Жаҳон | 13:46 / 27.05.2023
15500
37 дақиқада ўқилади

Суриянинг Араб лигасига қайтиши. Яқин Шарқдаги геосиёсий вазият қандай ўзгаряпти?

12 йил олдин Араб лигасидан қувилган Сурия яна ташкилотга қайтди. Лиганинг Жиддадаги саммитини Қатар амири нутқ сўзламасдан тарк этди. Минтақада Хитой дипломатияси фаоллашган: расмий Пекин Саудия ва Эроннинг ярашувига воситачи бўлди. Kun.uz сиёсатшунослар билан дунёдаги энг қайноқ регион – Яқин Шарқдаги геосиёсий тенденцияларни таҳлил қилди.

2011 йил Яқин Шарқ минтақасининг бир нечта давлатларида норозилик намойишлари ортидан инқилоблар юз берди. Бу воқеалар тарихга Араб баҳори номи билан ёзилди. Сурия эса глобал кучларнинг тўқнашув полигонига айланди ва Араб давлатлари лигасидан чиқариб юборилди.

Орадан 12 йил ўтиб, Башар Асад ташкилот учрашувига яна таклиф қилинди. Kun.uz мухбири сиёсатшунослар Ҳабибулло Азимов ва Камолиддин Раббимов билан Сурия инқирози, Яқин Шарқ минтақасидаги геосиёсий вазият ҳақида суҳбатлашди.

— Араб давлатлари лигаси аслида нима мақсадда тузилган эди ва ташкилот аъзолари нега Сурияни аввал яккалаб, кейин яна ташкилотга қайтаришга қарор қилишди?

Ҳабибулло Азимов: Авваламбор, дунё сиёсий харитасига эътибор берадиган бўлсак, Шимолий Африка ва Яқин Шарқда 22 та араб давлати мавжуд. Улар 13 млн кв км ер майдонига ва 370 млн аҳолига эга. Бу мамлакатлар стратегик ва ресурс нуқтайи назаридан энг унумли минтақаларда жойлашган. Уларни бирлаштириб турувчи ташкилот эса – Араб давлатлар лигаси (Араб бирлиги)дир.

Ташкилотнинг тарихига қарайдиган бўлсак, унда дастлаб Саудия Арабистони ташаббуси билан 1934 йилда Ироқ қироллиги билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилади. Кейинчалик, 1944 йилда Мисрда Искандария протоколи тузилади, шундан кейин Қоҳирада Миср, Саудия Арабистони ва Сурия каби мамлакатлар иштирокида расман Араб давлатлари лигаси ташкил қилинади.

Ташкилот 22 та Араб давлати ўртасида иқтисодий, сиёсий, ижтимоий ва маънавий алоқаларни ривожлантириш, уларнинг мавжуд муаммоларини биргаликда ҳал қилиш, ҳудудий дахлсизликни таъминлаш, ички ва ташқи хавфларнинг олдини олиш масалаларида бир-бирларига кўмаклашиш мақсадида тузилган.

Камолиддин Раббимов: Ўзлик энг катта иттифоқлар ёки зиддиятларга асос бўлган. Араб давлатлар лигаси замирида битта ўзлик туради, яъни бу давлатларнинг барчаси араб тилида гаплашади ва аҳолисининг асосий қисми мусулмонлар. Иккита фундаментал омил: тил ва ўзликнинг келиб чиқиши ҳамда дин, бу албатта, энг катта интегратор ва уларни бирлаштирувчи асосий омил. Бу уларда бир томондан умумий дунёқарашни шакллантиради, иккинчи томондан эса уларнинг бирлашувини тақозо этади.

