Жаҳон | 09:08 / 21.05.2023
42708
6 дақиқада ўқилади

Пригожин ортидан РФ мудофаа вазирлиги ҳам Бахмут олинганини эълон қилди. Сўнгги маълумотлар

Путин ёлланма жангчилар ва ҳарбийларни табриклаган. Украина ҚК шаҳар учун жанглар давом этаётганини маълум қилган. Зеленский «Бахмут фақат қалбимизда» деди.

Фото: Евгений Пригожиннинг матбуот хизмати / AP / Scanpix / LETA

«Вагнер» ХҲК асосчиси Евгений Пригожин ва РФ мудофаа вазирлиги Донецк областининг 2022 йил июлидан буён жанглар кетаётган Бахмут шаҳри эгаллангани ҳақида эълон қилди. 20 май куни Пригожин ўз жангчилари билан шаҳарнинг вайрон бўлган кварталлари фонида тургани акс этган видеони эълон қилди. Бир неча соат ўтиб унинг матбуот хизмати шаҳарнинг турли районларидаги биноларда байроқлар кўтарилгани кадрларини намойиш этди. Бир неча ойдан буён Пригожин билан ўзаро зиддиятда бўлиб келаётган РФ мудофаа вазирлиги 21 майга ўтар кечаси Артемовскнинг (Бахмутнинг советча номи, Россия ҳукумати ҳам шаҳарни шу ном билан атайди) «озод этиш» жараёни якунлангани ҳақида эълон қилди.

Вазирликнинг қайд этишича, Бахмутни эгаллашда «Вагнер» штурм отрядлари, шунингдек Россия мунтазам армиясининг «Жануб» қўшинлари гуруҳи артиллерияси ва авиацияси иштирок этган. Пригожин ўз нутқида шаҳар фақат унинг ёлланма жангчилари томонидан штурм қилинганини таъкидлаган: «Бу ерда [мудофаа вазирлиги спикери Игор] Конашенков айтганидек, ҳаво-десант кучлари ёки бизга ёрдам бера оладиган бошқа ҳеч ким йўқ эди. Биз ўзимизга ўзимиз ёрдам бердик».

«Вагнер» ўз нутқида РФ ҳарбий раҳбариятини яна бир бор танқид қилиб, Бахмутда унинг ёлланма жангчилари «ҳарбийлашган бюрократлар»га қарши ҳам курашганини қайд этган. Унинг сўзларига кўра, мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимов «урушни ўз кўнгилхушлигига айлантирган шахслардир». Вазирлик унинг танқидларига жавоб қайтармаган.

РФ президенти Владимир Путин ёлланма жангчилар ва россиялик ҳарбийларни шаҳар эгаллангани муносабати билан табриклади. Бу ҳақда Россия ахборот агентликлари Кремл матбуот хизматига таянган ҳолда хабар бермоқда. 21 май тонгида Кремл сайтида ҳам шунга ўхшаш хабар пайдо бўлди. «Ўзини кўрсатганларнинг барчаси давлат мукофотларига тақдим этилади», — дейилади тарқатилган баёнотда.

Украин ҳарбийлари ва мулозимлари Бахмут бой берилганини тасдиқламаган. Хусусан, Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр телеграм-каналида Бахмутда «оғир жанглар кетаётгани, вазият ўта оғирлиги» ҳақида ёзди. Унинг сўзларига кўра, украин ҳарбийлари «Самолёт» ҳудудида мудофаани ушлаб турибди. Украина ҚК Шарқий қўшинлар гуруҳи спикери Сергей Череватий Россия кучлари Бахмутни ўз назоратига олгани тўғрисидаги хабарни «тўғри эмас» деб атади. У шунингдек, украин армияси шаҳарни қуршаб олиш бўйича амалиёт олиб бораётганини маълум қилган. Украина президенти офиси маслаҳатчиси Михайло Подолякнинг ҳисоблашича, Бахмут тўлиқ ишғол этилганини эълон қилган Пригожин Володимир Зеленскийнинг Саудия Арабистонига ташрифи ва G7 саммити атрофидаги ахборот фонини бузишга уринмоқда. Украина ҚК бош штаби ҳам 21 май тонгидаги фронтдаги вазият тўғрисидаги хабарномасида шаҳар учун жанглар давом этаётганини билдирган.

«Бугунги кунда Бахмут фақат бизнинг қалбларимизда», — деган Украина президенти Володимир Зеленский. У Японияда G7 саммити доирасида АҚШ президенти Жо Байден билан учрашув бошланиши арафасида журналистларнинг изоҳ сўраб берган саволига шундай жавоб қайтарди. Зеленскийдан Бахмут Киев назорати остидами дея сўрашганди. Бунга жавобан у шундай деди: «Ўйлайманки, йўқ. Бугунги кунда Бахмут фақат бизнинг қалбларимизда. Бу фожиа. У ерда ҳеч нарса қолмаган» (иқтибос Reuters агентлигидан).

Кейинроқ Зеленскийнинг матбуот хизмати журналистлар президентдан нотўғри иқтибос келтирганини маълум қилди. «Украина президентининг Бахмут ҳақидаги саволга жавоби ҳақида. Репортёрнинг саволи: „Россияликлар Бахмутни олганини айтишмоқда“. Президентнинг жавоби: „Мен бундай ўйламайман“. Шу тариқа, президент Бахмут бой берилгани ҳақидаги маълумотни рад этди», — деган украинлар етакчиси матбуот котиби Сергей Никифоров.

ОАВда Зеленскийнинг журналистлар билан суҳбати видеоси пайдо бўлган. Унда репортёрлардан бири шундай деб сўрайди: «Мистер президент, Бахмут Киев назоратида қолмоқдами? Россияликлар Бахмутни эгаллашганини айтишмоқда». Украина президенти эса шундай жавоб беради: «Менимча, йўқ. Сиз у ерда ҳеч нарса йўқлигини тушунишингиз керак. Улар [Россия] барчасини вайрон қилишди. Бирорта бино қолмади. Қаттиқ афсус. Бу фожиа. Бугунги кунда Бахмут фақат қалбимиздадир».

Ҳарбий экспертлар қайд этишича, жангнинг илк кунлариданоқ Бахмут можаронинг икки томони учун рамзий маънога эга эди. «Медуза»нинг ёзишича, Бахмут Украинага кенг кўламли босқин бошлангунича муҳим транспорт тугуни саналган, аммо Украина қуролли кучлари 2022 йил ёзида Луҳанск областида мағлубиятга учрагач, Бахмутга олиб келувчи йўллар мудофаа учун аҳамиятини йўқотган. 2022 йил ёзидан фронт чизиғи Бахмут атрофидан ўта бошлаган, шаҳар учун ҳал қилувчи жанглар кузда бошланган. Бу вақт ичида Бахмут амалда буткул вайрон қилинди.

Мавзуга оид