Ўзбекистон | 18:29 / 27.05.2023
16098
4 дақиқада ўқилади

Самарқанддаги сайёр қабулда минглаб мурожаатлар бўлди, узун навбатлар юзага келди

Халқ билан мулоқот қилиш ва “маҳаллабай” ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, жойларда учраётган муаммоларга тезкор ечим топиш мақсадида Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида Республика ишчи гуруҳининг оммавий қабули ўтказилди.

Унда Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Солиқ қўмитаси, шунингдек, Халқ қабулхоналари раҳбарлари Самарқанд, Навоий, Жиззах ва Сирдарё вилоятларидан келган мурожаатчиларни қабул қилди.

Эрта тонгдан қабулга навбатда турганлар ўртасида турли зиддиятлар, мурожаатимни эшитмай қолади, деган ҳадик тобора ортиб борди. Унга жавобан Олий суд раиси Бахтиёр Исломов энг охирги мурожаатчигача қабул қилишини билдирди. Kun.uz’га тақдим қилинган маълумотларга кўра, сайёр қабулда Олий суд тизимига жами 513 та мурожаат бўлган.

Жами мурожаатлардан 292 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб, 112 таси жойида ижобий ҳал этилди.221 та мурожаат бўйича аризалар Олий суд томонидан кассация ва такроран кассация тартибида ҳал этиш учун қабул қилинди.

Жазодан озод қилиш бўйича киритилган тақдимномалар асосида ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган 95 та маҳкумлар жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди. Жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 13 та жиноят иши бўйича 13 нафар шахслар суд залидан қамоқдан озод этилди, 1 нафар шахсга оид жиноят иши тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан тугатилди.

Иқтисодий ишлар бўйича судлар томонидан суд мажлисларида тадбиркорлар (даъвогар)нинг 2 млрд 331 млн сўмлик даъво талаблари қаноатлантирилди.

Шунингдек, Бош прокурор Ниғматулла Йўлдошев қабулига кирган фермер Жиззах вилояти ҳокимлиги унинг бир млрд сўм маблағини бермай келгани ва прокуратурага қилинган мурожаатдан сўнг масала ижобий ечим топгани учун миннатдорчилик билдирди. 

“Чақмоқ” кўп тармоқли фермер хўжалиги раиси Зафар Ҳакимовнинг айтишича, 2022 йилда кўрсатилган аустсорсинг хизмати учун Жиззах вилояти ҳокимлиги фермердан қарийб бир млрд сўм қарздор бўлиб қолади. Етти ой давомида қатор ташкилотларга, ҳатто вилоят ҳокимининг ўзига мурожаат қилса-да, қарз тўлаб берилмайди. Шундан сўнг Бош прокуратурага ариза беради ва уч кун ичида фермернинг муаммоси ҳал бўлади.

Ички ишлар вазирлиги берган маълумотга кўра, тизимга қабул давомида 518 та мурожаат келиб тушган. Шундан 321 таси бевосита ички ишлар органлари фаолияти билан боғлиқ. Мурожаатларнинг 297 таси ижобий ҳал этилган, 221 та мурожаатларнинг ижроси назоратга олинган.

Хусусан, мурожаатларнинг 139 таси ички ишлар органларига хизматга қайта тиклаш, 33 таси суриштирув ва тергов ҳаракатлари юзасидан, 32 таси ички ишлар органларида хизматни ўташ, 31 таси терговга қадар текширув ҳаракатларини қайта кўриб чиқиш, 29 таси пробация ҳисобидаги шахсларни жазодан муддатидан олдин шартли озод қилиш каби мурожаатлардир. Еттита ҳолатда Ўзбекистон Республикаси фуқароси деб тан олиш мазмунида мурожаат қилинган.

Солиқ қўмитасига ҳам 14 та мурожаат келиб тушган.

Шунингдек, Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ҳам юқоридаги идораларга тегишли бўлмаган мурожаатлар бўйича жисмоний ва юридик шахсларни қабул қилди. Уларни қийнаб келаётган муаммо ва масалаларни эшитиб, ҳар бир мурожаатни қонун доирасида ҳал этиш бўйича масъулларга тегишли кўрсатмалар берди.

Республика ишчи гуруҳининг навбатдаги сайёр қабули Хоразм вилоятида ўтказилиши режалаштирилган.

Мавзуга оид