Қозоғистон Россияга маҳсулот етказиб беришнинг асосий йўналишига айланди: схема қандай ишлаяпти?
Ғарб санкциялари Россия қуролли кучларига маҳсулот етказишга халақит беришга қаратилган, лекин нозик электроника барибир русларга етиб бормоқда. Журналистлар Қозоғистон орқали етказиб бериш занжирларининг бир нечтасини кузатишди ва улар руслар томонидан тузилган янги компаниялар орқали ўтаётганини аниқлашди.
Журналистик суриштирув коррупция ва уюшган жиноятчиликни тадқиқ этиш маркази (Organised Crime and Corruption Reporting Project) — OCCRP сайтида эълон қилинди.
Суриштирувнинг асосий хулосалари
Савдо статистикаси 2022 йил аввалида Россиянинг Украинага кенг миқёсдаги босқинидан сўнг Қозоғистонга дронлар ва микроэлектроника импорти ҳажми ўсганини кўрсатмоқда. Қозоғистондан Россияга дронлар ва микроэлектроника экспорти ҳам сезиларли тарзда ўсган.
Урушдан кейин руслар томонидан тузилган Қозоғистон компанияларидан бу импорт учун воситачи сифатида фойдаланилмоқда.
«Aspan Arba» («Самовий арава») номи остида рўйхатдан ўтган компания дронларни импорт қилиб, уларни Россиядаги «Небесная механика» компаниясига экспорт қилган, у эса ўз навбатида дронларни ҳарбий ташкилотларга сотган. Бу икки компаниянинг эгаси битта.
Рус эр-хотинга тегишли немис компанияси микрочипларни уруш бошланганидан кўп ўтмасдан уларнинг ўғли номига очилган Қозоғистон компаниясига жўнатиб турган. Ўғил чипларни Россияга жўнатган.
* * *
Ҳа, дронлар Россия – Украина урушида кенг фойдаланиладиган қуролга айланди. Тадқиқотчилардан бири томонидан тузилган маълумотлар базаси Россия қўшинлари томонидан пилотсиз учар қурилмалардан фойдаланишнинг ўнлаб мисолларига эга. Уларнинг аксарияти эркин савдода бўлган енгил моделлар бўлиб, разедка, артиллерия қуроллари мўлжалини аниқлаб бериш, пропаганда роликлари ишлашда фойдаланилади. Уларнинг кўпчилиги хорижда ишлаб чиқарилган.
Назарий жиҳатдан Россияга пилотсиз учар қурилмалар импорти Ғарб санкциялари билан ёпилган бўлиши керак эди. Бироқ, амалда унга эга бўлиш имкониятлари очиқлигича қолмоқда. Бу нафақат дронларга тааллуқли. Ракеталардан тортиб, минасизлаштириш учун фойдаланиладиган роботларда ишлатиладиган такомиллашган микрочиплар ҳам Россияга хориждан кириб келишда давом этмоқда.
Журналистларнинг аниқлашича, қатор ҳолатларда урушгача шундай қурилмалар савдоси билан шуғулланган Россия фуқаролари янги компаниялар очишган ва улар етказиб бериш занжирининг бир қисмига айланган.
Етказиб бериш йўналиши ҳам Россия, ҳам Ғарб давлатлари билан яхши муносабатларни сақлаб қолишга тиришаётган Қозоғистон орқали ўтаётгани маълум бўлди.
Қозоғистон «Россиянинг санкцияларга чап беришга бўлган барча имкониятларидан қочишга ҳаракат қилмоқда», деган эди мамлакат ташқи ишлар вазири феврал ойида АҚШ давлат котиби билан матбуот анжуманида. Лекин у бу «жуда қийин» эканини ҳам таъкидлаб ўтган эди, чунки Қозоғистон ва Россия Евросиё иқтисодий иттифоқи аъзоси ҳисобланади ва мамлакатлар ўртасидаги савдо-сотиқ божхона назоратидан ўтказилмайди.
Чиндан ҳам, Қозоғистоннинг савдо-сотиғи ҳақидаги маълумотлари Россияга пилотсиз учар қурилмаларни етказиб бериш учун оралиқ давлат сифатида фойдаланилаётганидан далолат бериб турибди.
2021 йилда, Россия Украинага кенг миқёсдаги босқин уюштиришидан аввал Қозоғистонга дронлар шу қадар кам олиб кирилганки, улар импорт-экспорт тўғрисидаги расмий ҳужжатларда ҳам акс этмаган. Бироқ, 2022 йилда мамлакат 5 млн долларлик дронлар импорт (деярли барчаси Хитойдан) қилиб, Россияга 1,23 млн долларлик дронлар экспорт қилган.
