Белгород областидаги украин ҳарбий техникалари. Бу ҳақда нималар маълум?
Интернетда украин ҳарбий техникалари Белгород областининг чегарага яқин ҳудудларида ҳаракатланаётгани акс этган видеолар тарқалди. Ҳудудда жанглар кун бўйи давом этди.
22 май куни Россиянинг Белгород области губернатори Вячеслав Гладков «Украина қуролли кучларининг қўпорувчилик-разведка гуруҳи Грайворонский райони ҳудудига киргани»ни маълум қилди. Ундан аввалроқ ушбу ҳудудда ҳарбий ҳаракатлар кетаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Кремл Россия президенти рўй бераётган воқеалардан хабардор қилингани ҳақида маълум қилган. Украина ҳарбий разведкаси операция Россия фуқароларидан иборат тузилма томонидан «хавфсизлик зонаси» ташкил этиш мақсадида амалга оширилаётганини маълум қилди.
Украинанинг «Скринька Пандори» телеграм-канали куннинг биринчи ярмида Россиянинг чегарадаги «Грайворон» назорат-ўтказиш пунктида танклар ва артиллерия воситасида ҳарбий ҳаракатлар кетаётгани ҳақидаги хабар ва видеони тарқатди. Ижтимоий тармоқларда воқеа жойида олингани айтилган ва битта танк томонидан зарба йўлланаётгани акс этган видео кенг тарқалди.
Россия мудофаа вазирлиги ҳозиргача жанглар ҳақида хабар бермади.
Регион раҳбарияти аввалига чегарадаги посёлкаларга диверсантлар кириб келгани ҳақидаги хабарни тасдиқламади ва ҳудудлар ёппасига ўққа тутилаётганини маълум қилди. Губернатор Гладков куннинг биринчи ярмида соат 9 дан бошлаб бир соат давомида Грайворон шаҳар округи «Украина қуролли кучлари томонидан ўққа тутилгани» ҳақида айтган. Шунингдек, у тинч аҳоли вакилларидан ҳеч ким ҳалок бўлмагани ва жабрланмаганини билдирганди.
Губернатор чегарадаги аҳоли яшаш пунктларидаги аҳоли эвакуация қилинаётгани тўғрисидаги маълумотни ҳам рад этганди, аммо интернетда аҳоли ўзи мустақил равишда яшаш жойларини тарк этаётгани ва йўлларда тирбандликлар ҳосил бўлгани, шунингдек, аҳолини олиб кетиш учун эвакуация автобуслари юборилаётгани акс этган видеолар тарқалган.
Кремл матбуот хизмати раҳбари Дмитрий Песков эса журналистларга мудофаа вазирлиги, ФХХ ва чегарачилар президент Владимир Путинга «украин диверсия гуруҳининг Белгород областига бостириб киришга уриниши» тўғрисида ҳисобот берганини маълум қилди. «Россия ҳудудидан украиналик диверсантларни сиқиб чиқариш ва йўқ қилиш ишлари олиб борилмоқда, воқеа жойида етарли куч ва воситалар мавжуд», дея ҳукумат позициясини ифода этган Песков.
Песков илгари сурган версияга кўра, Белгород областидаги Украина диверсиясининг мақсади эътиборни Бахмут йўналишидан чалғитиш, Украина томонининг Артёмовскни йўқотишидан сиёсий таъсирни минималлаштиришдир.
Губернатор яна нималар деди?
«Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимимиз ишламоқда. Ракеталарнинг бир қисми Антоновка қишлоғидаги хусусий уйлар томорқаларига тушган. Шунингдек Козинка қишлоғи миномётдан ўққа тутилган. Снарядлардан бири хусусий турар жой биносига тушиши оқибатида уй ёниб кетган. Яна бир снаряд бошқа бир хусусий уйга келган, натижада бино конструкцияси ва автомобилга жиддий зарар етган. Учинчи уйда эса панжара шикастланган», дея ёзган Гладков ўз телеграм-каналида.
Кейинроқ, у Новая Таволжанка қишлоғида дрон орқали уйлардан бирига портловчи модда ташлангани, Гора-Подол қишлоғида эса пичан омбори ёниб кетгани ҳақида хабар берди. Грайворонда снарядлар автотранспорт корхонаси ҳудудига келиб тушган, кейинроқ шаҳарга яқин жойлашган Глотово қишлоғи ўққа тутилган. Губернаторнинг сўзларига кўра, бир эркак ва бир аёл мина портлашидан жароҳатланган ҳолда шифохонага ётқизилган (аёл оғир аҳволда жонлантириш бўлимида қолмоқда).