Глобаллашган дунёда араб давлатлари жуда катта инқирозларни бошдан кечирди, хусусан, 1947 йилда Яқин Шарқда Исроилнинг қайтадан ташкил топиши. Бу давлатнинг қайтадан ташкил топиши, дейишимнинг сабаби – тарихда ўша ҳудудларда чиндан ҳам яҳудий қабилалари мавжуд бўлган. Ислом дини пайдо бўлган вақтда у ерда Исроил давлати бўлмаган, яъни тарихий Исроилнинг йўқ бўлиб кетишида мусулмонларнинг қўли йўқ, бу аслида христиан динининг цивилизацияси билан боғлиқ. 1947 йилда Исроил ташкил топганидан кейин, араб давлатлари катта-катта инқирозларни бошдан кечирди, бу даврда Араб лигаси асосий координатор ролини ўйнади.

1990 йилларга қадар, Совуқ уруш даврида араб дунёси иккига бўлинган эди, уларнинг бир қисми Америка, бир қисми эса Совет иттифоқи тарафдорлари бўлган. Шунингдек, улар орасида ҳеч кимга қўшилмайдиган вакиллар ҳам бор эди. 1990 йиллардан кейин, минтақадаги геосиёсий вазият ўзгарди, бугунги кунда ҳам янги бир геосиёсий вазият юзага келган.

Араб бирлигининг асосий мақсади – ягона цивилизация сифатида ҳамжиҳат бўлиш, муаммоларни биргаликда ҳал қилиш ва ташқи таҳдидларга биргаликда жавоб бериш. Лекин бугунги кунда бу бирликни “шартли бирлик” деб аташ мумкин, яъни вазият анча мураккаб.

Араб дунёсида ягона ахборот ҳудуди мавжуд, улар шу минтақада кўзга кўринган спортчилар, сиёсатчилар, олимлар ёки санъаткорларни танийди. Таққослаш мумкинки, биз қўшни Қозоғистонда қайси санъат арбоблари борлигини билмаймиз, яъни биз Марказий Осиёда ягона ахборот ва маданий ҳудудга эга эмасмиз. Лекин Россиядаги депутатлардан тортиб, санъаткорларгача яхши таниймиз. Худди шундай, араб дунёси ҳам ягона ахборот ҳудудида ўтиради ва уларнинг ахборот макони бирлашган. Аммо ўртадаги геосиёсий ва сиёсий зиддиятлар ниҳоятда кучли. Демак, Араб лигаси улар ўртасидаги бирликни таъминлаш мақсадида ташкил этилган, бироқ ҳозирда бу бирлик йўқ ва бунга бир эмас, бир нечта сабаб мавжуд.

Ҳабибулло Азимов: Шуни таъкидлаш керакки, араб давлатлари ўртасида бирлик йўқлиги масаласида жуда кўп тортишувлар бор. Нима учун араблар бирлаша олмайди? Ҳатто арабларнинг ўзларида шундай бир мақол бор: “Араблар ўзаро келишмасликка келишиб олишган”. Яъни 22 та араб мамлакати бўлса, уларнинг турли минтақалардаги вакиллари, масалан, Форс кўрфазидаги давлатлар ёки Шимолий Африкадаги давлатларнинг ичида ҳам ўзаро бўлиниш ҳолатлари жуда кўп учрайди. Аммо 1950 йилларда Мисрдаги Жамол Абдул Носир инқилобидан кейин улар орасида: “Араб давлатлари арабчилик остида бирлашиши керак”, деган ғоя пайдо бўлди. Яъни ислом дини пайдо бўлишидан аввал ҳам араблар бор эди ва дин уларни яхши бирлаштира олмагани сабабли, Жамол Абдул Носир арабизм остида бирлашиш ғоясини ўртага ташлаган.

