Иқтисодиёт | 15:51 / 11.05.2023
48297
6 дақиқада ўқилади

ЕИнинг янги санкциялар пакетидан Ўзбекистон компаниялари ҳам жой олади — ОАВ

Европа Иттифоқининг Россияга қарши санкциялари 11-пакети лойиҳасидан хабардор дипломатик манбаларга кўра, ҳужжат билан Хитой, Эрон, Қозоғистон ва Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган ўнлаб янги компаниялар ЕИ қора рўйхатига киритилиши мумкин.

Фото: Reuters

Европа Иттифоқи давлатлари чоршанба куни Россиянинг Украинадаги уруши сабабли бир нечта мамлакатларнинг компанияларига қаратилган, савдо чекловларини бузгани учун учинчи мамлакатларга экспорт қилишни чеклайдиган янги санкциялар юзасидан биринчи муҳокамаларини ўтказди.

Reuters хабарига кўра, гап Хитой, Эрон, Қозоғистон ва Ўзбекистонда очилган ўнлаб янги компаниялар ҳақида кетяпти.

Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйеннинг айтишича, янги санкциялар Россия мавжуд савдо чекловларини четлаб ўтишини тўхтатишга қаратилган ва G-7 давлатлари билан “жуда яқин ҳамкорликда” ишлаб чиқилган.

“Агар биз товарлар Европа Иттифоқидан учинчи давлатларга, кейин эса Россияга етиб боришини билсак, аъзо давлатларга ушбу товарларни экспорт қилишга санкция киритишни таклиф қилишимиз мумкин. Бу восита охирги чора бўлади ва эҳтиёткорлик билан қўлланади”, – деди у.

Унинг қўшимча қилишича, ЕИ ўз экспортининг аксарият қисми, жумладан, юқори технологияли маҳсулотлар ва самолёт қисмларининг Россия орқали транзитини тўхтатади.

Шунингдек, ОАВ манбаларига кўра, янги санкциялар нефт танкерларига GPS-трекерлари ўчирилган ҳолда очиқ денгизда юк ташиш ёки портларга етиб боришни тақиқлайди. Россия шу йўл билан нефт савдоси бўйича G-7 чекловларини бузишга қарши ҳаракат қилаётгани айтилмоқда.

Россия санкцияларни четлаб ўтишда Марказий Осиё ҳудудидан фойдаланяптими?

Евроиттифоқ Россияга ёрдам бераётган Марказий Осиё давлатларига санкция киритмоқчилиги ҳақидаги дараклар март ойидаёқ янграганди.

The Telegraph нашри санкциялар Россияга катта миқдорда кир ювиш машиналари ва эскирган автомобилларни етказиб бераётган давлатларга тааллуқли бўлиши ҳақида ёзган. Чунки кир ювиш машиналари таркибидаги яримўтказгичлар ва автомобил қисмлари ҳарбий саноатда қўлланиши мумкин.

“Кузатувчилар Европа Иттифоқи ва Кремлнинг Марказий Осиёдаги анъанавий иттифоқчилари ўртасида истеъмол товарлари айирбошлаш ҳажми сезиларли даражада ошганини пайқади. Янги маршрутларда фаоллик 60-80 фоизга кўпайган, Россия санкцияларни четлаб ўтишда улардан фойдаланмоқда, деган хавотир бор”, дейилади инглиз нашри хабарида.

Расмийларнинг таъкидлашича, Европа Иттифоқидан Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон каби давлатларга экспорт қилинадиган товарлар орасида асосан кир ювиш машиналари, эски машиналар ва фотоаппаратлар бор.

Шу сабабли кўплаб товарлар қисмларга ажратилиб, яримўтказгичлар ва улардан олинган бошқа компонентлардан Украинада зарар кўрган Россия танклари, зирҳли техникалари ва дронларини таъмирлаш учун фойдаланилаётганидан хавотирлар ҳам пайдо бўлганди.

Умуман, йил бошидан бери Ўзбекистон ва бошқа Марказий Осиё давлатларига Европа Иттифоқидан экспорт шубҳали равишда ошаётгани таъкидлаб келинади. Шу сабабли Европа Иттифоқи бу борада текширув ўтказиши маълум қилинганди.

Жорий йил февралда эса Россия ғалласи Қозоғистонники деган ниқоб остида Ўзбекистон, Афғонистон ва Тожикистонга экспорт қилинаётгани аниқланган.

Март ойида АҚШ Ўзбекистонни санкциялар туфайли эҳтиёткорликка чақирди. Апрелда эса Евроиттифоқнинг санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид О’Салливан Тошкентга келди.

Апрелда АҚШ миллиардер Алишер Усмоновнинг қариндошлари ва компанияларига санкция қўллади, натижада Ўзбекистоннинг «Оҳангаронцемент» заводи ҳам чекловга тушди. Заводнинг асосий акциядори Аkkerman Cement CА ҳамда Усмоновнинг USM ҳолдинги таркибидаги «Металлоинвест», «Мегафон» ҳам АҚШнинг қора рўйхатидан жой олди.

Ўзбекистон Марказий банки раиси Мамаризо Нурмуродов “Оҳангаронцемент”нинг санкцияга тушиши хавотирли эканини айтди. У Алишер Усмоновнинг компаниялари, хусусан “Оҳангаронцемент” ва унинг таъсисчисига нисбатан санкция қўллагани уларнинг доллардаги операцияларини чеклашини таъкидлади.

Марказий банк раиси заводга хизмат кўрсатаётган банк иккиламчи санкцияга тушиши эҳтимолини рад этмади. Унга кўра, масала ечими бўйича АҚШ томони билан иш олиб бориляпти.

Евроиттифоқнинг 11-санкциялар пакети

Ўзбекистон компаниялари ҳам жой олгани айтилаётган навбатдаги санкциялар кучга кириши учун Европа иттифоқининг барча 27 давлати келишиб олиши керак. Бу Россия 2022 йил февралида Украинага бостириб кирганидан бери Иттифоқнинг 11-санкциялар пакети ҳисобланади.

Бу пакетни ишлаб чиқиш доирасида, ЕИ илк марта Хитойни Украина урушидаги позицияси учун танқид қилди, Хитой ташқи ишлар вазирлиги эса Европа Иттифоқини огоҳлантирди.

Россияда фашистлар Германияси устидан қозонилган ғалаба куни нишонлаётган куни Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Киевга борди ва санкцияларнинг янги пакети ҳақида гапирди. У санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам бераётган учинчи давлатларга қарши воситалар ҳам қўлланишини айтганди.

Шундай қилиб, гап учта элемент ҳақида кетяпти. Бу, биринчи навбатда, учинчи давлатлар орқали Россияга жўнатилаётган санкция остидаги товарлар рўйхатини кенгайтириш, сўнгра учинчи давлатлар томонидан санкцияларни четлаб ўтиш имкониятининг олдини оладиган янги механизмларни яратиш, шунингдек, Россия ва бошқа давлатлар томонидан санкцияларни четлаб ўтиш учун фойдаланиладиган хуфиёна тизимларга қарши курашиш.

Европа Иттифоқи Россияга қарши санкцияларнинг 10-пакетини 25 феврал куни қабул қилганди. Унга 120 дан ортиқ жисмоний шахс ва ташкилот қўшилган, экспорт ва импортга янги чекловлар жорий этилган эди.

Мадина Очилова
Муаллиф Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид