Жаҳон | 21:08 / 15.05.2023
41368
7 дақиқада ўқилади

Пригожин Украинага алоқага чиққанми? Зеленскийнинг интервюсидаги шов-шувли эпизод тафсилотлари

The Washington Post нашри ёзишича, Пригожин Украинага Бахмутдан кетиши эвазига Россия қўшинлари позициялари ҳақида маълумот таклиф этган. Киев унга ишонмагани учун бундай келишувга рози бўлмагани айтилган.

Фото: Ed Ram / The Washington Post / Getty Images

Украина президенти Володимир Зеленский АҚШнинг Washington Post нашрига интервю берганди. Суҳбат эълон қилинганидан кейин ундаги баъзи эпизодлар ғойиб бўлди. Фойдаланувчилар бу эпизод олиб ташланганини интервюнинг архивланган варианти билан таққослаб кўрди.

«Сиз ким билан гаплашдингиз?»

Суҳбат давомида Зеленский АҚШдаги махфий ҳужжатлар сизиб чиқиши ҳақида гапирган жойи олиб ташланган. Кесиб ташланган эпизодда журналистлар Зеленскийдан «Вагнер» раҳбари Евгений Пригожиннинг Украина разведкаси билан алоқаси ҳақида сўрашган.

The Washington Post: Ҳужжатларда Украина разведкаси Евгений Пригожин билан норасмий алоқада бўлиб тургани ҳақида ёзилган. Хусусан, Пригожин Украина разведкаси офицери билан учрашгани айтилган. Бу қанчалик тўғри?

Володимир Зеленский: Бу разведкага тегишли савол. Мени давлатга хиёнатда айблаб қамашларини хоҳлайсизми? Кимдир мендан Украина разведкаси ҳақида маълумотлари, ҳужжатлари борлигини айтиб нимадир сўраса, ажабланаман: Украинадаги қайси манба билан гаплашасиз? Ким сизга бизнинг разведка ташкилотимиз ҳақида гапириб беради? Ахир бу жуда оғир жиноятку?

Бунга жавобан журналист Зеленский махфий маълумотлар ҳақида гаплашган биринчи украиналик президент бўлганини айтган.

The Washington Post: Мен Пригожин ва Украина разведкаси ҳақида қандай маълумотлар борлигини ўқиб беришим мумкин. 13 феврал куни Украина бош разведка бошқармаси раҳбари Кирилл Буданов сизга Россиянинг Молдовадаги вазиятни издан чиқариш бўйича режаси ҳақида маълумот берган. Буданов сизга буни Россиянинг Пригожинни айблаш режаси сифатида кўраётганини айтган ва «у билан алоқада экани»ни таъкидлаган. Сиз Будановга бу ҳақда Молдова президенти Майя Сандуни хабардор қилишни топширгансиз. Буданов эса Пригожинга уни Украинага ишлайдиган хоин деб эълон қилишмоқчи эканини айтгани ҳақида ҳисобот берган. Шунингдек, Буданов россияликлар Пригожиннинг Украина разведкаси билан махфий алоқаси, Африкада украиналик разведкачилар билан учрашганини асос қилиб келтирмоқчи эканини айтган.

Володимир Зеленский: Афтидан, сизда ёзишмалар, ҳужжатлар, фактлар бор. Ҳар ҳолда гапларингиздан шунга ўхшаяпти. Кечирасиз-у, сиз аввал ҳам қилган ишингизни яна такрорлаяпсиз. Сиз бизнинг давлатимизга ёрдам бермайдиган маълумотларни эълон қиляпсиз. Шунинг учун нима демоқчи эканингизни унчалик тушуна олмаяпман. Мақсадингизни тушунмаяпман, сиз Россияга ёрдам бермоқчимисиз? Демак, бизнинг мақсадларимиз турлича экан. Бу нарсалар Украинанинг, бизга ёрдам бермоқчи бўлаётган ҳамкорларнинг мотивациясини синдиради. Шунинг учун, тўғриси, сизнинг мақсадингизни тушуна олмадим.

Washington Post журналисти Зеленскийга унинг мақсади Россияга ёрдам бериш эмаслиги, бу маълумотларни унга ҳеч ким бермагани, улар АҚШ махсус хизматларининг интернетга сизиб чиққан ҳужжатларидан олинганини айтган. Унда АҚШ Украина президентини тинглаётгани айтилган. Зеленский эса журналистларга кимдир маълумотларни бераётганини айтиб, ўз фикрида туриб олган.

