Жамият | 16:33 / 17.05.2023
93570
13 дақиқада ўқилади

«Бировнинг ҳақи буюрмас экан» – Россиядан тилла тангаларни ўғирлаб келган одамнинг надоматлари (Ҳаётий ҳикоя)

«Ўн кунча ишлаб уйнинг томини буздик, навбат деворларга келди. Деворлардан бирини йиқитар эканман ғиштлар орасидан тилла тангалар солинган хумча чиқиб қолди. Уни дарҳол яширдим. Тангаларни Ўзбекистонга қандай олиб кетсам деб юрган пайтимда қатиқнинг идишига кўзим тушиб қолди. Битта тангани идишга солсам оғзидан бемалол ўтиб кетди. Бўлди, тангаларни қатиқнинг идишига солиб олиб кетаман».

Фото: KUN.UZ

Электрон почтамга юборилган навбатдаги мактубни ўқир эканман хаёлимга агар у маҳоратли режиссёрнинг қўлига тушса яхши филм қилса бўлар экан деган ўй келди. Ҳодиса ҳақиқатдан ҳам жуда қизиқарли бўлиб, унда мактуб эгаси бундан анча йиллар аввал бошидан ўтказган воқеаларни ёзган экан.

Маълум бўлишича, у 20 йилча аввал Россияга ишлашга бориб бой лўлилардан бирининг эски уйини бузаётганда тилла тангалар топиб олган. Бироқ бу ҳақда уйнинг эгасига ва шерикларига айтмаган ва тангаларни Ўзбекистонга олиб келган.

«Катта таваккал қилиб тилла тангаларни Ўзбекистонга олиб ҳам келдим. Бироқ ўшанда қилаётган ишим нотўғрилигини, бировнинг ҳақи бировга буюрмаслигини ўйламабман. Охир-оқибат ҳамқишлоқларим олдида юзим шувит бўлди, уятга қолдим. Орадан қарийб 20 йил ўтган бўлсада танишларим ўша ишимни ҳанузгача бетимга солишади», дейди у мактубда.

«2004 йил уч нафар ҳамқишлоғим билан уч-тўрт сўм ишлаб келиш мақсадида Россияга жўнадик. Ўшанда ҳеч биримиз рус тилини тузук билмаймиз. Иш топиб берар деган умидда бир қанча ҳамқишлоқларимиз савдо-сотиқ билан шуғулланадиган Челябинск шаҳри томон йўл олдик.

Манзилга етиб борганимиздан сўнг ҳамқишлоқларимиз бир неча кун меҳмон қилишди. Бироқ маълум бўлдики, уларнинг ҳеч бирида бизбоп бўш иш ўрни йўқ экан.

«Укалар, бу ердаги бозорларда бир нечтадан қуруқ ва ҳўл мева, сабзавотлар билан савдо қилувчи дўконларимиз бор. Бироқ уларга сизларни ишга ололмаймиз. Бизга рус тилини яхши биладиган одам керак. Шу учун маҳаллий сотувчиларни руслардан олганмиз. Хафа бўлмайсизлар, энди», дейишди улар.

Ҳамқишлоқларимиз бизга ижарага арзонроқ уй топиб беришди. Ётоқ-жой муаммоси ҳал бўлгач шаҳар четида жойлашган мардикор бозорига чиқа бошладик.

Ўша пайтларда ҳали юртдошларимиз ёппасига иш излаб Россияга бормас, бизга ўхшаганлар кам эди. У ёқ-бу ёқларда фақат тожикистонликлар ишлаб юрарди.

Бизга ҳар кун иш бўлар, иш ҳақи ҳам ёмон эмасди. Кимнидир иши бир кунда тугар, эртаси куни яна мардикор бозорига борардик. Кимнидир иши эса 3-4 кун давом этарди.

Ана шундай кунлардан бирида теридан тикилган пиджак кийган, бўйнига йўғон тилла занжир осган бир киши келди. У бобосидан қолган эски уйни бузиш кераклигини, агар нархини келишсак шу ишни бизга қилдиришини айтди.

