Бахмут учун жанг. Шаҳар эгалландими ёки йўқ? Асосий саволларга жавоблар
Украина қуролли кучлари шаҳар учун жанглар давом этаётганини айтмоқда.
«Вагнер» ХҲК раҳбари Евгений Пригожин 20 май куни ўз жангарилари томонидан анча олдин эгалланган вокзалда турган ҳолда Бахмут шаҳрининг маъмурий чегаралари тўлиқ забт этилгани ҳақида эълон қилди. Бир неча соат ўтиб у далил сифатида хизмат қилиши керак бўлган видеоларни намойиш этди: турли ҳудудлардаги биноларга Россия ва компания байроқлари ўрнатилгани акс этган кадрларни.
Видеога харита ҳам бириктирилган, унга кўра, байроқлар шаҳар ғарбидаги деярли барча районларда кўтарилган, биттасидан ташқари — шаҳардан жануби-ғарбий чиқиш жойига (аввал МиГ-17 самолётига ўрнатилган ёдгорлик билан танилган), бу ҳудуд 19 май куни ҳам «Вагнер» назоратига ўтмаганди. Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Малярнинг сўзларига кўра, Украина ҚК 20 май куни ҳам «самолёт зонаси»даги саноат биноларидаги позицияларида мудофаани давом эттираётганди.
Пригожин можаролашиб келаётган Россия мудофаа вазирлиги ҳам 21 майга ўтар кечаси «Артемовскни озод этиш» (шаҳарнинг советча номланиши) жараёни якунлангани ҳақида эълон қилди.
Шундай қилиб «Вагнер» ХҲК Бахмутни тўлиқ эгалладими?
Катта эҳтимол билан шундай. «Мунозарали» ҳудуд Чайковский кўчаси охиридаги бир неча ўн кўп қаватли уйлар, мактаб, болалар боғчаси ва гаражлардан иборат. Кўчанинг нариги томонида қишлоқ хўжалиги корхоналари жойлашган. Бинолар ва улар орасидаги бўшлиқ Украина қуролли кучлари бўлинмалари томонидан яхши мустаҳкамланган бўлиб, улар бу ерда феврал ойи охиридан буён мудофааланмоқда. Мунтазам ҳужумлар ва артиллерия зарбаларига қарамай, «Вагнер» ХҲК ўтган вақт давомида Украина қуролли кучларининг зич бинолардаги мудофаасини ёриб ўта олмаётганди.
Аммо сўнгги кунларда Бахмут мудофаачиларининг ҳолати кескин ёмонлашди: 18 майга келиб, шаҳарнинг бошқа районлари мудофааси қулагач, бу райондагилар бутун ХҲК ва унинг артиллерияси билан юзма-юз қолди. Агар авваллари ёлланма жангчилар уларга фақат шарқдан ҳужум қила олган бўлса, энди шимолдан ҳам, Чайковский кўчаси бўйлаб бостириб кела бошлашди. Бундан ташқари, «самолёт райони»га қуршов хавфи таҳдид солади — ХҲК йўлнинг нариги томонидаги қишлоқ хўжалиги корхоналарини эгаллаб олган тақдирда.
Шу тариқа, агар Украина ҚК бўлинмалари 20 май куни мудофаа ушлаб турилган сўнгги районни ҳали ҳам тарк этмаган бўлса, катта эҳтимол билан яқин соатлар ёки кунлар ичида барибир шундай йўл тутишга тўғри келади.
Рамзий аҳамиятидан ташқари («Бахмут қалъаси»нинг сўнгги қалъаси), район тактик жиҳатдан ҳам аҳамиятли: кўп қаватли уйлар баланд тепаликда жойлашган (шаҳар аҳолиси уни Бугор деб атайди). Тепалик ғарбдаги Бахмут — Константиновка трассаси ўтувчи Ивановское (Красное) посёлкасидан юқорида туради. Украина қуролли кучлари сўнгги ҳафталарда айнан шу йўлдан Бахмутга қўшимча куч ташлаётганди. Тепалик ва ундаги кўп қаватли уйлар эгаллаб олинса, шаҳарга яқинлашиб келиш ҳаддан ташқари қийинлашади — Бугордан ғарбдаги кенглик бир неча километргача яққол кўриниб туради (ва осон ўққа тутилади).
Бу квартал урушга қадар қандай кўринишда бўлганини ушбу панорама (уйларнинг бир қисми, «самолёт ёдгорлиги» каби энди мавжуд эмас) орқали кўриш мумкин. Пригожин томонидан тарқатилган видеонинг сўнгги кадрларида «самолёт ёдгорлиги» ёнидаги осмонўпар бинолардан бирига ўхшаш бинога байроқ ўрнатиш саҳнаси бор, аммо ракурс ва вайронгарчиликлар ишонч билан шундай дейишга имкон бермайди.
