Иқтисодиёт | 13:54 / 20.05.2023
37571
7 дақиқада ўқилади

ЕТБга аъзолик эҳтимоли, Ўзбекистонга келаётган Mastercard ва Exeed — иқтисодий таймлайн

Ўзбекистон Евросиё иқтисодий иттифоқига дохил халқаро банкнинг иштирокчисига айланиши мумкин. Сирдарёда Хитойнинг Exeed бренди остидаги автомобилларни ишлаб чиқариш яқин ҳафталарда бошланиши айтилди. Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистон анчадан бери режа қилинаётган темирйўлни қуришга ким қанча пул ажратади, деган саволни муҳокама қилишни бошлайди. Ҳафтанинг иқтисодий янгиликлари билан “Иқтисодий таймлайн”да маълумот берамиз.

Ўзбекистон Евросиё тараққиёт банкига қўшилиши мумкин

Бу ҳақда 15 май куни ташкилот раҳбари Николай Подгузов маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, банк ва Ўзбекистон ўртасида музокаралар олиб борилмоқда ва кўплаб позициялар бўйича яқинлашув кузатилган. Шу сабабли, ҳозирги вақтда Ўзбекистон банкка қўшилиш учун энг реал номзод деб кўриляпти.

2006 йилда ташкил этилган, устав капитали 7 млрд долларга тенг бу халқаро молия ташкилоти минтақада иқтисодий интеграцияни қўллаб-қувватлашга қаратилган инвестиция фаолиятини амалга оширади.

Евросиё тараққиёт банкига Россия, Беларус, Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон аъзо. Эслатиб ўтамиз, бу рўйхатдаги Тожикистондан ташқари қолган 5 та давлат Евросиё иқтисодий иттифоқи таркибига ҳам киради. Ўзбекистон 2019 йилдан бери бу иттифоққа ҳам аъзо бўлиш истиқболларини ўрганиб келяпти.

Хитойга ташриф – иқтисодий келишувлар

Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга давлат ташрифи чоғида Хитой компаниялари Ўзбекистондаги электр тармоқларини янгилашга жалб этилиши маълум қилинди.

Хитойнинг Sian Electric Engineering компанияси Ўзбекистондаги электр узатиш линиялари ва нимстанцияларни қуришга маблағ ажратади. Energy China инвестицион компанияси эса Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида қуёш фотоэлектр станциялари, Universal Energy компанияси шамол электр станциялари қурилишини молиялаштиради.

Шунингдек, “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темирйўлини қуриш бўйича музокараларнинг янги босқичига ўтилди. Лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари тайёр бўлган, эндиликда у экспертизадан ўтказилади. 18 май куни имзоланган уч томонлама келишув темирйўлни қуриш лойиҳасини ишлаб чиқиш ва молиялаштириш моделини аниқлашга қаратилган.

Хитойдан Ўзбекистонга темирйўл қурилса, Шарқий Осиёдан Яқин Шарқ ва Жанубий Европагача йўл тахминан 900 км, юк ташиш муддатлари эса 1 ҳафтага камаяди. Бу йўлдан йилига 12-15 миллион тонна юк ташилиши мумкин.

Бундан ташқари, Сирдарёда Хитойнинг Exeed бренди остида автомобиллар ишлаб чиқариш бошланиши кутиляпти.

Ташриф чоғида, 2023 йили Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги савдо айланмаси 10 млрд долларга етказилиши ҳам маълум қилинди.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки конференциясида нималар бўлди?

16-18 май кунлари Самарқандда Европа тикланиш ва тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 36-конференцияси бўлиб ўтди. Президент Шавкат Мирзиёев конференция очилишидаги нутқида Ўзбекистон бу йил Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш йўлида салмоқли натижаларга эришишига ишонч билдирди.

Маълум бўлишича, Европа тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистон иқтисодиётининг яқин келажагига ишонч билан қараяпти. Банкнинг янгиланган прогнозига кўра, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотлари 2023 ва 2024-йилларда 6,5 ​​фоиздан ўсишга эришиши тахмин қилиняпти.

Конференция доирасида ЕТТБ Ўзбекистондаги қатор лойиҳаларни молиялаштириши бўйича битимлар имзоланди.