Ранги буғдойранг бўлгани учун уни аввалига кавказлик деб ўйладик. Кейин билсак у россиялик лўлилардан экан. Лўли билан нархни келишдик, пулни иш тугагач берадиган бўлди.

Лўлиларнинг бойи ҳақида эшитгандик, тиригига илк бор дуч келиб турибмиз. У бизни ваҳимали хориж машинасига ўтқазиб олиб кетди. Бузиладиган уй шаҳар четроғида экан. Ўша куннинг ўзида ишни бошлаб юбордик.

Иш бошлаганимиздан сўнг лўли уй 150 йиллик тарихга эга эканини, катта бобосидан мерос қолганини айтиб берди. «Катта бобом жуда катта бой бўлган. Мабодо девор орасидан нимадир чиқиб қолса мен бехабар қолмай» деди лўли. Унинг бу гапини ҳазилга йўйдик.

Ўн кунча ишлаб уйнинг томини буздик, навбат деворларга келди. Уйнинг бир қисми ёғочдан, бошқа қисми пишиқ ғиштдан тикланган экан. Ёғочдан бўлган қисмини осонгина буздик. Ғиштли деворларни бузиш бироз машаққат бўлди.

Ана шундай кунлардан бирида қўлимдаги лом билан деворни йиқитганимда ғиштлар орасидаги ковакдан хумча чиқиб қолди. Шерикларимдан яшириб уни очиб кўрсам тилла тангалар экан. Хумчани ўша заҳоти оёқ остидаги ғишт бўлаклари орасига яширдим.

Туни билан ухламадим. Тилла ҳақида лўлига айтсамми, айтмасамми деб ўзим билан ўзим олишиб чиқдим. Нафсим ғолиб келди ва бойлик топганим ҳақида шерикларимга ҳам, лўлига ҳам индамайман деган қарорга келдим.

Бир-икки кун шу тарзда ишладим ва тилла тангаларни нима қилиб бўлса ҳам Ўзбекистонга олиб келиш ҳақида ўйлай бошладим. Ўша пайтда қозоқлар Челябинскдан Тошкентга автобусда одам ташир, ўша билан кетишни режа қилдим.

Лўли ҳар кун бизга тушлик олиб келар, қилган ишларимизни текшириб чиқар, мабодо бойлик чиқмаяптими деб ҳазиллашиб қўярди. Унга ҳеч нарса чиқмади деганимда юзим қизариб кетар, бироқ на лўли, на шерикларим шубҳаланмасди.

Тиллани қандай қилиб олиб кетсам деб юрган пайтимда лўли тушлик билан бирга олиб келадиган қатиқнинг идишига кўзим тушиб қолди. Шерикларимга сездирмай битта тилла тангани идишга солиб кўрдим, оғзидан бемалол ўтиб кетди. Топағонлигимдан қувониб кетдим, тангаларни кефирнинг ичига солиб олиб кетаман. Йўлда ҳеч ким ундан шубҳаланмайди.

Эртаси куни лўли келганда унга уйга бориб келмоқчи эканимни, шунга иш ҳақимни беришини сўрадим. У иш ҳақимнинг ярмини берди.

«Мана шу пул сенга йўлкирага ва уйингдагиларга совға-салом олишга етади. Қайтиб келиб ишни тугатасан, кейин иш ҳақингнинг ҳаммасини оласан» деди у.

Ўша куни тушдан кейин тиллаларни олдим ва ишдан вақтлироқ чиқдим. Уйдагиларга у-бу нарса, йўлда еб кетиш учун озиқ-овқат ҳам олдим. Улар орасида учта идишда қатиқ ҳам бор эди.

Тунда қатиқлардан бирини бўшатдим. Ичига тангаларни солдим. Сўнг тепасида жой қолганди озроқ қатиқ қуйиб юбордим. Унинг ичида тилла танга борлигини ҳеч ким тахмин қилмасди. Эртаси куни Челябинск-Тошкент автобусига чиқиб олдим ва Ўзбекистонга жўнадим.

Нон ва колбасани паррак қилиб кесиб олдим ва қатиқ идишлари билан елим пакетга солиб қўйдим. Россиядан Қозоғистонга ўтиш осон кечди. Қўлимдаги егулик солинган елим пакет ҳеч кимда шубҳа уйғотмади. Тошкент яқинидаги божхона масканига етиб келгунча йўлда ҳам ҳеч қандай муаммо бўлмади.