Микрочиплар импорти ҳам кескин ошган: расмий статистикага кўра 2021 йилда Қозоғистонга 35 млн долларлик таркибий қисмлар олиб кирилган, бу рақам сўнгги йилларда мўътадил равишда ошиб келган. 2022 йилда эса импорт икки баробардан зиёдга ўсган ва 75 млн доллардан ошиб кетган.
Бир вақтнинг ўзида Қозоғистондан Россияга микрочиплар экспорти арзимаган 245 минг доллардан 18 млн долларгача — 70 баробарга ўсган.
Бу хулосалар Россия санкция чекловларини осонгина айланиб ўтаётгани ҳақидаги хабарларни тасдиқлайди: Россиянинг «Орлан» пилотсиз учар қурилмалари ишлаб чиқарувчи компания ҳам, «Ростех» саноат конгломерати ҳам ғарбда ишлаб чиқарилган таркибий қисмларни муваффақиятли импорт қилмоқда.
Экспорт назорати бўйича мутахассис Эрик Вудсга кўра, «санкцияларнинг таъсири ҳамма бу йўлда бирлаша олишига ҳам боғлиқ».
«Барча компаниялар ким билан бизнес олиб бораётганига эътибор қаратиши, айниқса санкцияларга чап берувчи марказлар билан ишлашда ҳушёрроқ туришлари лозим. Шу сабабли иккиламчи санкциялар ҳам мавжуд, биз бир ҳукумат бошқа ҳукуматларга босим қилиб, улар томонидан жорий этилган санкция режимининг бир қисми бўлишга мажбурлаётганининг гувоҳи ҳам бўлмоқдамиз. Ҳуқуқни қўллашни кучайтириш талабларга риоя этишни тартибга солувчи яхши сигнал бўла олади», — деган Вудс.
Бироқ, Қозоғистон каби давлатлар ўзининг қудратли қўшниси билан дунёдаги энг узун умумий чегара ва узоқ тарихга эгалиги туфайли ҳаракат учун имкониятлари чекланган эканига гувоҳ бўлиши мумкин.
«Россия Қозоғистонни мажбурлай олади. Ишончим комилки, Қозоғистон ҳукуматида бўлиб ётган ишлардан норози кўплаб ёшлар бор. Лекин улар исташса ҳам қўлларидан ҳеч нарса келмайди», — деган Вудс.
Вудсга кўра, гарчи йирик компаниялар санкциялардан чўчишса ҳам, воситачи сифатида ўз ўрнини топган майда операторлар узоқ АҚШдан келадиган жазо ҳақида мутлақо ўйлашмайди.
«Агар Қозоғистон компанияси АҚШ билан бирга иш олиб бормаса, россияликларни алдаб, улар истаган бирор нарсани уч баробар қимматроқка ўтказиш орқали миллионлаб доллар ишлаб топиш мумкин бўлса — бу бизнес», — деган Вудс.
Вудсга кўра, алалоқибатда бу «кичик одамчалар»нинг миллионлари уруш Путин фойдасига ҳал бўлишида аҳамият касб этмайди, лекин уларнинг сони шу қадар кўпки, Россияда шундай қила оламиз, деган таассурот пайдо бўлиши мумкин.
«Токи улар шундай қила оламиз, деб турар экан, уруш давом этаверади. Уруш қачонки Россиянинг патронлари тугаса якунланади», — деган у.
«Небесная механика»
Гарчи урушда фойдаланилаётган пилотсиз учар қурилмаларнинг айримлари буюртма асосида тайёрланаётган ёки махсус ҳарбий моделлар бўлса-да, ҳам Россия, ҳам Украина кўпроқ тайёр истеъмол моделларидан фойдаланиб келмоқда.
Уларнинг аксарияти Хитойнинг етакчи DJI компанияси томонидан ишлаб чиқарилган. Урушда ҳар икки томоннинг дронлардан фойдаланиши бўйича маълумотлар базасини яратган мутахассис Фейн Гринвуд у аниқлашга муваффақ бўлган дронларнинг 59 фоизи DJI маҳсулотлари эканини таъкидлаган. Айнан шу компаниянинг дронлари учун Россия Телеграм-каналлари фронтга ёрдам қилиш мақсадида мунтазам пул йиғиб туришади.
DJI ўз дронлари ҳарбий мақсадларда яратилмаганини қатъий таъкидлаб чиқди, шунингдек, ўтган йил апрел ойида унинг маҳсулотлари на Россияга, на Украинга сотилаётганини айтди.
