Жаҳон | 14:36 / 21.05.2023
33661
6 дақиқада ўқилади

Бахмут. Шаҳар учун жангларнинг 10 ойи — суратларда

Пригожин шаҳар тўлиқ ишғол этилганини айтмоқда, Украина мудофаа вазирлиги вазият — «критик» тус олганини тан олган.

20 май куни «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси раҳбари Евгений Пригожин Донецк областининг Бахмут шаҳри ўз ёлланма жангчилари томонидан тўлиқ эгаллангани ҳақида хабар берди. У шунингдек шаҳарнинг вайрон бўлган кварталларида кўтарилган Россия байроқлари видеосини ҳам эълон қилди. РФ мудофаа вазирлиги билан можаролашган Пригожин унинг гуруҳи Россия армиясининг қолган бўлинмалари иштирокисиз амалиёт ўтказиб, бу орқали мунтазам армияга «ўзига келиб олиш» учун имкон берганини таъкидлади.

Аввалига Украина томони «Вагнер» ХҲКнинг баёнотларини қатъиян рад этди: Украина ҚК Шарқий қўшинлар гуруҳи спикери Сергей Череватий Россия кучлари Бахмутни ўз назоратига олгани тўғрисидаги хабарни рад этиб, украин ҳарбийлари «Бахмут учун жангни давом эттираётгани»ни айтиб чиқди. Кейинроқ Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр вазият «критик» тус олганини тан олди ва украин ҳарбийлари шаҳарнинг сўнгги участкаси — «Самолёт райони»ни ушлаб турганини маълум қилди. Ҳозирда Япониянинг Ҳирошима шаҳрида G7 саммитида иштирок этаётган Володимир Зеленский журналистнинг саволига жавобан Бахмут бой берилгани ҳақидаги хабарларни рад этди: «Менимча, йўқ. Сиз у ерда ҳеч нарса йўқлигини тушунишингиз керак. Улар [Россия] барчасини вайрон қилишди. Бирорта бино қолмади. Қаттиқ афсус. Бу фожиа. Бугунги кунда Бахмут фақат қалбимиздадир».

Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр эса Россия қўшинлари Бахмутни ўраб ололмагани ва улар шаҳар атрофидаги тепаликларнинг бир қисмини бой берганини маълум қилди. Малярнинг сўзларига кўра, Украина ҚК Бахмутни ярим қуршов ҳолатига туширган, шаҳарнинг эгалланган ҳудудларида турган Россия қисмлари эса мудофааланишига тўғри келмоқда.

Фронт чизиғи 2022 йил августида Бахмутга яқинлашиб келганди — шаҳар учун оғир жанглар кузда бошланганди. Кенг кўламли босқинга қадар 70 мингдан ортиқ киши яшаган Бахмут бугунга келиб буткул вайрон қилинган. Қуйида шаҳардаги ҳарбий ҳаракатлар хронологияси акс этган суратлар.

Бахмут 2022 йил 15 май куни қандай кўринишда бўлганини кўрсатувчи сунъий йўлдош тасвири. Ўша кунларда фронт чизиғи шаҳардан тахминан 30 километр наридан ўтарди
Maxar Technologies / Reuters / Scanpix / LETA
Бахмутлик киши шаҳар четида ёнаётган уй олдидан ўтмоқда. 2022 йил 27 июл
Bulent Kilic / AFP / Scanpix / LETA
2022 йил 11 октябр, Бахмутка дарёси устидаги вайрон қилинган кўприк. Бу вақтда шаҳар тўлиқ украин ҳарбийлари томонидан назорат қилинаётган, аммо россияликлар мунтазам равишда шаҳарни ўққа тутаётганди.
Yasuyochi Chiba / AFP / Scanpix / LETA
Украинлар ​​​​ «Град» баравар ўт очиш реактив тизимидан россияликларнинг шаҳар атрофидаги позицияларини ўққа тутмоқда. 2022 йил 24 ноябр. Фото: Libkos / AP / Scanpix / LETA
Бахмут марказида ёнаётган бино. Шу ва бошқа кўплаб уйларда — жумладан тинч аҳоли вакиллари қолган уйларда ҳам — россияликларнинг зарбалари оқибатида мунтазам равишда ёнғинлар юзага келган. 2022 йил 23 декабр
Diego Herrera Carcedo / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Украиналик ҳарбийлар маҳаллий аҳоли вакилларидан бирини эвакуация қилишга уринаётганида миномёт минаси портлади. 2022 йил 28 декабр. Фото: Pierre Crom / Getty Images
Украиналик ҳарбий хизматчига биринчи ёрдам кўрсатилмоқда. Врачлар уни қутқариб қола олишмайди. 2023 йил 9 январ
Evgeniy Maloletka / AP / Scanpix / LETA
Шаҳар атрофида ҳаракатланаётган ҳарбий вертолёт. 2023 йил 17 январ
Anatolii Stepanov / AFP / Scanpix / LETA
Бахмут атрофидаги олдинги чизиқда турган украин ҳарбийлари, 2023 йил 5 март. Бу вақтга келиб украин қўшини шимолий ва жанубий қанотлардаги позицияларни бой берган ва шаҳарнинг ўзи қуршов хавфи остида қолганди.
Libkos / AP / Scanpix / LETA
Украиналик ҳарбий шифокорлар шаҳар ҳудудида яраланган ҳарбий хизматчини эвакуация қилмоқда. 2023 йил 23 март
Aris Messinis / AFP / Scanpix / LETA
«Вагнер» ХҲК ёлланма жангчилари жанглар вақтида вайрон бўлган уй ёнидан ўтишмоқда. Бу сурат олинган 25 мартга келиб Бахмут фронтнинг энг қайноқ нуқтасига айланганди — хусусий ҳарбий компания уни штурм қилиш ҳаракатларини тўхтатмади.
Валентин Спринчак/ТАСС
Украина пиёдалар жанговар машинаси (БМП) Бахмут атрофида. Ортда жанглар ва аҳоли яшаш кварталлари ўққа тутилиши оқибатида чиққан ёнғиндан кўтарилган тутун кўринмоқда. 2023 йил 6 апрел
Oleksandr Klymenko / Reuters / Scanpix / LETA
«Вагнер»нинг Т-90М танки шаҳарнинг ёлланма жангчилар эгаллаб олган чеккасида. 2023 йил 11 апрел
Валентин Спринчак / ТАСС
Россияликларнинг навбатдаги зарбаси оқибатида ҳалок бўлган маҳаллий аҳоли вакилининг қабри. У турар жойлар ўртасидаги майдонга кўмилган. Бу фото олинган 2023 йил 12 апрелига келиб, Россия кучлари шаҳарнинг катта қисмини назорат қилаётганди.
Iryna Rubakova / AP / Scanpix / LETA
Бахмутнинг 2023 йил 8 май куни сунъий йўлдош орқали олинган тасвири шаҳар 10 ой давом этган жанглар ва отишмалар оқибатида амалда буткул вайрон бўлганини кўрсатмоқда.
Maxar Technologies / Reuters / Scanpix / LETA

Мавзуга оид