Қозоғистон томонда чегарадан ўтишда навбатда турар эканман, тиллани сезиб қолишса-чи, деб бироз ҳаяжонланардим.

Қозоғистон божхоначиларидан тинч ўтиб олдим. Навбат Ўзбекистон томонга келди. Сумкамга кийимлар ва совға-салом жойланган. Қўлимдаги елим пакетда танга солинган қатиқ идиши, нон бўлаклари ва паррак қилиб кесилган колбаса турибди.

Божхона текширувидан ўтар эканман сумкамни аппаратдан ўтказишди, ичини очиб кўришди, унда ҳеч нарса йўқ. Қўлимдаги елим пакетни кўрсатар эканман божхона ходимининг кўзига қарамасликка ҳаракат қилдим.

Божхона ходими кесилган колбаса бўлаклари, нон ва қатиқ идишига қаради-да, қаердан келяпсиз, деди. Россиядан дегандим, ўтаверинг, деди. Ўша пайтда елкамдан тоғ ағдарилгандай бўлди ва енгил нафас олдим.

Уйга етиб келганимдан сўнг тилла ҳақида ҳеч кимга индамадим. На ота-онам, на хотиним у ҳақда хабардор бўлишмади. Шундан сўнг унинг бир донасини тортиб кўргим келди.

Ўша пайтларда электрон тарозилар энди чиққан ва фақат қишлоқ марказидаги дўконда бор эди. Тангалардан бирини олдим ва дўконга чиқдим. Туш пайтида ҳеч ким йўқ экан, тангани тарози устига қўйдим.

Шу пайтда дўконга Челябинскка бирга борган шеригимнинг укаси кириб қолса бўладими?! У тарози устидаги тангани кўрди ва «қаердан олдингиз?» деди.

Ўша пайтда бир муддат тилим каловланиб қолди ва унга нима деб жавоб беришни билмасдим. Бобомдан қолган десам бобом камбағал ўтганини ва бундай тилла тангани умрида кўрмаганини ҳамма билади.

Сотиб олдим десам, бунга ҳам ишонмайди. Ўзи куним ўтмай Россияда мардикор бўлиб юрибман. Топиб олдим десам ҳам ишонмайди, тилла танга кўчада тушиб ётадиган нарса эмас.

Шу пайтда бир баҳона қолган эди холос: «Россияда хўжайин иш ҳақимга бир дона танга берди». Ўшанда тиллаларни эгасига, лўлига бермаганим бир хато, шеригимнинг укасига хўжайин иш ҳақига берди дейишим иккинчи хато бўлди.

Шеригимнинг укаси дўкондан индамай чиқиб кетди. Мен ҳам тиллани олиб бориб стоматолог врачга сотиб юбордим. Кўп ўтмай унга иккинчи тангани ҳам сотдим.

Ана шундай кунлардан бирида эшик тақиллаб қолди. Чиқсам икки нафар ички ишлар ходимлари туришибди. Уларни кўриб юрагим шув этди. Нарироқда турган ИИБ машинасининг орқа ўриндиғида кимдир ўтирибди. Бекорга хавотирланмаган эканман, машинадан Челябинскда бизга уйини буздираётган лўли тушиб келди.

ИИБ ходимлари билан ўртамизда қисқа савол-жавоб бўлди. «Фалонча Фалончиев сизми? Яқинда Россиядан келдингиз». Тасдиқ маъносида бош ирғитдим. «Тилла тангаларни олиб чиқинг». Индамай олиб чиқдим.

Лўли уларни санаб кўрдида «Нечтасини сотдинг» деди? Иккитасини сотганимни айтдим, бироқ у ишонмади.

ИИБ ходимлари тиллаларни кимга сотганимни сўрашди ва мени ўзлари билан бирга стоматолог врачнинг ишхонасига олиб боришди. Мен машинада қолдим, ўзлари ичкарига кириб кетишди. Кўп ўтмай врач билан қайтиб чиқишди.