Ўтган ойда АҚШ DJI’нинг Дубайда жойлашган дистрибюторига маҳсулотларини Россияга сотганлик учун санкция жорий этганида, DJI тезда «ортиқ муаллифлик дилери эмаслиги» ҳақида баёнот бериб, бошқа юрисдикция санкцияларини бузмаётганини кафолатловчи шаффоф далолатномалари борлигини ҳам қўшимча қилган.
Нима бўлганда ҳам, DJI дронлари ҳамон Россияга етказилмоқда ва жанг майдонларида пайдо бўлмоқда.
Етказиб берувчилар орасида Москвадаги «Небесная механика» компанияси ҳам бор. Инглизча номи «Sky Mechanics» бўлган фирма «SKYMEC» савдо белгисидан ҳам фойдаланади ва ўзини «Россиядаги DJI маркали дронларнинг етакчи дистрибютори ва ечимлари интегратори» сифатида тақдим этади.
Компания сайтининг «ҳамкорлари ва мижозлари» бўлимида етакчи нефт ва кончилик компаниялари, мобил алоқа операторлари, давлат компаниялари, жумладан РЖД темирйўл компанияси, ФВВ ва ИВВ кўрсатилган.
Бироқ, «Небесная механика»нинг журналистлар излаб топган транзакциялари ёзуви компания DJI дронларини Украинадаги урушни ёқлаб келаётган турли ҳарбий нотижорат компанияларига ҳам сотганидан далолат бериб турибди.
Улардан бири — «Халқ фронти: ҳаммаси ғалаба учун» ташкилоти бўлиб, Россия ҳарбий қисмларини таъминлаш учун хайрия маблағлари йиғиш билан шуғулланади.
Айни вақтда ушбу гуруҳ уруш тарғиботчиси Владимир Соловёв томонидан илгари сурилган «Учақолинглар, биродарлар» номи остида маблағ тўплаш компаниясини олиб бормоқда. Йиғилган пулларга Украинанинг Донецк ва Луҳанск областларининг Россия оккупацияси остидаги ҳудудларида жанг олиб бораётган жангариларга дронлар харид қилинади. Ўтган йил августида Соловёв 300 та дрон харид қилинганини ёзган эди.
Бу йил «Халқ фронти» дрон сотиб олишда давом этмоқда: феврал ойида ташкилот биргина «Небесная мехканика»нинг ўзидан 799 минг рублга дрон сотиб олган. Компания ўз сайтида худди шу нархга DJI Mavic 2 Enterprise Advanced дронини реклама қилмоқда.
Журналистлар умумий ҳисобда «Небесная механика»дан дрон сотиб олиш учун 15 млн рублдан зиёд маблағ сарфлаган яна учта нотижорат ташкилотларни топишган.
«Небесная механика» дронларни қаердан оляпти?
Журналистлар ахтариб топган Россия божхонаси маълумотлари манбаларидан камида биттаси Қозоғистонда эканини кўрсатмоқда. 2022 йилда у Қозоғистоннинг «Aspan Arba» компаниясидан 500 та дрон импорт қилган.
Бу компания 2022 йил апрелида, уруш бошланганидан икки ой ўтиб тузилган. Қозоғистоннинг «Металмайнингинфо» ахборот агентлиги хабарига кўра, у DJI дронларининг Қозоғистондаги расмий дилери бўлиб, фойдали қазилмалар қазиб олиш, қурилиш, авария-қутқарув ва қишлоқ хўжалиги ишлари учун дронлар етказиб беради.
Лекин «Aspan Arba» ва Россиянинг «Небесная механика» фирмалари битта одам томонидан бошқарилишига ишора қилувчи кўплаб фактлар бор.
Ҳар икки компания ўз эгаси сифатида Иля Голберн деган инсонни кўрсатган. Қозоғистон компаниясининг директори Михаил Сапожников Голберг билан бирга «Небесная механика» ҳаммуассиси бўлган. «Aspan Arba» сайтида кўрсатилган телефон рақами эса бир вақтнинг ўзида «Небесная механика» ходимига ҳам тегишли.
Дронларни Қозоғистонга олиб кириш учун чекловлар йўқлиги сабабли, «Aspan Arba» бемалол бу иш билан шуғулланган.
Қозоғистон рақамли ривожланиш вазирлиги маълумотларига кўра, Хитой компаниясининг Нидерландиядаги DJI Europe BV шуъба корхонасидан 45 млн долларлик 18 мингта DJI дронлари олиб киришга лицензия олган.