Бироқ бу ғоя ҳам араб дунёсида тўлиқ қўллаб-қувватланмади. Бу орада араблар ҳатто социализм остида бирлашиш ғоясини ҳам ўртага ташлади, 1943 йилда Сурияда араб социализмининг ғоявий оталари бўлган Мишель Ифлак, Икрам Хеврани ва Закий Арузийлар “Баас” партиясига асос солган ва арабларни социализм ғояси остида бирлашишга чақирган. Бу ғоя бир муддат Сурия, Ироқ ёки Миср давлатларида муваффақиятга эришган бўлса-да, бутун бошли араб дунёсини қамраб олиши мумкин эмасди, чунки бу давлатлардаги сиёсий ёки бошқарув тизимлари турлича эди.

— Бирликдаги мамлакатларнинг ўзаро зиддиятлари уларнинг бирлашишга бўлган ҳаракатлари самара бермаётганини кўрсатмоқда. Бунга асосий сабаб нима ва бунда ташқи таъсирларнинг роли қанчалик катта?

Ҳабибулло Азимов: Албатта, араб дунёсида катта сиёсий қудратга эга давлатлар бор, лекин уларга нисбатан ташқи таъсирлар ҳам доим мавжуд бўлган. Дейлик, Жамол Абдул Носир давридаги Миср СССР билан яқин алоқаларга эга бўлган, унинг вафотидан кейин ҳокимиятга келган Анвар Саадад Ғарбга қаратилган сиёсатни амалга оширган. Жумладан, 1973 йилда бошланган Исроил ва Араб коалицияси ўртасидаги урушда арабларнинг ғалабага бўлган ишончи бор эди, лекин Мисрнинг урушдан чиқиб кетиши ва Исроил томонидан эгаллаб олинган Синай яриморолининг Мисрга қайтарилиши шарти қабул қилиниши бошқа араб давлатларининг Мисрга нисбатан эътирозларига сабаб бўлганини кўришимиз мумкин.

Бундан ташқари, 2010 йилда Тунисда Муҳаммад Азиз исмли сайёр мева сотувчининг ҳукумат биноси қаршисида ўзини ёқиб юборишидан кейин, Тунисда 1987 йилдан бери ҳокимият тепасида бўлган Зайнал Бин Ал-Обидин ҳокимиятни ташлаб кетишга мажбур бўлди. Демократик ҳақ-ҳуқуқларни талаб қилиш баҳонасида бошланган намойишлар, кейинчалик Миср, Тунис ва Сурия каби мамлакатларда инқилобларга сабаб бўлди. Албатта, бунда ташқи кучлар таъсири сезиларли даражада мавжуд.

Камолиддин Раббимов: Ҳабибулло Азимов Араб баҳорида ташқи омилларнинг таъсири катта бўлган, деган фикрни ўртага ташлади, бироқ мен бу кўпроқ ички омиллар билан боғлиқ деб ўйлайман. Чунки араб дунёсида авторитар сиёсий модел ўзининг барча ресурсларини тўлиқ сарфлаб бўлган эди. Ҳокимиятда узоқ муддат ўтириш, ислоҳотларнинг анча вақт давомида орқага суриб келингани бунда кўпроқ рол ўйнаган. Қолаверса, коллектив ғарб Араб баҳоридан ўз мақсадларига тўлиқ эришгани йўқ. Ҳатто Араб баҳоридан кейин Миср ҳокимиятига Мурсий келди ва у сиёсий ислом вакили эди. Демократия орқали ҳокимиятга келган раҳбар Америка учун ҳам, Исроил ва Саудия учун ҳам жуда ноқулай шахс эди.

Маълумки, Мурсийнинг “йиқилишидан” Исроил ва Саудия манфаатдор бўлган. Яъни ўша вазият Ғарб учун қулай ҳолат эмасди. Ўша вақтда АҚШ раҳбари Обама эди ва у ерда демократия ғояси катта кучга эга бўлган. Агар ҳокимият тепасида узоқ вақт ўтирилса, катта иқтисодий-ижтимоий инқироз юзага келиб, халқ намойишларга чиқса, уларни тўхтатувчи куч бўлмайди. Эҳтимол, ўша можароларда ташқи таъсирнинг ўрни бордир, лекин асосий сабаб бу ички инқироз бўлган.