«Бу ҳужжатлар интернетда йўқ, улар ниманингдир бир қисми эди. Масалан, биз нормал жамият сифатида бунча маълумотни қўлга кирита олмаганмиз. Балки буни сиз, балки муҳаррирларингиз чоп этаётгандир, мен ҳеч кимни хафа қилишни истамайман. Сиз Украинанинг қарши ҳужуми ҳақида ёзяпсиз. Кимдир нимадир эшитган, кейин кимдир уни чоп этган, аммо бу маълумотлар жамланмаси Украина фойдасига хизмат қилмаяпти», деб эътироз билдирган Зеленский.

«Мен билан ўйин ўйнаманг»

Украина президенти АҚШнинг сизиб чиққан ҳужжатларини «таъсирли» деб ҳисобламаслигини билдирган. «Мен бу ҳужжатлар таъсирли деб айтсам, ҳужжатлар ҳаққонийлигини тасдиқлаган бўламан. Илтимос, мен билан ўйин ўйнашни бас қилинг. Мен урушаётган, ҳақиқий уруш ҳолатидаги давлат президентиман», деган Зеленский.

Украина етакчиси сизиб чиққан материалларни ҳужжат деб атай олмаслигини айтган. Бу ҳақда нима дейишини билмагани сабаб ҳам гапирмаслигини таъкидлаган.

Зеленскийнинг «кесилган» интервюси фонида Washington Post сизиб чиққан ҳужжатлардан Пригожин билан боғлиқ бошқа маълумотларни ҳам эълон қилди. Газета АҚШ махсус хизматларининг сизиб чиққан ҳужжатларига таяниб ёзишича, «Вагнер» ХҲК асосчиси Евгений Пригожин Киевга Бахмутдан украиналик аскарларни олиб кетиш эвазига Россия армиясининг бошқа ҳудудлардаги манзиллари ҳақида маълумот беришни таклиф этган.

Мақолада айтилишича, Пригожин бу келишув таклифини уруш даврида муносабат ўрнатган Украина мудофаа вазирлиги бош разведка ташкилотидаги таниши орқали етказган. WP'га кўра, Пригожин бу борада телефонда гаплашишдан ташқари Африкадаги давлатлардан бирида Украина разведкаси офицери билан шахсан учрашган ҳам. Пригожин айнан қандай позицияларни сотмоқчи бўлгани ҳақида айтилмаган.

Washington Post'нинг Украина разведкасидаги икки манбаси Пригожин Украина разведкаси билан кўп марта мулоқот қилганини тасдиқлаган. Бу манбанинг айтишича, Пригожин чиндан Бахмут бўйича келишув таклиф қилган, лекин унга ишонишмагани сабаб бу иш амалга ошмаган. Вашингтонда ҳам Пригожиннинг самимийлигига шубҳа билдиришган.

«Мен ҳамон Африкадаман»

«Вагнер» асосчиси Пригожин ўз ахборот хизматига тегишли Telegram-каналда Украина разведкаси билан алоқаси борасидаги хабарларга истеҳзо билан муносабат билдирди: «Ҳа, албатта бу маълумотларни тасдиқлай оламан. Буданов билан ҳозир ҳам Африкада бўлиб турибман. Washington Post интервюдан парчаларни ўчириб юборганига келсак, улар ҳамон Африкада эканини кимдир билиб қолган ва улар чипта сотиб олишга улгурмаган. Улар бизнес-классга чипта сотиб олишга пул сарфламоқчи эмас, доимгидек пул тежашяпти», деган Пригожин.

Вагнерчилар раҳбари кейинроқ бу борада яна бир пост қолдириб, журналистлар кўпроқ меҳнат қилиб, Буданов билан дўстона оҳангда гаплашганини исботловчи телефондан скриншотлар қилиши ҳам кераклигини айтиб, масхара қилган.

«Медуза» аввалроқ ўз манбаларига таяниб россиялик уруш тарғиботчиси бўлган пропагандачилар Россия президент администрациясидан агар Пригожин Россия мудофаа вазирлигини ҳақорат қилишда давом этадиган бўлса, уни душман сифатида кўрсатиш бўйича кўрсатма олгани ҳақида ёзганди.

«Вагнер»га ўтганларни қамаш таклиф қилинди

Бу маълумотлар фонида Россия медиасида яна бир можаро юзага келди. Россия Давлат думаси депутати Виктор Соболев ҳарбийлар орасида кимдир «Вагнер»га ўтиб кетадиган бўлса, уларни 15 йилга қамаш кераклигини айтди. Бунга жавоб берар экан, Пригожин истеъфодаги генерал Соболевга «фронтга бориб нималарга қодирлигини исботлаш»ни таклиф қилди. Шунингдек, уни «мияси айниган лақма» деб атади.

Мавзуга оид