Жамият | 15:27 / 26.05.2023
18566
2 дақиқада ўқилади

Айрим абитуриентлардан тестга янги таҳрирдаги Конституция асосида тайёргарлик кўриш сўралди

«Юриспруденция» таълим йўналишига ўқишга кириш истагида бўлган абитуриентлар тест синовларига амалдаги қонунчилик ҳужжатлари, шу жумладан, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституцияси асосида тайёргарлик кўришлари лозимлиги маълум қилинди.

Фото: Kun.uz

Билимни баҳолаш агентлиги томонидан 2022 йил 28 октябрда абитуриентлар тест синовларига тайёргарлик кўришлари учун тавсия этилган дарсликлар ва ўқув адабиётлар рўйхати эълон қилинди.

Ҳуқуқшунослик фанлари бўйича тавсия этилган дарсликлар рўйхатида Ўзбекистон Конституцияси ҳам мавжуд бўлиб, унда қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш киритилган тақдирда қонунчиликнинг асл манбаига мурожаат қилиниши белгиланган.

2023 йил 30 апрель куни ўтказилган референдум натижаларига кўра Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида» конституциявий қонуни қабул қилинди.

Агентликнинг маълум қилишича, 2023 йил 22-23 май кунлари Мактабгача ва мактаб таълими ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирликлари томонидан тавсия этилган ҳуқуқшунослик фанлари бўйича таълим берувчи мутахассислар иштирокида йиғилиш ўтказилди.

Унда ҳуқуқшунослик фанидан тест топшириқларини шакллантириш масаласи муҳокама қилиниб, тест топшириқлари ўқув дастурларига киритилган мавзулар доирасида қонунчилик ҳужжатларига киритилган ўзгаришларни инобатга олган ҳолда амалдаги қонунчилик ҳужжатлари, жумладан, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституцияси асосида шакллантирилиши мақсадга мувофиқ, деб топилди.

«Юриспруденция» таълим йўналишига ўқишга кириш истагида бўлган абитуриентлар тест синовларига амалдаги қонунчилик ҳужжатлари, шу жумладан, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституцияси асосида тайёргарлик кўришлари лозимлиги маълум қилинди.

Мавзуга оид