Халқ Араб баҳори даврида юз берган намойишлар орқали демократияга эриша олмади, аксинча, демократия кўпроқ қадрсизланди ва мамлакатдаги ички сиёсий тизимдаги муаммолар юзага чиқишни бошлади. Яъни халқнинг демократик малакаси паст бўлса, у мамлакатда демократия тез ишга тушиб кетмайди. Масалан, Ироқда Саддам Ҳусайн йиқитилганидан кейин мамлакатда фуқаролик уруши бошланди. Диктатор Саддам Ҳусайн бошқаруви даврида уруш қурбонлари сезиларли даражада кам эди. Ҳатто авторитар ва диктатура тузумларига нисбатан қарашлар ўзгарди. Ироқликлар орасида ўтказилган, уруш ва Саддам Ҳусайн режимига муносабат бўйича сўровномада аксарият иштирокчилар вазият ёмонлашгани, хавфсизлик издан чиққани ва фуқаролар урушида кўпчилик қурбон бўлганини айтишган. Аслида демократияга эришиш жараёни изчил ва босқичма-босқич бўлиши керак. Араб баҳори тўғрисида гап кетганда, асосий эътироз авторитар сиёсий тузумга бўлиши керак.

— Қатар амири нима сабабдан саммитни нутқ сўзламасдан тарк этди? Дастлаб Сурияни лигадан чиқариб юборишда ташаббус кўрсатган Саудия нима учун уни яна ташкилотга қайтарди?

Ҳабибулло Азимов: Мазкур саммит Саудия Арабистонида ўтказиляпти. Қатар ва Саудия муносабатлари Араб баҳоридан кейин ёмонлашган. Бунга кўплаб сабаблар мавжуд. Масалан, Миср ҳокимиятига Абдул Фаттоҳ Ас-Сиси келганидан сўнг, Саудия ва Миср ўртасидаги муносабатлар илиқлашган; Миср Саудия орқали Қатардан Мисрдаги эски “Мусулмон биродарлар” ташкилотини молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни тўхтатишни талаб қилган. Қатар бу талабга рад жавобини беради.

Қатар “Мусулмон биродарлар”дан ташқари, Ғазо секторида фаолият юритаётган “Ҳамас” каби ташкилотларни ҳам молиявий қўллаб-қувватлаши ҳеч кимга сир эмас, лекин Саудия томони бугунга келиб Қатарни Яқин Шарқ минтақасидаги “Ал-Қоида” ва бошқа шунга ўхшаш террорчи гуруҳларни ҳам қўллаб-қувватлашда айблайди. Қатар эса бу даъволарни мунтазам рад этиб келади. Саудия-Қатар можароларига асосий сабаб – “Мусулмон биродарлар” ташкилотига моддий кўмакни тўхтатиш талаби ва Мисрдаги Мурсий ҳокимиятининг ноқонуний йўл билан ағдарилгани тўғрисидаги даъволардир.

Камолиддин Раббимов: Қатар ва Саудия Арабистони ўртасида доимий равишда сиёсий ва геосиёсий қарашлар номутаносиблиги мавжуд бўлган. Саудия кўпроқ консерватив давлат ва у ўзининг ички сиёсий тизимини, ижтимоий-иқтисодий вазиятни муҳофаза қилишда асосан ёпиқликка эътибор қаратади. Қатар – кичик мамлакат, лекин унинг қўлидаги воситалар жуда қудратли. Жумладан “Ал-Жазира” телеканали. Араб баҳорида “Ал-Жазира”нинг роли жуда катта бўлди ва Қатарнинг тафаккури шундан иборат бўлдики, глобаллашган дунёда консерватизм ва ёпиқлик билан эмас, балки бир томондан сиёсий фаоллик, сиёсий иштирок, имкон қадар эркинлик, демократик институтлар, иккинчи томондан араб ўзлиги ва исломий қарашларни синтез қилиш орқали ҳаракат қилиш керак, деган хулосага келган.

