Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
МИБ ислоҳ қилиниши ва Бош прокуратура тасарруфидан чиқарилиши ҳақидаги хабарлар рад этилди
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ахборот хизматига кўра, бу хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди.
Интернетда Мажбурий ижро бюросининг Бош прокуратура бўйсунувидан чиқиши ҳамда ташкилот ислоҳ қилиниб, Ижро ҳужжатларини амалга ошириш агентлиги дея қайта номланиши ҳақидаги хабарлар тарқалди.
МИБ ахборот хизмати ушбу хабарларни рад этиб чиқди.
“Аввало айтиш керакки, ушбу хабарлар ҳақиқатга мутлақо тўғри келмайди. Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлаш Бюронинг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланган.
Шу боис таҳлиллардан келиб чиқиб, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан кенгроқ фойдаланиш орқали мажбурий ижро тизими тезкорлиги ва самарадорлигини янада оширишга қаратилган таклифлар тайёрланмоқда”, дейилади идоранинг расмий баёнотида.
Қайд этилишича, бюро фаолиятини такомиллаштиришда уни Ижро ҳужжатларини амалга ошириш агентлиги сифатида қайта ташкил этиш кўзда тутилмаган.
МИБ фаолияти тугатилиши ёки ташкилот ваколатлари бошқа идорага ўтказилиши ҳақидаги хабарлар биринчи марта тарқалмаяпти.
2019 йили МИБ Адлия вазирлиги ҳузурида фаолият олиб борувчи хизматга айлантирилиши, унинг номидаги «мажбурий» сўзи олиб ташланиши ҳақидаги хабарлар тарқалганди.
2020 йил 1 январдан МИБнинг сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари учун тўловларнинг тўлиқлиги ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш, истеъмолчиларнинг қарздорлигини камайтириш бўйича функциялари “Ўзсувтаъминот” АЖ ва унинг таркибига кирувчи ташкилотларга ўтказилганди.
2020 йил июндаги президент фармони билан МИБ қатор ваколатларидан айрилганди.
2022–2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси лойиҳасига кўра, Мажбурий ижро органлари фаолиятига халқаро стандартларни босқичма-босқич жорий этиш ва айрим функцияларни хусусий секторга ўтказиш, давлат ижрочилари иш юкламасини камайтириш режалаштирилгани, шунингдек, ижро ишини юритиш тизимини рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш белгиланганди.
Мавзуга оид
10:00 / 14.05.2025
3 млрд сўмлик энергия ресурслари талон-торож қилингани аниқланди
16:03 / 30.04.2025
Россия Бош прокуратураси ўзбекистонлик мигрантларнинг ҳуқуқларига риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш мажбуриятини олди
19:27 / 21.04.2025
Фарғонадаги хусусий клиникага бурун операцияси учун борган департамент ходими вафот этди
11:10 / 18.03.2025