Ўзбекистон | 16:42 / 26.05.2023
18705
6 дақиқада ўқилади

Яна “тонировка” масаласи: нега жамоат автобуслари учун у текин эмас?

Иссиқ кунларда автомобиллар ичидаги инсонларни қуёш тиғидан асрашда муҳим ўрин тутадиган “тонировка” бўйича янги эпохада катта эркинлик берилди. Бироқ бу бошланган эзгу ташаббус ниҳоясига етказилмасдан қолиб кетди.

Ойналарни қорайтириш, пардалар ўрнатиш бизнинг ўлкамизда қарийб 9 ой ҳукм сурадиган қуёшли кунларда автомобил салонидаги инсонларни иссиқдан, қуёшнинг куйдирувчи ултрабинафша нурларидан асрашда муҳим аҳамият касб этади.

Эсласангиз, бир пайтлар автомобилларни тонировка қилиш умуман мумкин эмасди. Фақат автомобилларнинг орқа ойнасини ва олд ойнасининг тепасидан 14 см қисмини қорайтиришга рухсат берилган эди. Бундай тақиққа хавфсизлик мақсадлари сабаб қилиб кўрсатилар эди.

Лекин ҳайдовчилар уюшқоқлик билан ўз истакларини ижтимоий тармоқлар орқали собитқадамлик билан билдиришда давом этишди ва ниятларига етишди. Кўплаб талаб ва истакларни инобатга олиб, республика раҳбари энг олий даражада ҳайдовчининг ўтирган ўрнидан атрофини кўришга халақит бермаётган барча ойналар – автомобиллар салонининг орқа қисми эшиклари ойналарини қорайтириш текин қилинди.

Мана, пул эвазига бўлса ҳам, олд ойнадан ташқари, енгил автомобилнинг барча ойналарини қорайтириш жорий этилди. Бундан хавфсизликка ҳеч қандай путур етмаслиги, аслида барчаси бўрттириб юборилгани маълум бўлди.

Ҳозир ҳаттоки “Дамас”лар ҳам олд пешойнадан ва олд эшикларнинг ойнасидан бошқа ойналарини текинга қорайтириб олиб, мазза қилиб юришибди.

Айни пайтда енгил автомобилларнинг олд эшиклари ойнасини қорайтириш маълум сумма эвазига амалга оширилади.

Автобуслар учун ойналарни қорайтириш суммаси эса ҳамон баландлигича қолмоқда. Айни пайтда автобус салонидаги ойналарни қорайтириш йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 баравари (бугунги кунда 13 млн 200 минг сўм) қилиб белгиланган.

Бу – M3 тоифадаги кенг сиғимдаги автобуслар учун белгиланган миқдор. Тор сиғимли, М2 тоифадаги кичик микроавтобуслар учун ойналарни қорайтириш нархи ҳам шунча.

Энди эътибор берайлик, кенг ва тор сиғимли бундай автобуслардан асосан қаерларда фойдаланилмоқда:

  1. Шаҳарлардаги жамоат транспортлари
  2. Шаҳарлараро қатновчи автобуслар
  3. Туристларни ташувчи фирмаларнинг автобуслари
  4. Турли ташкилотларнинг ишчи-ходимларини ташувчи автобуслар
  5. Айрим ҳудудларда мактаб ўқувчиларини ташувчи автобуслар

Автобуслар учун салон ойналарини қорайтириш нега бу қадар ҚИММАТ қилиб белгилангани, умуман, нега автобуслар учун пулли қилиб қолдирилганини ҳеч ким тушунтирмаган.

Катта шаҳарларда аҳолининг катта қисми автобуслардан фойдаланишади (Самарқанд шаҳрида трамвай, Хоразм вилоятида троллейбус ҳам бор).

Умуман, автобусларнинг сони транспортлар улуши ичида энг ками бўлса керак. Масалан, шаҳарларда автомобиллар юз минглаб саналса, автобуслар минглаб саналади, яъни уларнинг сони юз баробар кам.