Яъни қатарликларда “Эҳвон Ал-Муслимун”га хос сиёсий концепция мавжуд. Яъни бугунги эҳвончилар анча ўзгарди, улар 1930-40 йиллардаги эҳвончиларга қараганда анча трансформация бўлган. Бугунги эҳвончилар исломий қарашлар ва демократик қарашларни бир-бирига қориштириш тарафдори. Бу эса Саудияни безовта қилади, чунки улар монархия сифатида демократик тизим, сиёсат ва сайловларга анча эҳтиёткорлик билан қарайди.

Шунинг учун бу икки мамлакат ўртасида қарашлар қарама-қаршилиги бўлган, бироқ ҳозирда Яқин Шарқдаги геосиёсий вазият оҳанги анча ўзгарган. Яъни АҚШ ҳокимиятига Байден келиши, энг асосийси, Саудия ва Эрон ярашиши билан минтақадаги геосиёсий вазият янгидан форматлашяпти. Бундан ташқари, 1945 йиллардан то 2020 йилларгача Яқин Шарқда АҚШ катта кучга эга бўлган бўлса, эндиликда бу жараёнларга Хитой аралашишни бошлади.

— Араб давлатлари Сурия, Ироқ, Судан ва Яман инқирозига ечим қидиришса ҳам, албатта, минтақада Эрон билан тўқнашишга мажбур. Эрон дастакловчи дея ишониладиган “Ҳизбуллоҳ”нинг мавжудлиги мамлакатлар нормаллашувига қандай салбий таъсир кўрсатиши мумкин?

Ҳабибулло Азимов: Сўнгги 30-40 йиллардан бери Саудия ва Эрон ўртасидаги муносабатлар кун тартибидаги масала сифатида эътироф этиб келинади. Бу – Эрон ва Саудия ўртасидаги тўқнашув эмас, аслида 12-13 аср олдин бошланган шиалар ва суннийлар тўқнашуви сифатида эътироф этилиши керак. Саудия бутун мусулмон дунёсида ўз мавқейини ушлаб қолишга ҳаракат қилади. Эрон эса 1979 йилда юз берган Ислом инқилобидан кейин бундай инқилобни трансфер қилиш сиёсатини амалга ошириб келяпти. Чунки Эрон бунинг учун потенциал имкониятларга эга. Яқин Шарқ мамлакатларининг деярли барчасида маълум миқдорда шиалар истиқомат қилади ва Эрон томони мана шу омилларни ҳисобга олган ҳолда, минтақадаги таъсирини кучайтириш учун шиаликка асосланган минтақавий сиёсатни юритяпти.

Суриянинг ташкилотга қайта жалб этилиши ҳақида гапирадиган бўлсак (юқорида бу саволингизга жавоб берилмади), Саудия Арабистони 2016 йилда Сурияни лигага қайта тортиш сиёсатини бошлаган эди. Саудия бу орқали Сурияни Эрон таъсиридан қутқариш ва ўзининг Ливандаги маълум бир манфаатларини ҳимоя қилишни ўйлаган. Чунки Ливанда Эрон дастакли “Ҳизбуллоҳ” ва Сурия дастакли “Амал” ҳаракатлари мавжуд, шунингдек, “Амал” ҳаракати Ливанда катта кучга эга.

Камолиддин Раббимов: Саудия ва Эрон ўртасидаги зиддият 3 та қаватдан иборат. Биринчиси, мазҳабий кўриниш, иккинчиси, сиёсий режимлар, яъни Эронда инқилоб юз беришидан олдин, 1979 йилда бу давлат монархия эди. Подшоликнинг йиқилиши қолган монархиялар, жумладан, Саудияни қўрқитиб юборган. Чунки Эрондаги инқилобдан сўнг, 1980 йилларда Саудия ичида, хусусан шиалар яшовчи ҳудудларда ҳаракатлар юзага келиши Саудияни безовта қилган.