Бахмутнинг эҳтимолий қулашининг аҳамияти нимада?
Жангнинг илк кунлариданоқ Бахмутнинг ўзи, асосан, рамзий аҳамиятга эга эди. Шаҳар табиий мудофаа чизиғини ташкил этувчи тепаликлар тизмаси яқинидаги пасттекисликда жойлашган — ва шаҳардаги қурилмалар эмас, айнан тепаликлар Донбасс шимоли ва марказини РФ ҚКнинг эҳтимолий ҳужумидан тўсиб турарди. Урушга қадар Бахмут муҳим транспорт тугуни ҳисобланган, аммо Украина ҚК ўтган йил ёзида Луҳанск областида мағлубиятга учрагач, Бахмут орқали ўтадиган йўллар асосий мудофаа учун аҳамиятини деярли йўқотганди.
Шундай тасаввур ҳосил бўлганки, Бахмутни мудофаа қилиш тўғри қарор бўлган, аммо мудофаани ҳаддан ташқари кўп ресурслар талаб этиладиган босқичда тўхтатиш керак эди. Бу босқичда ундан 10 километр ғарбда ва тепаликда жойлашган янги позицияларга чекиниш мантиқий эди. Аммо 2022 йил ёзида Лисичанск ва Северодонецкдан чекиниши оғриқли кечган Украина ҳукумати, энди бирорта шаҳарни ташлаб чиқмасликка аҳд қилганди.
- Россиянинг дастлабки кучлари (асосан, «ЛХР»даги собиқ «халқ милицияси») Бахмутга 2022 йил август ойи бошида шарқдан яқинлашиб кела бошлади: Украина қуролли кучлари Лисичанск учун жангни бой бергач, Россиянинг илгарилаётган кучларини дарҳол тўхтата олмаганди. Аммо РФ ҚКда ҳам бундай жангдан кейин янги жанг учун етарли ресурслар қолмаганди: ўшанда қўмондонлик билан учрашувдан кейин Владимир Путин Лисичанск учун жангда қатнашганларни расман «таътил»га чиқаради.
- Шундан кейин октябр ойига қадар Россия кучлари амалда Бахмут ва Соледарни штурм қилишга деярли уринмайди. Барчаси октябр ойида, Бахмутга жанубдан «Вагнер» ХҲК отрядлари яқинлашганида барчаси ўзгаради. Вазият ҳали ҳам Украина ҚК учун хавфли туюлмасди — ХҲК узоқ вақт шаҳарнинг шарқий ва жануби-шарқий чеккаларида ўралашиб юради — шунинг учун Украина қўмондонлиги бу ҳудудга йирик захираларни ташлашга шошилмайди. Аммо декабр ойида сафини афв этилган маҳбуслар билан тўлдирган ХҲК кетма-кет ютуқларга эришади.
- Декабр ойида «Вагнер» ХҲК Украина ҚКнинг Бахмутдан жанубдаги Клешчиевка посёлкасидаги истеҳкомларини эгаллайди, шунингдек, отрядларнинг бир қисми шаҳардан шимолдаги Соледарга юборилади. 11 январга келиб Соледар эгалланади, у ердан чекинган украин бўлинмалари эса ушбу шаҳардан ғарбдаги тепаликларда янги мудофаа линияси ташкил этишга муваффақ бўлмайди. Натижада ХҲК ёлланма жангчилари феврал ойида Бахмутни шимолдан ҳам айланиб ўтади. Ой охирига келиб шаҳар қуршовга тушиш хавфи остида қолади.
- Украин қўмондонлиги қаршисида гарнизонни шаҳардан олиб чиқиш масаласи кўндаланг бўлади. Аммо бунинг тескариси бўлган қарор қабул қилинади: шаҳарга ва унинг ғарбий чеккаларига улкан захира кучлар ташланади (бу ўшандаёқ кўпларда, жумладан ҳарбий экспертларда саволлар туғдирганди).
- Украина ҚК «Вагнер»нинг Бахмутни қуршаб олишга бўлган ҳаракатларини қайтаради. Аммо нормал таъминотни тиклаш вазифаси барибир уддаланмайди. Шаҳарни ғарб билан боғловчи йўлларнинг аксари артиллерия, танкка қарши ракеталар, баъзида ўқотар қуроллардан ҳам ўққа тутилади. Натижада йўлларда ҳар куни Украина ҚКнинг янгидан янги танклари, зирҳли машиналари ва пикапларининг қолдиқлари пайдо бўлади. Бундай шароитда тўғридан тўғри шаҳарда ҳимояланаётган гуруҳни жиддий кучайтириш имконсиз эди. Украина ҚКнинг Бахмут ва унинг атрофидаги йўқотишлари шу қадар катталашадики, Пентагондан сизиб чиққан ҳужжатлардан маълум бўлишича, март ойи бошида АҚШ Украина қуролли кучларига шаҳарни тарк этишни тавсия этган.