Қизиқ ва ўринли савол туғилади: автобус салони деразаларини қорайтириш ҳайдовчи, автомобил салони ва ташқаридаги одамларга қандай хавф туғдириши мумкинки, жамоат транспортидан фойдуланувчилар нега бундай “бахт”дан дариғ тутилган?

Ўзингиз мушоҳада қилинг: жамоат транспортидан асосан кимлар фойдаланади? Камхарж аҳоли қатлами, хусусан ёш болалар, ўқувчи-талабалар, қария-пенсионерлар. Айнан улар комфорт шароитдан мосуво.

Бу тутуриқсизликнинг яна бир жиҳати бор

Юртимизга олиб кирилаётган сўнгги русумдаги янги жамоат транспортларининг кўпида кондиционер бор. Бу салонни бироз салқинлатса ҳам, айнан қуёшнинг тўғридан тўғри салонни қиздириши туфайли кўпроқ ёнилғи сарфланишига ҳам сабаб бўлади. Қолаверса, юртимиздаги автобусларнинг қанчаси кондиционерсиз эканини ҳам чамалаб кўраверинг.

Туризм йўналиши баравж, унга кейинги йилларда катта эътибор қаратилмоқда ва ватанимиз иқтисодиётини кўтаришнинг асосий йўналишларидан бири, айтиш мумкинки, локомотиви сифатида белгиланган. Шундай шароитда, туризм билан шуғулланувчи компаниялар ҳам 40 БҲМ эвазигагина автобуслар ойнасини қорайтириши мумкин.

Бу пулга қизғанган туризм автокорхоналари мижоз йўқотади. Қилдирай деса, ўрнини қоплаш учун туристик хизматларнинг қийматини ошириш керак бўлади.

Қолаверса, автобуснинг кўп сонли ойналарига қорайтирилган плёнка тортиб чиқишнинг ўзи ҳам яхшигина харажат талаб қилади. Унга рухсат олиш учун яна ҳар йили 13,2 млн пул тўлаш автокорхоналарга аниқ оғирлик қилади.

Яъни автобус ойналарини қорайтиришга бирор тақиқ йўқ. У шунчаки пулли ва ҳаддан ташқари катта пул белгилаб қўйилган.

Автобусларнинг ҳам ён ойналарини қорайтириш текин қилиниши керак. Бу борада йўловчи ташиш хизмати билан шуғулланаётган автокорхоналар ҳамда Маданият ва туризм вазирлиги ташаббус билан чиқишлари керак.

Бу тўловдан манфаатдор фақат битта давлат идораси бор: Ички ишлар вазирлиги. Улар ҳам кутилаётган бу фойдадан воз кечиб қўяқолгани яхши. Чунки, айниқса кўп сонли жамоат транспортлари ортиқча чиқим қилиб, автобусларнинг ойналарини қорайтираётгани йўқ. Яъни барибир кутилган даромад тушмаяпти.

Депутатларимиз ҳам бу масалани парламент муҳокамасига олиб чиқишса, яхши бўларди. Миллионлаб инсонларга қулайлик яратган эзгу ташаббус охиригача етказилиши керак. Унинг фақат автомобил эгаларига эмас, транспортдан фойдаланадиган оддий халққа ҳам фойдаси тегиши лозим.

Шу ўринда бирор хорижий тажрибани мисол келтиришни лозим топдик. Саудия Арабистонида миллионлаб зиёратчилар асосан автобусларда олиб юрилади. Автобуслар ойналари тўлиқ қорайтирилган – бунинг учун давлатга ҳеч қандай тўлов қилинмайди. Шунчаки, бунга табиий эҳтиёж борлиги учун. Ўзбекистоннинг ёзи ҳам араб ўлкасиникидан қолишмайди.

Шундай экан, бизни кутаётган жазирама кунлар олдидан, бу масалани тезроқ кун тартибига чиқариш керак.

Шуҳрат Шокиржонов,
журналист

Мавзуга оид