Ўзбекистон | 19:28 / 26.05.2023
13326
2 дақиқада ўқилади

Чилонзор туманини саноат хабига айлантириш керак — президент

Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Чилонзор саноат зонасидаги корхоналар фаолияти билан танишди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 26 май куни Тошкент шаҳри Чилонзор саноат зонасидаги корхоналар фаолияти билан танишди.

Қайд этилишича, саноат ҳудудида 510 та корхона фаолият юритмоқда. Давлат раҳбари ушбу корхоналарнинг ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирди. Уларнинг ҳар бири ўзига хос йўналиш танлаганига эътибор қаратиб, барча ҳудудларда шундай корхоналарни ташкил этиш зарурлигини кўрсатиб ўтди.

Йоднинг аҳоли саломатлиги учун муҳимлигини инобатга олиб, мамлакатимизда йод билан бойитилган озиқ-овқатларни кўпайтириш бўйича кўрсатма берди.

Шу ерда Чилонзор туманида саноатни ривожлантириш режалари бўйича тақдимот ўтказилди.

«Чилонзор туманида жуда катта инфратузилма, бўш турган бинолар, кафолатланган энергия ресурслари бор. Фақат тадбиркорларга маблағ бериб, хорижий технологиялар олиб келиб, Чилонзорни саноат хабига айлантириш керак», деди Президент.

Давлат раҳбари иқтисодий лойиҳалар ижтимоий соҳада ҳам натижа келтириши зарурлигига алоҳида тўхталди. Тадбиркорларга кўмак бериб, фаолиятини кенгайтириб, маҳаллаларда камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигига ҳисса қўшиш зарурлигини таъкидлади. Бу борада бошланган янги дастурдан фойдаланиб, тумандаги 3 минг камбағал ва 10 минг ишсиз фуқарони иш билан таъминлаш вазифаси қўйилди.

Президент Чилонзор туманидаги корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмасини ҳам кўздан кечирди.

Мавзуга оид