- Ўз навбатида, «Вагнер» ХҲК ресурслардан ўзи истаган жойда ва вақтда фойдаланиши мумкин эди. Аммо унинг ҳам ресурслари сарфланиб, тугаб боради: ёлланма кучларнинг тактикаси штурм гуруҳлардан фойдаланиб, улардаги катта йўқотишлар эвазига, шунингдек артиллериянинг катта миқдордаги ўқ-дориларини сарфлаб, натижага эришишга асосланганди. Пригожиннинг даъво қилишича, мудофаа вазирлиги қишдаёқ ХҲК учун ўқ-дори юборишни камайтирган (катта эҳтимол билан, Россиянинг барча кучларида ўқ-дорини тежаш бошланганди). Бундан ташқари, қиш охирига келиб собиқ маҳбуслар билан тузилган ярим йиллик шартномалар муддати якунланади, Пригожин эса унга энди қамоқхоналардан одам ёллаш тақиқланганини айтади.
- Апрел ойига келиб Бахмутни эгаллаш — Пригожиннинг ўзи учун ҳам рамзий мақсадга айлангани аён бўлади. Бунгача бир неча ой давомида у ўз мақсади шаҳарни эгаллаш эмас, балки Украина ҚКнинг имкон қадар кўпроқ ресурсларини йўқ қилиб, украин захираларини «майдалаш» эканини айтаётганди. Апрел ойи охирида эса Бахмутни 9 майга қадар эгаллашни ваъда қилмайди, лекин айнан кимга ваъда берганига аниқлик киритмаган (аммо ўқ-дори тақчиллиги туфайли бу мақсадга эриша олмайди).
- Пригожиннинг ўқ-дори етишмовчилиги борасидаги барча шикоятларига қарамай, май ойида ёлланма жангариларнинг артиллерияси кўп қаватли уйлардан иборат бир неча квартални том маънода ер юзидан супуриб ташлаб, Украина ҚКни бу ҳудуддан шаҳарнинг ғарбий чеккаларидаги гаражлар ва шаҳар ташқарисидаги далаларга чекинишга мажбур қилади.
- Ким кимни кўпроқ «майдалагани» ва «ҳолдан тойдиргани» — очиқ масала. Ҳозир кўринишича, Бахмут мудофааси вақтида Украина ҚК жуда жиддий йўқотишларга учраган, ХҲК шахсий таркибининг катта қисми эса маҳбуслар орасидан тўпланганди ва шартнома муддати якунланиши билан барибир жанг майдонини тарк этган бўларди. Россия армияси сўнгги ҳафталаргача Бахмут атрофида ёрдамчи вазифасини бажарди ва жиддий йўқотишларга учрамади (яъни, охирги ҳафталаргача).
- Бошқа томондан, жанг якунларига кўра, камида «Вагнер» ХҲК маълум вақтгача юриш қилиш қобилиятидан маҳрум бўлди. Пригожин 20 май куни ХҲК ой охирида таътилга чиқишини маълум қилди.
Украина ҚК Бахмутни қайтариб олиши мумкинми?
- Украина армияси 2023 йил май ойи бошида Бахмутдан шимоли-ғарбда ва жануби-ғарбда бутун фронт чизиғи бўйлаб ҳужумга ўтди, бу вақтда «Вагнер» кучлари мазкур ҳудудларни тарк этганди. Уларнинг ўрнига жойлаштирилган Россия қисмлари (асосан 2022 йилда Россия регионларидаги воситалар ҳисобига шакллантирилган 3-армия корпусидаги кўнгиллилар ва «ДХР» тузилмалари бошқарувига берилган сафарбар қилинганлар) тезлик билан чекинди. Украинларнинг зарбалари йўналишига қараганда, уларнинг биринчи навбатдаги мақсади Часив Ярдаги асосий позициялар ва Бахмут гарнизони ўртасидаги йўлакни кенгайтириш бўлган (шу билан бирга, украин ҳарбийлари орасидаги манбалар асосий мақсад — Бахмутни қуршаб олиш ва озод этиш эканини айтишган). Бахмутга келувчи йўллар чиндан ҳам блокировкадан чиқарилди. Аммо Бахмутдаги гарнизон бунгача туриб бера олмади ва шаҳардан сиқиб чиқарилди.
- Шу билан бирга, Украина ҚКнинг юриши Россия кучларининг Часив Ярга таҳдидини йўққа чиқарди. Қиш охирида ва баҳор бошида «Вагнер» ХҲК Хромово ва Ступочкидаги тепаликларни эгаллаб олганди. Бу эса назарий жиҳатдан Часив Ярга жануб ва шарқдан бостириб кириш имконини берарди. Энди бу позициялар украин ҳарбийлари томонидан қайтариб олинган. Аммо шусиз ҳам Россия кучлари юришни давом эттиришга қодирлигига шубҳа бор эди.