Куннинг иккинчи ярмида Гладков Грайворон шаҳар округи ҳудудига «Украина қуролли кучлари диверсия-разведка гуруҳи киргани»ни тасдиқлади. «РФ қуролли кучлари Чегара хизмати, Россия гвардияси ва ФХХ билан биргаликда душманни йўқ қилиш учун зарур чораларни кўрмоқда», дея ёзган у телеграм-каналида.
Унинг сўнгги маълумотларига, Грайворон райони ҳудуди ўққа тутилиши оқибатида жами саккиз киши жабрланган. Улардан бири район маъмурияти раҳбари ўринбосаридир.
Губернатор, шунингдек, бутун Белгород области ҳудуди бўйлаб аксилтеррор операцияси режими жорий этилгани ҳақида хабар қилган. Бу хусусан, портловчи, радиоактив, кимёвий ва биологик хавфли моддалардан фойдаланадиган хавфли ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи ташкилотларни текшириш ва фаолиятини тўхтатиб туришни назарда тутади.
Грайворон шаҳар округи Украина билан чегарага яқин жойлашган. Белгородгача масофа - 60 км атрофида.
Ҳудуддаги вазият ҳақида яна нималар маълум?
Белгород областидаги ҳодисаларга алоқадорлиги ҳақида икки ташкилот маълум қилди, улардан бири март ойи бошида Брянск областига амалга оширилган рейд учун масъулиятни зиммасига олганди.
«Россияга озодлик» легиони (баъзи маълумотларга кўра, Украина қуролли кучларининг россиялик кўнгиллилардан тузилган ҳарбий қисми) ўз аъзолари Козинка аҳоли яшаш манзилини назоратига олганини даъво қилган. Губернатор ўз хабарларида Козинка қишлоғи миномётдан ўққа тутилганини айтганди. «Легион»нинг баёнотига кўра, Грайворон район марказига ҳам унинг «илғор отрядлари» кирган.
«Уйда қолинг, қаршилик кўрсатманг ва қўрқманг: биз сизнинг душманингиз эмасмиз. Путин зомбиларидан фарқли ўлароқ, биз тинч аҳолига тегмаймиз ва улардан ўз мақсадларимиз учун фойдаланмаймиз. Озодлик яқин!» дейилади легионнинг Россия чегара ҳудудлари аҳолисига мурожаатида.
Бироз ўтиб легион телеграм-каналида навбатдаги пост пайдо бўлди: «Гора-Подол ортда қолди! РКК билан легион Белгород вилоятидаги Грайворон аҳоли пунктига ҳужумни бошлади».
«Белгород - Молния» телеграм-канали ўз манбасига асосланиб ёзишича, губернатор томонидан тилга олинган Глотово қишлоғида (Гладков бу ҳудуд ўққа тутилиши оқибатида бир аёл ва бир эркак яраланганини айтган) диверсия-разведка гуруҳи маҳаллий маданият уйига жойлашган. «Шунингдек, аҳолини эвакуация қилишга тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида маълумот бор», дея ёзган канал.
Губернатор эса кун аввалида аҳоли эвакуацияси эҳтимоли ҳақидаги хабарларни ёлғон деб атаб, буни ахборот хуружи деб атаганди.
Россиядаги кучишлатар тузилмаларга алоқадор саналувчи Baza телеграм-канали Глотово қишлоғида, шунингдек, губернатор постларида тилга олинган яна икки қишлоқда - Козинка ва Гора-Подолда тўқнашувлар кетаётганини маълум қилди. Козинкада аҳолининг бир қисми эвакуация қилингани айтилди.
RT телеканали маълумотига кўра, Гора-Подол қишлоғидаги маданият уйи диверсантлар томонидан эгаллаб олинган, губернаторнинг эрталабки хабарларида бу ерда пичан омбори ёниб кетгани айтилганди.
«Открытый Белгород» нашрига кўра, Гора-Подол, Козинка ва Грайворон округидаги яна бир аҳоли яшаш манзили ичимлик суви ва электр таъминотисиз қолган.
Киевдагилар нима дейишмоқда?