«Небесная механика» ва «Aspan Arba» эгаси Голберг бу воқеани журналистларга изоҳлашдан бош тортди. DJI вакили эса журналистларга Хитой компанияси ва унинг шуъба корхоналари «2022 йилнинг апрелидан бошлаб Россия ва Украинага барча етказиб беришлар ва операцияларни ихтиёрий равишда тўхтатгани»ни таъкидлаган.
«Биз бу икки давлатдаги ва бошқа жойлардаги дистрибюторлик тармоқларимизни бу икки давлатдаги мижозларга ҳар қандай маҳсулот ва эҳтиёт қисмларни якуний фойдаланиш мақсадидан қатъи назар блоклаш лозимлиги тўғрисида огоҳлантирдик, — деб ёзган компания. — Биз бу ҳолни акс эттириш учун сотув сиёсатимизни тегишли тарзда янгиладик. Бизнинг далолатномаларимиз АҚШ ёки бошқа юрисдикция санкциялари бузилмаётганини кафолатлайди».
DJI вакили «Aspan Arba» билан «ҳамкорлик» 2022 йил майида бошлангани ва 2023 йилда қайта тикланмаганини таъкидлаб ўтган.
Оилавий бизнес
Москва марказидаги квартиралардан бирида рўйхатдан ўтган ва электрон таркибий қисмлар билан савдо қилувчи «Стэк» ўзини «ёш, муваффақиятли равнақ топаётган компания» сифатида таърифлайди.
Россия божхона хизмати маълумотларига кўра, 2022 ва 2023 йилларда фирма Қозоғистондан микросхемалар, диодлар, транзисторлар ва жами 4,2 млн долларлик бошқа товарлар импорт қилган.
Божхона маълумотлари бу товарлар ким томонидан ишлаб чиқарилганини акслантирмаган, бироқ маҳсулотлар Ҳонгконг, Германия, Нидерландия ва Сингапурда ишлаб чиқарилгани маълум.
«Стэк» маҳсулотлари харидорлари эса, сайтида ёзилишича, радиотизимлари ишлаб чиқарувчи, «Роскосмос» таркибидаги МЭИ махсус конструкторлик бюроси, Москва прожектор заводи — у Россия ракета ва зенит-ракета комплекслари учун қувватлаш манбайи ишлаб чиқаради.
Журналистлар томонидан излаб топилган «Стэк» транзакциялар ёзувларига кўра, компаниянинг 2022 йилги савдосининг катта қисми «Сет-1» деган компания билан амалга оширилган.
«Сет-1» сайти айни дамда ишламаяпти, лекин унинг архив версиясида компания Россия ҳарбийлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари учун «махсус техника яратиш ва ишлаб чиқиш», жумладан масофадан туриб бошқарилувчи «Сфера» ва «Скарабей» роботларини ясаш билан шуғулланиши баён қилинган. Россия ҳарбийлари компаниянинг маҳсулотларидан Сурияда фойдаланган, энди эса Украинанинг оккупация қилинган ҳудудларини миналардан тозалаш бўйича операцияларда фойдаланмоқда.
2022 йилда «Сет-1» Россия ташқи разведка хизмати, ФХХ ҳамда Украина шарқида ўзини мустақил деб эълон қилган Донецк халқ республикасидаги рус қўғирчоқ мансабдорлари учун электрон ускуналар ўрнатган.
«Стэк»нинг бош директори ва эгаси Иля Силницкий журналистларнинг саволларига жавоб қайтармади. «Сет-1» эгаси Сергей Ефременков ҳам саволларни жавобсиз қолдирган.
Журналистлар эса «Стэк» Қозоғистондан импорт қилиб савдога чиқарган айрим таркибий қисмлар қаердан келиб қолганини топа олишди.
Божхона маълумотларига кўра, шу йилнинг январида «Стэк» 2598 та микрочипдан иборат партияни Қозоғистоннинг «Da Group 22» компаниясидан қабул қилиб олган. Ўша ойнинг ўзида «Da Group 22» шу ҳажмдаги партияни Германиянинг Штутгарт шаҳрида жойлашган «Elix-St» компаниясидан қабул қилиб олган.
Маълум бўлишича, «Da Group 22» ҳам «Elix-St» ҳам россиялик бир оилага тегишли экан.
Немис компанияси эгалари эр-хотин Евгений ва Елена Чернет, ўтган йил мартида рўйхатдан ўтган Қозоғистон компанияси эгаси эса уларнинг ўғли экани гумон қилинаётган Александр Чернетдир.
Елена ва Евгений Чернет Россияда ҳам электромагнит тўлқинларни ютувчи материаллар ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Эликс-М» компаниясига эгалик қилишади. Улардан радарлар нишонидан яшириниш учун фойдаланиш мумкин. «Эликс-М» мижозлари орасида Россиянинг бир неча мудофаа компаниялари бор.
