Жаҳон | 08:53 / 27.05.2023
9348
2 дақиқада ўқилади

Гуржистон собиқ бош вазири Credit Suisse'дан қарийб 1 млрд доллар ундирди

Суд Credit Suisse Trust'ни Бидзина Иванишвилига 926 млн доллар тўлаш мажбуриятини юклади. Банк қарорга қарши чиқишини айтди.

Фото: David Mdzinarishvili/TASS/Getty Images

Швейцариянинг Credit Suisse банки шуъба корхонаси Гуржистон собиқ бош вазири Бидзина Иванишвилига бойлигининг бир қисмини йўқотганлиги учун товон пули сифатида 926 миллион доллар тўлайди. Бундай қарор 26 май, жума куни Сингапур халқаро тижорат суди (SICC) томонидан қабул қилинди.

2004 йил охирида Гуржистоннинг энг бой одамларидан бири деб аталадиган Иванишвили Credit Suisse'га бир миллиард доллардан ортиқ сармоя киритди. Кейинчалик маълум бўлишича, бу маблағларнинг бир қисми банк молиявий маслаҳатчиси Патрис Лескодрон томонидан ўзлаштирилган. 2018 йилда Лескодрон фирибгарлик учун беш йилга қамалган. Ҳукм чиқарилганидан икки йил ўтгач, у ўз жонига қасд қилди.

Сингапур судининг қарорига кўра, банк миллиардернинг ўзига ишониб топширилган активларини етарлича ҳимоя қилмаган. Ўз навбатида, Credit Suisse Trust ҳукм устидан ҳакамлик судига шикоят қилишини маълум қилди.

Иванишвилининг адвокатлари Credit Suisse’га қарши Янги Зеландия ва Бермуд ороллари судларига ҳам даъво аризаси берган. 2022 йилда Бермуд ороллари суди Иванишвили молиявий маслаҳатчининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари учун Credit Suisse'дан 607 миллион доллар товон пули олиши бўйича қарор чиқарган эди. Сингапур суди шу муносабат билан томонлар товон тўлашнинг якуний миқдорини ўзгартириши кераклиги, шунда зарар икки марта тўланмаслигини белгилади.

Мавзуга оид