Ўзбекистон | 17:28 / 20.05.2023
16345
3 дақиқада ўқилади

Россиялик блогер Иля Варламов «Ўзбекистон темирйўллари»даги хизмат кўрсатиш сифатини танқид қилди

Таниқли блогер Иля Варламов “Тошкент-Самарқанд” йўналишидаги поезднинг “люкс” купесидаги шароитларни танқид қилиб, поезд эгасига ҳайфсан беришни сўради.

“Тошкент-Самарқанд” йўналишида “люкс” купега чипта сотиб олган блогер хизматлар намунали эмаслигига, купедаги шароитлар қониқарсиз эканлигига эътибор қаратган.

Икки хил турдаги чипта бор: оддий ва “люкс”. Оддийси ўтириб кетадиган вагон, “люкс”и эса бир ёки икки кишилик, ҳожатхона ва ювиниш хонаси алоҳида бўлган купе. Бу вагон учун чипта нархи қиммат, 100 доллардан ошиқроқ. Ўзбекча “люкс” қандай эканлигига қизиқиб, чипта олдим.

Афсуски, купе ойнасига негадир скотч ёпиштириб ташланган. Жуда ёқимсиз ҳолат. Ёстиқ ва ўриндиқ жилдлари ювилган, бироқ оппоқ эмас. Стол тоза эмас. Бу ерда деярли ҳеч нарса йўқ, ҳатто ичимлик суви қўйиб қўйишмаган. Асосийси, ювиниш хонаси умуман ёпиб қўйилган, ҳожатхонаси эса жуда ифлос.

Бу ҳолатни кўрган сайёҳлар ўзбеклар тоза халқ эмас экан, деган фикрга келади. Аммо ўзбеклар тоза халқ. Шунчаки, ушбу поезднинг эгаси ёки ушбу вагон назоратчиси ўзбекларни “подстава” қиляпти”, — дея таъкидлаган Иля Варламов.

Журналист Шаҳноза Соатова ушбу ҳолатга ўз муносабатини билдириб, узоққа қатновчи транспорт етарли даража ва сифатда бўлмаса, ҳеч қандай ички туризм ривожланмаслиги ҳақида ёзди.

Темирйўллар монополиямиз бети бошқа монополиямизникидан баттар шекилли. 300 км учун 100 доллар олиб, души ишламайдиган, ифлос, унитазларида пешоб қолдиқлари оқиб ётган бир купени беряпти экан. Одамлар индамас экан деб, индаса ҳам биздан бошқа танлов йўқ деб, шунчаликка бориш мумкинми?

Мен шунча сафарда юриб, бирон ерда темирйўл учун чипта йўқ, бир ой олдин олиш керак деган гапни эшитмадим. Ички туризмни ривожлантирамиз деб нечта қарор чиқмасин, узоққа қатновчи транспорт етарли даража ва сифатда бўлмаса, ҳеч қандай ички туризм ривожланмайди”, — деган журналист.

Мавзуга оид