Германиянинг савдо маълумотлари 2018 йилдан 2021 йилгача, яъни Украинага кенг миқёсли босқин бошланишидан аввал Штутгартдаги «Elix-St» компанияси Қозоғистонга ҳеч нарса экспорт қилмагани, бироқ Россияга 500 минг долларлик электрон таркибий қисмлар сотганини кўрсатади.
2022 ва 2023 йилларда вазият тескари бўлган: «Elix-St» Россияга ҳеч нарса жўнатмаган, юзлаб минг долларга баҳоланадиган таркибий қисмлар Қозоғистондаги «Da Group 22»га жўнатилган.
Журналистлар «Elix-St»нинг Штутгартдаги офисига боришганида уйда ҳеч ким йўқ эди. Қўшниларининг билдиришича, Евгений ва Елена Кипрда, уларнинг «ўғли» эса катта эҳтимол билан ё Москвада, ё Қозоғистонда экан.
Шарҳ сўраб «Elix-St»ни тамсил этувчи юридик фирмага мурожаат қилинганида, компания чиндан ҳам «Da Group 22»га электрон таркибий қисмлар етказиб беришгани, лекин улар «видеорегистраторлар учун» фойдаланилиши назарда тутилганини айтишган. Айрим ҳолатларда сўнгги фойдаланувчидан таркибий қисмлар белгиланган мақсадларда ишлатилганини тасдиқловчи сертификатлар ҳам борлигини айтишган.
«Elix-St» «Da Group 22» Чернетнинг ўғлига тегишли экани тўғрисидаги ахборотни рад этди. Исбот сифатида Қозоғистонга тегишли, эскирган корпоратив ҳужжат тақдим этилган ва унда қозоқча фамилияга эга инсон муассис сифатида кўрсатилган. Бироқ мавжуд жорий маълумотлар компания директори ва эгаси Александр Чернет исмли инсон эканини кўрсатиб турибди.
«Таниқли халқаро брендлар»
Яна бир ҳолатда журналистлар Россиянинг номи бир хил бўлган иккита компаниясига дуч келишган. Улар Қозоғистондан электрон таркибий қисмларни мудофаа саноатига импорт қилиш учун вазифани бўлиб олишган.
Москвадаги «Прайм Компонентс» номи остида савдо қилаётган «Прайм» компанияси ўзини «профессионаллар учун электрон таркибий қисмлар» манбайи сифатида реклама қилади.
«Бизнинг компаниямиз фақат тан олинган жаҳон брендларининг ишончли маҳсулотларини сотади ҳамда ишончлиликни миллий ва халқаро сертификатлар билан тасдиқлайди», — дейилади компания сайтида.
Давлат харидлари тўғрисидаги ахборотларни тақдим этувчи ҳукумат портали маълумотларига кўра, «Прайм» давлат мудофаа конгломерати — «Ростех» шафелиги остида мудофаа корхоналарига таркибий қисмлар етказиб берган. Унинг ўтган йилги асосий мижозларидан бири РФ мудофаа вазирлиги учун алоқа воситалари ишлаб чиқарувчи «Электроприбор» заводи бўлган.
Ўтган йили «Прайм» 100 млн рубл (1,4 млн доллар)дан ортиқ суммага Россиядаги шу номдаги «Прайм Эк» компаниясидан таркибий қисмлар харид қилган. Ҳар икки компания офислари битта бинода жойлашган, улар умумий телефон рақамларига эга.
Божхона маълумотлари «Прайм Эк» 2022 ва 2023 йилларда Қозоғистондаги номаълум етказиб берувчилардан 3,1 млн долларлик бутловчи қисмлар харид қилганини кўрсатади. Уларнинг импорти таркибига Ғарбнинг Texas Instruments, Analog Devices ва STMicroelectronics каби ишлаб чиқарувчилар маҳсулотлари киради. Журналистлар аниқроқ маълумот ва изоҳ олиш учун «Прайм» ва «Прайм Эк» компанияларига боғлана олишмаган.
Мавзуга оид
18:21 / 20.11.2024
АҚШ ортидан Буюк Британия ҳам Украинага узоқ масофали ракеталардан Россияга зарба йўллашга рухсат берди – ОАВ
16:13 / 20.11.2024
«Крокус»да теракт содир этганликда айбланаётганлар яна 3 ой ҳибсда қолади
12:07 / 20.11.2024
Ўзбекистон ва Россия Каспий денгизи орқали янги йўналишлардан фойдаланмоқчи
09:53 / 20.11.2024