Ўзбекистон | 16:39 / 12.05.2023
14967
2 дақиқада ўқилади

«Адолат» партияси Робахон Маҳмудовани президентликка номзод сифатида кўрсатади

У Олий суд раиси биринчи ўринбосари ҳисобланади.

Фото: Kun.uz

«Адолат» социал-демократик партияси номзод кўрсатиш бўйича бўлажак қурултойда кўриб чиқиш учун Робахон Анваровна Маҳмудова номзодини маъқуллади. Бу ҳақда партиянинг навбатдан ташқари пленуми якунида маълум қилинди. 

«Пленумда Ўзбекистон «Адолат» СДПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб Маҳмудова Робахон Анваровнани кўрсатиш масаласини партиянинг навбатдаги Қурултойи муҳокамасига киритиш бўйича қарор қабул қилинди», дейилади ЎзА хабарида.

Робахон Маҳмудова 1958 йилда Фарғона шаҳрида туғилган, 1983 йилда Тошкент давлат университетининг «Ҳуқуқшунослик» факультетини тамомлаган. Муқаддам Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти суди раиси лавозимида ишлаган, 2017-2020 йилларда Ўзбекистон президентининг Фарғона вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири бўлган.

2020 йил январида Фарғона вилоятидан сенатор этиб сайланган, кейинроқ Ўзбекистон Республикаси Сенатининг Фан, таълим, соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси лавозомига сайланганди.

У 2020 йил июл ойидан буён Ўзбекистон Олий суди раисининг биринчи ўринбосари – Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимида ишлаб келмоқда.

  • Бунгача икки партиянинг президентликка номзодлари маълум бўлганди – Экологик партия ва Ўзбекистон Халқ демократик партиялари ўз раҳбарлари Абдушукур Ҳамзаев ва Улуғбек Иноятовни президентликка номзод сифатида кўрсатади.
  • Маълумот учун, 2021 йил октябридаги президентлик сайловларида  «Адолат» СДПдан Баҳром Абдуҳалимов номзод бўлган ва у 3,39 фоиз билан охирги ўринни эгаллаганди.
Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид