Жаҳон | 12:25 / 13.05.2023
6712
3 дақиқада ўқилади

АҚШ президенти ва Испания бош вазири Украинага ёрдам масаласини муҳокама қилди

Жо Байден ва Педро Санчес Оқ уйда Украинага ёрдам ва мудофаа соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилди. АҚШ президенти Испания бош вазирига яна иккита америка эсминецини жойлаштиришга тайёрлиги учун миннатдорчилик билдирди.

Фото: AP

АҚШ президенти Жо Байден ва Вашингтонга ташриф буюрган Испания бош вазири Педро Санчес учрашув чоғида Украинани биргаликда қўллаб-қувватлашини тасдиқлади. Уларнинг музокаралари 12 май, жума куни Оқ уйда бўлиб ўтди.

“Албатта, биз халқаро ҳуқуққа, шунингдек, БМТ Низоми тамойилларига тўлиқ ҳурматга асосланган мустаҳкам ва адолатли тинчлик тарафдоримиз”, — деди Санчес. “Ушбу урушда тажовузкор ҳам, қурбон ҳам бор, президент Путин эса агрессордир”, - дея қўшимча қилди у.

“Украинани муҳим жиҳатларда қўллаб-қувватлаганингиз учун билдираман. Бу катта аҳамиятга эга – сизнинг етакчилигингиз, шериклигингиз ва тажовузкорга қаратилган чақириқларингиз учун”, — деди Байден.

Америка ва испан сиёсатчилари ўртасидаги мулоқотнинг асосий мавзулари Киевга ёрдам беришдан ташқари, Вашингтон ва Мадрид ўртасидаги мудофаа соҳасида ҳамкорлик ва миграция муаммоси бўлди.

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 11 май куни Вашингтон Мадрид билан мудофаа соҳасида ҳамкорлик мустаҳкамланганидан мамнун эканини айтди.

Испания Мудофаа вазирлиги 8 май куни эълон қилганидек, Вашингтон ва Мадрид Рота қўшма денгиз базасига яна иккита америка эсминецини жойлаштиришга келишиб олди. Янги келишув, вазифалари ва кучлар турларини ўзгартирмасдан, кемалар сонини тўрттадан олтитагача ошириш имконини беради. Келишув Байден ва Санчес ўртасида 2022 йил июн ойида Мадридда бўлиб ўтган учрашув якунлари бўйича мажбуриятлар доирасида тузилган. Биринчи қўшимча кема қиролликка 2024 йилда, иккинчиси эса яқин йилларда етиб келиши кутилмоқда.

“Испанияда иккита қўшимча эсминецни жойлаштиришга рухсат берганингиз учун ташаккур”, — дея Оқ уй Байденнинг 12 май кунги сўзларидан иқтибос келтиради. Америка президенти, шунингдек, Испания Европа Иттифоқи кенгашига ротация орқали раҳбарлик қилишини эслатиб, унинг раислигидаги вазифаларни муҳокама қилишга тайёрлигини таъкидлади. Санчес бу муддатдан Лотин Америкаси давлатлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун фойдаланмоқчи, дея таъкидлади AFP агентлиги.

Мавзуга оид