Тиллалар ҳали ҳам врачнинг қўлида экан, лўли уларни қайтариб олди. ИИБ ходимлари менга врачни пулини қайтаришимни айтишди. Шундан сўнг ўша ернинг ўзида тиллаларни Россиядан Ўзбекистонга қандай қилиб олиб келганим ҳақида сўрашди, ҳаммасини айтиб бердим.

Ҳикояни эшитиб лўли афсус дегандай бош чайқарди:

«Ўзбеклар ҳар доим ҳалол бўлишади деб ўйлардим. Бироқ ораларида сенга ўхшаган бировнинг ҳақидан қўрқмайдиганлари ҳам бор экан. Бобомдан қолган уйни хоҳласам булдозер билан ҳам текислаб ташлардим. Бироқ эски уйнинг қай бир бурчагида бойлик бор деган гумонда уни сенлар ёрдамингда қўлда буздирдим. Эсингда бўлса иш бошлаганларингда «бойлик чиқса айтинглар» деб уқтиргандим. Ўшанда хўп дегандинг, бироқ лафзингда турмадинг. Агар тиллани топган заҳотинг менга хабар берганингда сени қуруқ қўймасдим. Энди эса иш ҳақингдан айрилдинг, врачдан қарз бўлиб қолдинг. Камига маҳаллангда шарманда бўлдинг. Менга раҳмат айт, ИИБ ходимларига тиллаларни қайтариб олсам сенга иш очмасликларини илтимос қилгандим. Акс ҳолда ўғирлигинг учун жавобгарликка ҳам тортилардинг».

Лўли гапирар экан бошимни эгиб турардим холос. Бироздан сўнг ИИБ ходимлари «Керак бўлиб қолсанг чақирамиз» дейишди ва лўлини олиб қайтиб кетишди. Мен гарданимда врачга беришим керак бўлган қарз билан қолдим.

Уйга қайтсам қилган ишим аллақачон қишлоқда овоза бўлган, ҳамма устимдан куларди. Ҳодиса тафсилотларини эшитган танишлар эса «Лўли мард экан, бошқаси бўлганда қаматиб ҳам юборарди» дейишди.

Мени бир савол қийнарди, лўли тиллаларни топганимни ва Ўзбекистонга олиб келганимни қаердан билди? Шеригимни укаси дўконда тангани торганимни кўрганди, унинг олдига жўнадим.

Маълум бўлишича, шеригимнинг укаси дўконда тилла тортаётганимни кўргач ишлари билан чалғиб ўша ҳодисани унутиб юборган.

Орадан икки ҳафта ўтиб акаси уйдагиларига телефон қилганида тилла тортганим эсига тушади. Шунда у акасига «Шеригингга хўжайин иш ҳақини тилла билан тўлабди. Сен ҳам пул ўрнига тилла ол» дебди.

Укасидан тилла ҳақида эшитган шеригим эртаси куни лўли тушлик олиб келган пайтда «Хўжайин, шеригимизга иш ҳақига тилла берибсиз, бизга ҳам шундай қилинг. Пул ўрнига тилла танга беринг» дейди. Ана шу пайтда лўли ҳушёр тортади ва Тошкентга қараб учади.

Кейин Тошкентдаги лўли танишлари орқали ИИБга мурожаат қилади. Тошкентга учишдан аввал у шерикларимга «Тошкентга иш билан боряпман, манзилини беринглар, иш ҳақининг қолганини бериб келаман» деб исм-шарифим ва манзилимни ёзиб олган экан. Бу тафсилотларни бир неча ойдан сўнг қишлоққа қайтган шеригим айтиб берди.

Ўшанда бу воқеа мен учун жуда катта сабоқ бўлди. Шундан сўнг минбаъд бировнинг нарсасига ҳатто у кўчада тушиб ётган бўлса ҳам тегмайман деб онт ичдим. Ҳозирча онтимни бузмадим.

Бироқ ўтган йиллар мобайнида биргина ўйламасдан қилинган иш туфайли ўғри деган тавқи лаънатдан қутулмадим. Ҳодисадан хабар топганлар орадан шунча йил ўтган бўлса-да, ҳанузгача уни юзимга солишади. Эслаб устимдан кулишади».

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид