Спорт | 21:13 / 26.05.2023
29699
17 дақиқада ўқилади

Кучли бешликда мавсум якунланмоқда: чемпионлар, ЕЧЛ йўлланмалари ва сўнгги интригалар

Европада футбол мавсуми якунланмоқда, аммо топ-5 лигаларда ҳали барча масала ҳал бўлиб улгурмади.

Англия

Чемпионлик: «Манчестер Сити»

АПЛда мавсумга шу ҳафта охирида якун ясалади, лекин интрига фақат турнир жадвалининг қуйи қисмида қолган. Чемпионлик масаласи эса муддатидан илгари ҳал бўлди. Чемпионатда мавсумнинг катта қисмида Микел Артета бошқарувидаги «Арсенал» етакчилик қилди, аммо Пеп Гвардиола шогирдини ортда қолдира олди ва бешинчи бор «Манчестер Сити»ни АПЛ чемпионлигига етаклаб келди.

ЕЧЛ йўлланмасини кафолатлаган жамоалар: «Манчестер Сити», «Арсенал», «Ньюкасл», «Манчестер Юнайтед»

«Арсенал» етти йил ичида илк бор асосий еврокубокда ўйнайди, «Ньюкасл» эса — 20 йилдан бери бу турнирга қадам қўймаганди. Қолдирилган ўйинда «Челси»ни мағлуб этган «МЮ» ҳам тўртинчи йўлланмани ўзиники қилди — Эрик тен Ҳааг «қизил иблислар»ни дебют мавсумидаёқ ЕЧЛга қайтарди, жамоа сўнгги бор бу турнирда 2021/22 йиллар мавсумида ўйнаган ва 1/8 финалга чиққанди.

Европа Лигасига йўлланмани кафолатлади: «Ливерпул» ва «Брайтон»

Конференциялар лигаси учун даъвогарлар: «Астон Вилла» (58), «Тоттенҳэм» (57), «Брентфорд» (56)

Англияда бу мавсумда 5-6 ўринлар эгалари Европа Лигасига йўл олади, Конференциялар лигасида — еттинчи жамоа қатнашади. «Ливерпул» эса 7 йил ичида илк бор ЕЧЛдан ташқарида қолди — Клоппнинг биринчи мавсумида жамоа Европа Лигасида қатнашиб, «Боруссия» Дортмунд клубига қарши драматик ўйин ўтказиб финалга чиққан, аммо бош соврин учун баҳсда «Севиля»га ютқазганди. «Брайтон» эса ўз тарихида илк бор еврокубокларда ўйнайди.

Сўнгги турда Европанинг учинчи даражали турнири йўлланмаси учун уч клуб сиртдан кураш олиб боради: бу йўлланмага «Астон Вилла», «Тоттенҳэм» ва «Брентфорд» жамоаларидан бири эга чиқади.

Шунингдек, кейинги мавсумда Европа Лигасида иштирок этиш учун «Вест Ҳэм»да ҳам имконият бор. Бунинг учун лондонликлар Конференциялар лигаси финалида «Фиорентина»ни мағлуб этиши керак.

Турнирни тарк этиб бўлган жамоа: «Саутҳемптон»

Лигада қолиш учун курашмоқда: «Эвертон» (33), «Лестер» (31), «Лидс» (31)

Бу мавсум лигада қолиш учун кураш шиддатли тус олди: қаторасига 11 мавсумни юқори элитада ўтказган «Саутҳемптон» чемпионшипга тушиб кетиши аллақачон  маълум бўлди. Яна икки номдор клуб турнирни тарк этиш ёқасида. 2016 йилда Англия чемпиони бўлган «Лестер» ва сўнгги йилларда яна рақобатбардош жамоага айланган «Лидс»да имконият жуда ёмон. «Эвертон» ҳам ҳозирча ўзини хавфсиз ҳис қила олмайди, аммо сўнгги турда барчаси ўзгариши мумкин. Бу катта йўқотиш бўлади: 9 бор Англия чемпиони бўлган ливерпулликлар олий дивизионни сўнгги 70 йил мобайнида тарк этмаган.

АПЛга чиққан икки жамоа номи маълум: «Бёрнли» ва «Шеффилд Юнайтед» қайтишди, учинчи жамоа номи «Лутон» — «Ковентри» баҳсида аниқланади.

Тўпурарлар: Ҳоланд, «Манчестер Сити» (36 та гол), Кейн, «Тоттенҳэм» (28)

Эрлинг Ҳоланд дебют мавсумидаёқ кетма-кет ютуқларга эришди ва рекордларни янгилади, у келгунича лигада бир мавсумда урилган голлар сони бўйича энг юқори кўрсаткич — 34 та эди, энди 36 та бўлди. Қолаверса, ушбу норвегияликда бу планкани кўтариш учун яна бир ўйин бор бўлади. «Олтин бутса» — уники.

Испания

Чемпионлик: «Барселона»

2019 йилдан буён илк бор каталонлар Испания чемпионати олтинларини ўзига қайтарди. Улар бутун мавсум давомида пешқадамлик қилишди ва 34-турдаёқ биринчи ўринни кафолатлашди.

ЕЧЛ йўлланмасини кафолатлаган жамоалар: «Барселона», «Реал», «Атлетико»

ЕЧЛ йўлланмаси учун даъвогарлар: «Реал Соседад» (68), «Вилярреал» (63)

Испаниядан стандарт учлик кейинги мавсум Чемпионлар лигасида иштирок этишини ҳал қилган, тўртинчи иштирокчи катта эҳтимол билан «Реал Соседад» бўлади — мавсум якунига икки тур қолганида бу жамоа бешинчи ўриндаги «Вилярреал»ни беш очкога ортда қолдирган. Басклар клуби ўн йил ўтиб еврокубокка қайтишга тайёрланмоқда.

Бундан ташқари, «Севиля» ЕЧЛдан бир қадам берида турибди — бунинг учун Европа Лигаси финалида «Рома»ни енгиш талаб этилади.

Камида Европа Лигасига йўлланмани кафолатлаган: «Вилярреал» (63)

Камида Конференциялар лигасига йўлланмани кафолатлаган: «Бетис» (56)

Конференция лигасига йўлланма учун даъвогарлар: «Атлетик» (50), «Жирона» (49), «Севиля» (49), «Осасуна» (47), «Райо Валекано» (46), «Малорка» (44)

«Вилярреал» ва «Бетис» катта эҳтимол билан бешинчи ва олтинчи ўриндан юқори кўтарила олмайди ва Европа Лигасига йўл олади. Конференциялар лигаси йўлланмаси учун эса сўнгги турларда қаттиқ кураш кетади — даъвогарлар жуда кўп.

Турнирни тарк этиб бўлган жамоа: «Элче»

Лигада қолиш учун курашмоқда: «Валенсия» (40), «Селта» (40), «Алмерия» (39), «Ҳетафе» (38), «Кадис» (38), «Валядолид» (38), «Эспанол» (35)

Бу мавсумда Испанияда лигада жон сақлаш учун кураш қизғин тус олди. Финишгача — иккитадан ўйин қолган, ҳатто 13-ўринда келаётган «Валенсия» ҳам масалани ҳал қилмаган. «Элче» барча имкониятни йўқотган, аммо ҳали унга эргашувчи икки жамоа номи маълум эмас.

Шунингдек олий дивизионга чиқадиган жамоалар ҳам ҳали аниқ эмас — сегундада сўнгги тур арафасида бирорта жамоа юқори лигага кўтарилиш масаласини ҳал қила олмади. Даъвогарлар — «Гранада», «Лас-Палмас», «Алавес», «Леванте», «Эйбар» ва «Албасете».

Тўпурарлар: Левандовски, «Барселона» (23), Бензема, «Реал» (18)

Икки таниқли тўпурар — кутилганидек мерганлик пойгасида етакчилик қилди. Бир йил муқаддам Карим Бензема биринчи бўлганди, аммо Роберт Левандовски ла лигадаги илк мавсумидаёқ унинг ўрнини тортиб олмоқда.

Италия

Чемпионлик: «Наполи»

Лучано Спаллетти жамоаси бутун мавсум давомида ишонч билан ғолиблик учун олға юрди ва мавсум якунига беш тур борлигидаёқ чемпионга айланди. Бу «Наполи» учун 33 йилдан буён илк олтин медал.

ЕЧЛ йўлланмасини кафолатлаган жамоалар: «Наполи», «Лацио»

ЕЧЛ йўлланмаси учун даъвогар жамоалар: «Интер» (66), «Милан» (64), «Аталанта» (61), «Рома» (60)

Жорий мавсум Чемпионлар лигаси яримфиналида ўйнаган Миланнинг икки жамоаси ҳамон кейинги мавсум унда иштирок этишини кафолатламади. Вазият улар учун янада ёмонроқ тус олиши мумкин эди, аммо «Ювентус»дан яна 10 очко олиб қўйишди, шунинг учун ЕЧЛ учун курашда бу жамоалар битта ортиқча ўрин пайдо бўлди.

Шунга қарамай, ҳали ҳеч нарса аниқ эмас. Қолган икки йўлланма учун тўрт клуб даъвогар, «Интер» ва «Рома»да эса лазейка ҳам бор: миланликлар ЕЧЛ ғолиблиги орқали, римликлар эса — Европа Лигасида ғолиб чиқиш билан ҳам йўлланма олиши мумкин.

Европа Лигаси ва Конференциялар лигасига йўлланма учун даъвогарлар: «Интер» (66), «Милан» (64), «Аталанта» (61), «Рома» (60), «Ювентус» (59)

Италия Кубоги финалида «Интер» «Фиорентина»ни мағлуб этди. Миланликлар қитъанинг икки асосий турниридан бирида иштирок этишини кафолатлаган, шунинг учун Кубокдаги йўлланма автоматик равишда А серияга ўтказилади. Бу шуни англатадики, юқорида кўрсатилган беш жамоа еврокубокларда ўйнаши аниқ, фақат айнан қайси турнирдалиги аниқ эмас. Бунда турлича вариантлар келиб чиқиши мумкин, барчаси қолган икки турда ҳал бўлади.

Турнирни тарк этиб бўлган жамоалар: «Сампдория», «Кремонезе»

Лигада қолиш учун курашмоқда: «Лечче» (33), «Специя» (31), «Верона» (30)

«Сампдория» 2003 йилдан буён фақат бир марта А сериядан ташқарида қолган, шундай экан, бу жамоанинг турнирни тарк этиши сезиларли ҳолат. «Кремонезе» эса бу асрда илк бор юқори элитага чиққанди ва дарҳол ортга қайтадиган бўлди. Учинчи чипта уч жамоадан бириники бўлади.

Бу жамоалар ўрнини «Фрозиноне» ва «Женоа» эгаллаши аниқ, учинчи йўлланма В серия плей-оффи босқичи ғолибиники бўлади — бу ерда биратўла олти номзод бор.

Тўпурарлар: Осимҳен, «Наполи» (23), Мартинес, «Интер» (20)

«Наполи» чемпионликни кучли бешликда барчадан эртароқ ҳал қилди, Спаллетти билан хайрлашаётган жамоа яна икки асосий индивидуал совринларга эга чиқиши мумкин: Виктор Осимҳен тўпурарлар пойгасида пешқадам, Хвича Кварацхелия — ассистентлар рўйхатида энг яхшиси бўлиб турибди.

Германия

Чемпионликка даъвогар жамоалар: «Боруссия» Д (70), «Бавария» (68)

Фантастика: бундеслигада мавсум якунига бир тур қолганида ҳам асосий масала ҳал бўлмади — ким чемпион бўлади? «Бавария» қаторасига ўн чемпионликдан иборат сериясини тўхтатиш хавфи остида турибди. Кумуш товоқни яна бир бор кўтариш учун жамоа футболчилари сўнгги турда «Кёлн»ни енгишдан ташқари, «Боруссия» ҳам ўз уйида «Майнц»га қарши ўйинда очко йўқотишига умид қилиши керак. Барчаси 27 май куни ҳал бўлади.

ЕЧЛ йўлланмасини кафолатлаган жамоалар: «Боруссия» Д, «Бавария», «Лейпциг»

ЕЧЛ йўлланмаси учун даъвогар жамоалар: «Унион» (59), «Фрайбург» (59)

Асосий еврокубокда Германиядан қатнашадиган одатий уч жамоа аллақачон йўлланмани нақд қилган, тўртинчи делегат эса янги жамоа бўлади: Берлиннинг «Унион» клуби ҳам, «Фрайбург» ҳам шу вақтга қадар бу турнирда ўйнамаган. Пойтахт жамоасида тўплар нисбатидаги устунлик ва сўнгги турда нисбатан осонроқ рақибга қарши ўйнаши туфайли кичик устунлик мавжуд.

Камида Европа Лигасида ўйнашини ҳал қилганлар: «Унион Берлин», «Фрайбург»

Европа Лигаси Конференциялар лигасига йўлланма учун даъвогарлар: «Байер» (50), «Волфсбург» (49), «Айнтрахт» (47)

Германия Кубоги финали ҳали ўтказилмади: 3 июн куни «Лейпциг» ва «Айнтрахт» соврин учун курашади. Агар франкфуртликлар жамоаси ғолиб чиқса, айнан шу жамоа Европа Лигасига йўл олади. Агар ундай бўлмаса, бундеслиганинг еттинчи ўрни еврокубокка йўлланма беради. Ҳозирда «Байер» олтинчи ўринда, аммо «Волфсбург» ва «Айнтрахт» бу клубни яқиндан таъқиб этмоқда.

Турнирни тарк этиб бўлган жамоа: «Ҳерта»

Турнирда қолиш учун курашаётган жамоалар: «Аугсбург» (34), «Штутгарт» (32), «Боҳум» (32), «Шалке» (31)

Сандро Шварц «Ҳерта»ни қутқара олмади — жамоа муддатидан олдин бундеслигани тарк этди. «Шалке» ҳам қуйи дивизионга тушиб кетиш ёқасида турибди — сўнгги турда гилзенкирҳенликлар «Лейпциг» майдонида очко олиши талаб этилади. «Аугсбург» тўғридан тўғри лигани тарк этиши даргумон, аммо ўтиш ўйинларида ўйнашга тўғри келиши мумкин. «Штутгарт» ва «Боҳум» ҳам хавфли зонада.

Бундеслигага биринчи йўлланмани «Дармштадт» ўзиники қилган, иккинчи тўғридан тўғри йўлланма учун «Ҳайденҳайм» ва «Ҳамбург» даъвогар: улардан бири юқори лигага чиқади, бошқаси — ўтиш ўйинлари орқали ҳаракат қилиб кўради.

Тўпурарлар: Фюллкруг, «Вердер» (16), Коло Муани, «Айнтрахт» (14), Гнабри, «Бавария» (14), Нкунку, «Лейпциг» (14), Грифо, «Фрайбург» (14)

Германия терма жамоаси ҳужумчиси, кўпчиликка ЖЧ-2022 турниридаги иштироки орқали танилган Никлас Фюллкруг у қадар кўп гол урмаган бўлса ҳам бундеслиганинг энг яхши тўпурари бўлиб қолди — у 16 бор рақиблар дарвозаларини ишғол этган. Ўтган мавсумда энг яхши тўпурар бўлган Роберт Левандовски ҳисобида 35 гол бор эди, фарқ жуда улкан.

Шу билан бирга, бу мавсумда асосий индивидуал мукофотлар учун форвардлар ўртасида ҳақиқий интрига кечмоқда — пойгадаги беш футболчидан исталгани биринчи ўринни олиши мумкин.

Франция

Чемпионликка даъвогар жамоалар: «ПСЖ» (84), «Ланс» (78)

Кутилмаганда, «ПСЖ» ҳозирга қадар ўзи учун олтин медалларни нақд қилмади. Янада ҳайратланарлиси, парижликларга рақобат кўрсатишда давом этаётган ягона жамоа бўлиб турган «Ланс» — уч йил муқаддам лига 2 иштирокчиси эди. Шу билан бирга, бу рақиблик фақат назарий жиҳатдан: пойтахтликлар чемпионликни ўзида олиб қолиши учун сўнгги икки турда бир очко олиши кифоя қилади.

ЕЧЛ йўлланмасини кафолатлаган жамоалар: «ПСЖ», «Ланс», «Марсел»

Францияга асосий еврокубок учун учта йўлланма берилади, шундан ҳам биттаси — саралаш турнирига. «Марсел» «Ланс»дан беш очкога ортда қолиб кетган, шундай экан, катта эҳтимол билан, айнан мамлакат жанубидан бўлган ушбу жамоа тўғридан тўғри йўлланмасиз қолади.

Европа Лигасига йўлланма кафолатлаган жамоа: «Тулуза»

Европа Лигаси ва Конференциялар лигасига йўлланмани кафолатлаган жамоалар: «Монако» (65), «Лилл» (63), «Ренн» (62), «Лион» (59)

Апрел ойида «Тулуза» ўз тарихида илк бор йирик соврин ютди — Франция Кубогини, бу билан Европа Лигасига йўлланмага эга чиқди. Бу жамоага кимлар қўшилиши ҳозирча аниқ эмас.

Тўртинчи ўринда бораётган монегасклар Европа Лигаси учун асосий даъвогар. Лиганинг бешинчи жамоаси Конференциялар лигасига йўл олади, бу ҳозирда «Лилл» бўлиб турибди. Францияда еврокубоклар учун бошқа ўрин йўқ.

Турнирни тарк этиб бўлган жамоалар: «Аяччо», «Труа», «Анже»

Турнирда қолиш учун курашаётган жамоалар: «Страсбур» (39), «Осер» (34), «Нант» (33)

Бу мавсумда лига 1 турнирини биратўла тўрт клуб тарк этади, уларнинг ўрнига эса фақат икки клуб чиқади — французлар юқори дивизиондаги жамоалар сонини 20 тадан 18 тагача туширишга қарор қилган. Учта омадсиз жамоа номи аллақачон маълум бўлган, тўртинчиси эса «Осер» ва «Нант»дан бири бўлади. «Страсбур» ҳам хавфдан халос бўлмаган, аммо бу фақат назарий жиҳатдан.

Юқори лигага катта эҳтимол билан «Гавр» ва «Бордо» чиқади, аммо «Метц» клубида ҳам имконият сақланиб қолмоқда.

Тўпурарлар: Мбаппе, «ПСЖ» (28), Ляказетт, «Лион» (26), Дэвид, «Лилл» (22)

Агар Эрлинг Ҳоланднинг аномал натижаси бўлмаганида, Килиан Мбаппе ҳозир «Олтин бутса» учун Ҳарри Кейн билан рақобат қилаётган бўларди. Лига 1 чемпионатида бу мавсум кўп гол урилди: топ-5 лигалардаги энг яхши олти тўпурардан уч нафари шу ерда. Александр Ляказеттда Мбаппени қувиб ўтиш имконияти мавжуд, Жонатан Дэвидда эса деярли йўқ.

Мавзуга оид