни даромадлар тенгсизлигининг асосий сабаби бўлган.
Сунъий интеллект, робототехника, илғор технологиялар ривожи даромадлар тенгсизлигида катта жарлик пайдо бўлишига сабаб бўляпти. Ўрта таълим кўрганлар, қўл меҳнатини бажарувчилар ва умуман таълим кўрмаган ишчилар маоши технологиялар сабаб пасайган бўлса, юқори таълим олган ходимлар даромадларида ўсиш кузатиляпти.
Сабаби одатий қилиш мумкин бўлган ишларни турли рақамли бошқариладиган машиналар, саноат роботлари, дастурий таъминотлар эплай оляпти.
Юк машиналари ва такси ҳайдовчилари, ҳисобчилар, завод ва фабрика ишчилари ўрнини роботлар ва технологиялар эгаллаяпти. Ҳайдовчисиз машиналар, сотувчисиз дўконлар, киосклар кабиларнинг ривожланиши кам маошли иш ўринлари йўқ бўлиб боришига сабаб бўлади. Шунингдек, сунъий интеллект онлайн оператор бўлиб сизнинг саволларингизга жавоб бера олиши мумкин. Ёки чатбот орқали ҳам саволларга онлайн жавоб олиш мумкин. Сунъий интеллект саратон ва бошқа касалликларга диагноз қўйишда ҳам ёрдам беради. Банклар ҳам турли ўғриликлар содир бўлмаслиги учун мураккаб дастурлардан фойдаланишади. Сунъий интеллект ҳайдовчисиз машиналарни ҳам, иш иловаларини ҳам, янгиликлар ленталарини ҳам эгаллаб олади.
Ўз навбатида сунъий интеллект жуда кўп касбларга таъсир қилиши ёки уларни ўзгартириши, янги касблар пайдо бўлишига сабаб бўлиши кутиляпти. Энди ходимлар ўз ишларига сунъий интеллект таъсир кўрсатишига ҳам тайёрланиши керак. Ҳозирча ривожланган давлатларда ҳам ходимлар бунга тайёр эмас. Хитойда 50 млндан ортиқ ишчилар, АҚШда эса 11,5 млн ходим, Германия, Бразилия ва Японияда ҳам миллионлаб ходимлар сунъий интеллект билан ишлаш учун керакли кўникмаларини ўрганиши зарур.
Келажак қандай бўлади?
Шифохоналар профессионал ва малакали жарроҳлар ўрнига инсон кўзи илғамайдиган майда элементларгача кўра оладиган, саратон ҳужайраларини аниқроқ илғай оладиган робот жарроҳларни, робот шифокорларни ишлата бошлаши мумкин.
Сунъий интеллект ўзи дастурлар ҳам ёзиши, бу эса бошланғич даражадаги код ёзадиган дастурчиларни ишсиз қолдириши мумкин.
Қолаверса, роботлаштирилган ошхоналар, автоматлаштирилган кассаларнинг оммалашиши овқатланиш жойларидаги оддий ходимларнинг иш ўринларини йўқотишларига олиб келади. Кафе ва ресторан эгалари одамларга маош тўлашга нисбатан автомат тизимларга камроқ харажат қилишади ва кўпроқ шуни маъқул кўра бошлашлари мумкин. Ёки трейдерларнинг ўрнига ҳам уларнинг ишини турли дастурлар бажариб қўйиши мумкин. Хуллас, бу жараён турли соҳаларда турлича давом этиши мумкин.
Иш ўрнини йўқотмаслик учун эса фақат юқори малакали кадр бўлиш, илғор технологиялар ва сунъий интеллект билан ишлашни ўрганиш талаб этилади. Қолганини эса вақт кўрсатади.
Мавзуга оид
21:01 / 04.11.2024
ChatGPT туфайли дунёда энергияга бўлган талаб ошгани маълум қилинди
20:34 / 30.10.2024
Европада сунъий интеллект сабаб миллионлаб иш ўринлари хавф остида қолмоқда
23:20 / 26.10.2024
ChatGPT’ни алдаш ва ундан жиноятларни содир этиш бўйича маслаҳат олиш мумкинлиги аниқланди
22:17 / 23.10.2024