Учинчи омил бу уларнинг геосиёсий жиҳатдан иккита гуруҳга мансублиги: Саудия шу пайтгача Американинг минтақадаги энг яқин иттифоқчиси бўлди, Эрон эса 1979 йилги инқилобдан кейин дунё геосиёсатидан чиқиб кетган мамлакатга айланди. Ҳатто уни Совет иттифоқи билан тўлиқ яқинликка эга давлат дейиш ҳам жуда қийин эди. Бунинг натижасида улар 3 та омил бўйича бир-бирларига қарама-қарши давлатларга айланди.

Бир неча ой олдин Пекиндаги учрашувда Саудия ва Эрон ярашди, ўз навбатида Исроил ва АҚШ бундан қаттиқ хавотирга тушди. Америка бу ҳолатдан хавотирда эканини яширишга ҳаракат қиляпти, лекин Исроил буни яшираётгани йўқ. Нетаньяҳуга нисбатан эса икки рақиб давлат ярашаётгани тўғрисида билмагани ва олдини олмагани бўйича эътирозлар билдирилди.

Ҳабибулло Азимов: 1979 йилдан кейинги Саудия–Эрон муносабатларига қарайдиган бўлсак, инқилобдан кейин Саудиядаги Каъба босқини, кейинчалик, 1987 йилда “Қонли ҳаж” воқеалари содир бўлган. Унда 450 нафарга яқин ҳаж зиёратчиси ҳалок бўлган. Бу ҳолатда эронликлар сиёсий пропаганда майдони сифатида муқаддас Каъбадан фойдаланганини кўриш мумкин. Бугун ОАВ Саудия–Эрон муносабатлари Хитой воситачилигида яхши томонга ўзгараётгани ҳақида ёзяпти, лекин бу муносабатнинг давомийлиги борасидаги саволлар жуда асосли ва унга жавоб бериш қийин. Менимча, бу муносабатлар 10-20 йил давом этадиган муносабатлар эмас, чунки улар ўртасидаги кичик муаммо ҳам ўзаро муносабатлар совуқлашишига олиб келиши мумкин. Гарчи Хитой воситасида улар яқинлашаётган, элчихоналар қайтадан очилиши айтилаётган бўлса-да, мен бу илиқлик узоқ давом этади, деб ўйламайман.

1971 йилда Баҳрайн мустақил давлат сифатида ташкил этилганидан кейин, у ерда 70 фоизга яқин шиа мусулмонлари истиқомат қилади, бироқ ҳокимият “Ал-Халифа”, яъни суннийлар қўлида. Шу билан бирга, Эрон Баҳрайнга ўзининг тарихий ҳудудлари сифатида қарайди. Шунингдек, айтиш мумкинки, Саудияда ҳам бугунги кунда 5-6 млнга яқин шиалар истиқомат қилади. Айниқса, уларнинг шарқий, хусусан табиий ресурсларга бой ҳудудларда яшашини инобатга олсак, шиалар масаласи саудияликлар учун ҳам жиддий масала.

Маълумки, 2015 йилда Саудия ҳукумати 50 га яқин шиа уламоларини қатл қилган ва улар орасида бутун бошли шиалар дунёсида эъзозланган уламолардан бирининг борлиги Эрон ва бошқа шиа мусулмонлари томонидан қаттиқ қораланган.