- Бундан ташқари, Россия кучлари энди мудофааланишда катта муаммоларга дуч келиши мумкин. Агар ХҲК отрядлари Бахмут ва унинг атрофини тарк этса, фронт чизиғида бир неча ўн километрлик улкан тешик юзага келади ва бу ҳудудларни фақат РФ ҚКнинг янги захиралари билан ёпиш мумкин бўлади. Шунда ҳам тажрибали қўшинлар олиб келиниши талаб этилади: сафарбар қилинганлар ва «кўнгиллилар»дан таркиб топган қисмлар сўнгги ҳафталарда Украина ҚКнинг Бахмут атрофидаги ҳужумлари қаршисида ожизлигини кўрсатиб қўйди. Ўз навбатида, «Вагнер» ХҲК бу ҳудудда қолиши ҳам мумкин, бу эса россияликлар мудофаасини жиддий тарзда кучайтирган бўларди. Пригожин май ойи бошида ўз компаниясини Бахмутдан олиб кетишни ваъда қилганди, аммо кейин штурм якунига қадар қолишга қарор қилди; у бу сафар ҳам қолиши мумкин, агар унинг мудофаа вазирлиги билан эски муаммолари ҳал этилса.
- Украинларнинг юриши истиқболлари яқин кунлар ичида, улар РФ ҚКнинг Бахмутдан жануби-ғарбдаги Клешчиевкадаги яхши мустаҳкамланган позицияларига ҳужумларидан кейин маълум бўлади. Биринчи ютуқлардан кейин украинларнинг ҳужумлари суръати пасайганига қараганда, биринчи тўлқинга жалб этилган кучлар Россия мудофаасини ёриб ўтиш учун етарли бўлмаган.
- Катта эҳтимол билан, Бахмутни ўраб олиш бўйича операция муваффақият қозониши учун украин қўмондонлиги янги ташкил этилган ва ёздаги катта ҳужумда ишлатиш мўлжалланган бригадалардан захира кучларни жалб этишга тўғри келади. Аммо бу Украина ҚКнинг бошқа — стратегик нуқтайи назардан муҳимроқ бўлган — йўналишларида ҳужум қилиш салоҳиятини пасайтиради.
- Шу билан бирга, афтидан, агар фронтнинг бу участкасида ҳал қилувчи ғалабага эришилган тақдирда ҳам (яъни Бахмут ва унинг атрофидаги барча аҳоли яшаш манзиллари тўлиқ озод этилса), бу стратегик аҳамият касб этмай, фақат рамзий аҳамиятга эга бўлади. Шаҳар Россия кучлари томонидан эгалланиши ва ушлаб турилиши ҳам худди шундай фақат рамзий аҳамиятга эга. Бироқ, рамзийлик ҳам муҳим — улар қўшинлар ва жамоатчилик кайфиятига таъсир кўрсатади.
Украина ҚКнинг катта юриши амалга ошадими?
Украинларнинг қарши ҳужуми муқаррарлиги билан аллақачон фронтдаги вазиятга таъсир қилмоқда:
- Россия қўшинлари амалда бутун туташув чизиғи бўйлаб ҳужумларни тўхтатган;
- ўзаро отишмалар ва камикадзе дронлар воситасида ҳужумлар кучайган;
- яқинда Ғарб томонидан етказиб берилган техникалар номаълум локацияларда ҳаракатланаётгани акс этган кўплаб видеолар тарқалган;
- Украина ҚК узоқ масофага етиб борувчи янги қуролларини аввал етиб бўлмас масофада бўлган нишонларга қарши синовдан ўтказиб кўрмоқда.
Украина армиясининг ҳақиқий юриш амалиётлари Бахмут атрофидан бошқа ҳеч қаерда ҳали бошланмаган. Аммо, Американинг сиздирилган ҳужжатларига кўра Киев ва Ғарб 2023 йил ёзидаги ҳал қилувчи жанглар учун тайёрлаган бригадалардан бирортаси ҳали бу ерга олиб келинмаган. Бу эса улардан катта эҳтимол билан бошқа йўналиш ёки йўналишларда фойдаланиш режа қилинганини кўрсатади.
Мавзуга оид
22:59 / 26.11.2024
Украина – Жанубий Корея: кутилмаганда пайдо бўлган иттифоқ
19:07 / 26.11.2024
Украина армиясига ёлланган британиялик Россияда асирликка тушди
17:41 / 26.11.2024
«Путин доим ҳужумга тайёр, Трамп – табиатан девелопер». Меркелнинг мемуаридан парчалар
13:20 / 26.11.2024