Хусусан, ушбу банк маблағлари асосида Ўзбекистонда 15 та мактаб қурилади. Лойиҳанинг капитал қиймати 55-75 миллион долларга баҳоланди.

ЕТТБ, шунингдек, Самарқанд шаҳрига 100 тагача ўрта ўлчамдаги электробуслар сотиб олиш учун маблағ ажратадиган бўлди. Банк ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида 49 млн долларлик суверен кредит бўйича битим тузилди.

Бундан ташқари, мазкур молия ташкилоти Uzbekistan Airports'га Ўзбекистоннинг халқаро аэропортларида ускуналарни янгилаш учун 28 млн еврогача узоқ муддатли молиялаштиришни тақдим этадиган бўлди.

Конференция доирасида БААнинг TAQA ва Masdar компаниялари билан умумий қиймати 3,8 млрд долларлик энергетика лойиҳаларини амалга ошириш бўйича битимлар имзоланди. Masdar директори Муҳаммад Жамил Ал Рамаҳининг айтишича, компания кейинги йилларда Ўзбекистонда 10 гигаватт қувватларни ишга туширмоқчи.

Ўзбекистон билан боғлиқ режалари ҳақида Mastercard'нинг минтақавий президенти Димитриос Досис ҳам айтиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, Mastercard Ўзбекистонда расмий ваколатхонасини очмоқчи. Бу банк-молия соҳасида рақамли технологияларни ривожлантиришга кўмак беради.

2 триллион сўмлик тендерда 2та компания ғолиб бўлди

Давлат ташкилотларининг бинолари ва ижтимоий объектларга қуёш панелларини ўрнатиш бўйича 6 та лотда ўтказилган салкам 2 трлн сўмлик тендерда 2 та компания ғолиб деб топилди.

Жумладан, 9 та вилоят ва Тошкент шаҳридаги объектларга қуёш панеллари ўрнатиш бўйича 1,1 трлн сўмлик 4 та лотни “Virtes Power” МЧЖ ютиб олган. 729 млрд сўмлик қолган 2 та лот бўйича лойиҳалар эса “Cifra B” компаниясига берилган.

6 та лотда ғолиблик 2 та компания ўртасида тақсимланганига блогерлар эътибор қаратиши ортидан, Энергетика вазирлиги тендер натижалари бекор қилинганини маълум қилди. Вазирликка кўра, танловда қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиш бўйича 18 та компания иштирок этган. Ғолиб деб топилган компаниялар билан тузилган шартномалар шартлари бажарилмагач, натижалар бекор этилиб, янги танлов эълон қилинган.

Камбағалликка қарши курашиш форуми бўлиб ўтди

Ўзбекистон ҳукумати камбағалликка қарши курашиш дастурлари қанчалик натижа бераётганини баҳолашдан ўтказиши керак. Бундай фикрни иқтисодиёт бўйича Нобел мукофоти лауреати, Массачусетс технология институти профессори Абҳижит Банержи илгари сурди. У бу ҳақда 18 май куни Тошкентда бўлиб ўтган Камбағалликни қисқартириш 2-халқаро форумидаги нутқида тўхталиб ўтди.

Профессорнинг айтишича, ижтимоий ҳимоя дастурларининг самарасини қайта баҳолашда ажратилаётган маблағлар тўғри одамларга етиб бориши, керакли эффектни бериши учун нималарни ўзгартириш кераклиги кабилар ўрганилади. Бундан ташқари, Абҳижит Банержи бизнесни қўллаб-қувватлашнинг энг самарали йўлларини аниқлашга ҳам чақирди. Масалан, унинг айтишича, ҳар хил солиқ имтиёзларига янги тадбиркорларнинг муносабатини ўрганиш керак. Иқтисодчи ўз нутқида камбағалликни қисқартириш учун касбга ўқитиш ва мактаб таълими сифатини ошириш кераклигига ҳам урғу берди.

Шу форумда сўзга чиққан бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоровнинг айтишича, ҳукумат камбағалликни қисқартиришда 4 та йўналишни устувор деб белгилаб олган. Булар – қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, қишлоқларда саноатни ривожлантириш, инфратузилмани яхшилаш ва урбанизацияни қўллаб-қувватлаш.

Мадина Очилова тайёрлади.
Оператор – Мирвоҳид Мирраҳимов
Монтажчи – Муҳиддин Қурбонов.  

Мавзуга оид