Ўзбекистон | 19:00 / 18.05.2023
29782
2 дақиқада ўқилади

Тошкентнинг чеккасидаги мактабда ўқувчини илон тишлаб олди

Воқеа Бектемир туманида, экинзор дала ва канал яқинида жойлашган 348-мактабда рўй берган. Шифохонадаги текширувларда боланинг соғлигига жиддий зиён етмагани аниқлангач, у шу куннинг ўзида дарсларда қатнашган.

Фото: Бектемир тумани ҳокимлиги

Тошкентнинг Бектемир туманидаги 348-мактабда 6-синф ўқувчисини илон тишлаб олди. Бу ҳақда интернетда тарқалган хабарни Тошкент шаҳар ММТБ тасдиқлади.

Маълум қилинишича, бу мактаб биноси 1978 йилда қурилган бўлиб, Бектемир тумани Забардаст маҳалласининг Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманидаги экинзор дала ҳудуди билан чегарадош қисмида жойлашган. Бу ердан катта оқава сув канали ўтган.

10 май куни соат 12:30 ларда мактабнинг 6-синф ўқувчиси Ў.А.ни мактаб биносининг 2-қавати дераза ром қисмининг тирқишидан илон (дала сув илони) тишлаб олган.

Расмий хабарда айтилишича, ўқувчига шу вақтнинг ўзида биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилиб, ота-онаси ва синф раҳбари ҳамроҳлигида Тошкент шаҳридаги 16-сонли шифохонага олиб борилган. У ерда ўқувчига жиддий жароҳат етмагани аниқланиб, ўқувчи шу куннинг ўзида мактабдаги дарс жараёнларида қатнашган.

Қўшимча қилинишича, 348-мактабда 2008 йилдан бери таъмирлаш ишлари олиб борилмаган бўлган. Фақатгина 2023 йилнинг март-апрел ойларида “Ташаббусли бюджет” асосида мактабнинг том қисми мукаммал таъмирланган. Давлат дастурига кўра, мактабни 2024 йилда тўлиқ мукаммал таъмирлаш кўзда тутилган.

Мавзуга оид