Украина ҚК Бош разведка бошқармаси вакили Андрей Юсовнинг маълумотига кўра, Белгород области ҳудудида «Россияга озодлик» легиони жангчилари ҳам, март ойида Брянск областига уюштирилган рейд учун масъулиятни зиммасига олган «Россия кўнгиллилар корпуси» жангчилари ҳам ҳаракат қилмоқда.
Унинг сўзларига кўра, «Россия Федерацияси фуқароларидан тузилган» бу икки тузилма «Украина тинч аҳолисини ҳимоя қилиш учун муайян хавфсизлик зонаси» яратиш мақсадида Россия чегарасидан ўтган.
Россиядаги собиқ ултраўнгларни ўз ичига олган «Россия кўнгиллилар корпуси» ҳам Россия ҳудудида амалиёт ўтказаётганини даъво қилиб, Белгород областидаги аҳоли яшаш манзиллари номлари ёзилган йўлкўрсаткичлар ёнида олинган видеоларни эълон қилган. «Корпус» бунгача икки бор Брянск областига рейд уюштирган - 2 март ва 6 апрел кунлари. Ўшанда уларнинг акцияси қисқа муддатли бўлган ва тезда ортга қайтилганди.
Украина президенти офиси маслаҳатчиси Михайло Подолякнинг маълум қилишича, Украина ҳукумати Белгород областидаги воқеаларга тўғридан тўғри алоқадор эмас. «Гайкалар қотирилган тоталитар мамлакатдаги ҳаракатланувчи ягона сиёсий куч ҳар доим муқаррар равишда қўлларига қурол олган партизанлар ҳаракати бўлади. Украина Россиянинг Белгород областидаги воқеалар ривожини қизиқиш билан кузатиб бормоқда ва вазиятни ўрганмоқда, аммо унга бевосита алоқадор эмас. Маълумки, танклар Россиянинг исталган ҳарбий дўконида сотилади, махфий партизанлар отрядлари эса барибир Россия фуқароларидан таркиб топган», — дея ёзган у твиттерида.
«Военкор»лар реакцияси
Ҳарбий мавзуга ихтисослашган блогерлар украин диверсия гуруҳининг Россия регионларидан бирига киргани ҳақидаги навбатдаги хабарни анча хотиржамлик билан қабул қилишди.
«Улар эътиборни чалғитмоқда. Чиндан ҳам чалғитишди», - дея ёзди ВГТРК ҳарбий корреспонденти Александр Сладков. - Айтишларича, Белгородга украинлар танки кирган, - бу бемаънилик». «Артемовскдаги мағлубиятнинг ахборий зарарини минималлаштиришмоқда», дея Песковнинг версиясига қўшилган «военкор» Евгений Поддубний.
Ўз навбатида, «Вагнер»га алоқадор ҳисобланган Grey Zone телеграм-канали «душман томонидан олинган видео»га ҳавола берган ҳолда, Россия томонга чегарадан «Грайворон» назорат-ўтказиш пункти ҳудудига чиндан ҳам битта Т-72 танки, шунингдек зирҳланган жанговар машиналар ва пиёдаларни ташувчи юк машинаси ўтгани ҳақида хулосага келган. Каналда ёзилишича, ҳужумни қайтариш учун Россия армия авиацияси - Ка-52, Ми-28 ва Ми-8 русумли ҳарбий вертолётлар ҳаракатга келтирилган.
Бир миллиондан ортиқ обуначиси мавжуд бўлган «Рыбарь» канали (бу канал Россия мудофаа вазирлигига алоқадор ресурс ҳисобланади) ҳам вазиятга ўз баҳосини берган. «Бундан фақат бир натижа кўзланган: чегара ҳудудидаги россияликлар орасида улкан ваҳима уйғотиш. Грайворондаги назорат-ўтказиш пунктидаги жангларнинг ҳақиқий кадрлари ўрнига саҳналаштирилган видеолар тарқатилди», - дея ёзган канал.
Мавзуга оид
07:54
Украина Жаҳон банкидан деярли 5 млрд доллар олади
20:12 / 22.11.2024
«Афтидан қўрқинчли, аммо ҳеч нарсани ўзгартиролмайди» — «Орешник» қанақа ракета?
14:17 / 22.11.2024
Венгрия Украина билан чегарада ҲММ тизимларини ўрнатиш ниятида
09:12 / 22.11.2024