Камолиддин Раббимов: Яқин Шарқдаги бугунги геосиёсий вазият шундайки, АҚШ тепасига демократлар, яъни Байден келганидан кейин, АҚШ президенти Саудия ҳокимиятини Муҳаммад бин Салмонни журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши бўйича жазолашга чақирди. Ҳатто АҚШ Конгресси бу бўйича резолюциялар қабул қилди, мазкур масала бўйича овозлар берилди. Бу ҳолат Муҳаммад бин Салмоннинг ғазабига сабаб бўлди ва Саудия Арабистони Эрдўған усулида ўзи учун бошқа геосиёсий ҳамкор излаш, у билан алоқаларни мустаҳкамлаш йўлидан борди ҳамда буни уддалади. Саудиянинг Хитой воситачилигида Эрон билан ярашуви, Си Жинпинг ва Муҳаммад бин Салмон иштирокида учрашувлар ташкил қилиниши фонида Байденнинг Яқин Шарққа ташрифи совуқ кайфият билан қаршиланди.

Демак, Саудиянинг Эрон билан ярашишдан кўзлаган мақсади – бу АҚШга сигнал бериш. Яъни бу вазият Саудиянинг АҚШ билан алоқаларни бутунлай узишими ёки унга сигнал йўллаб, агар уларга бошқача муомала қилинмаса, муносабатлар узилиши тўғрисида маълум қилишми, сиёсатчилар буни аниқ таҳлил қилиб беролмайди. Барибир Саудия–АҚШ ўртасидаги боғлиқлик сақланиб қолаверади, бироқ айни пайтда Форс кўрфази давлатлари Американинг Фаластинга нисбатан сиёсатидан қаттиқ норози. Норозиликни юқори даражада намойиш қиладиган давлат бу – Қатар. Чунки ҳар сафар Қатар раҳбари БМТда нутқ сўзлаганда, бу ҳолат тарихий адолатсизлик эканига катта урғу беради. Демак, Саудия Арабистони АҚШга ўзининг миллий манфаатларидан келиб чиқиб сигнал юборяпти ва бунинг учун у ҳатто Эрон билан ярашишга ҳам тайёр эканини кўрсатяпти. Бу жараён, албатта, Қўшма Штатлар томонидан салбий қабул қилиняпти.

— Минтақада Россия деярли учинчи даражали фигурага айланди, АҚШнинг позициялари эса сўнгги ярим йилда заифлашди, Хитой дипломатияси эса Яқин Шарқда томонлар учун манфаатдор ечимларни таклиф эта олди. Қўшма Штатлар минтақадаги асосий ролини сақлаб қола оладими? Мувозанат ўзгариш жараёнида Хитой ва Россия манфаатлари Яқин Шарқда тўқнашиши мумкинми?

Ҳабибулло Азимов: Яқин Шарқ – Қўшма Штатлар учун ҳаётий минтақа ҳисобланади. Кўплаб сиёсатчилар АҚШнинг минтақадаги манфаатларини 3 турга бўлади. Булар Ўрта ер денгизини назорат қилиш, ҳудуддаги нефть-газ маҳсулотлари бозори устидан назорат ўрнатиш ва Исроил хавфсизлиги. Мен Қўшма Штатларнинг Яқин Шарқдаги сиёсий таъсир қучини йўқотгани тўғрисидаги қарашларга қўшилмайман.

Дональд Трамп Саудия ҳақида шундай фикр билдирган эди: “Агар АҚШ бўлмаса, Саудиядаги сиёсий режим 15 дақиқадан ортиқ оёқда тура олмайди”. Шундай экан, ҳозир АҚШнинг бу минтақадаги таъсири сусайгандек кўриниши мумкин, лекин барибир асосий ричаглар америкаликлар қўлида.

Бу минтақа Хитойга нима учун керак? Бугунги кунда Хитойнинг нефтга бўлган кунлик эҳтиёжи 10 млн баррелни ташкил этади ва унинг тенг ярми айнан Яқин Шарқ давлатларидан импорт қилинади. Шундай экан, Хитойнинг минтақада эришаётган ютуқлари рақамларда ҳам намоён бўляпти, хусусан, 2000 йилларда Саудия ва Хитой ўртасидаги товар айланмаси миқдори 4 млрд долларни ташкил этган бўлса, 2020 йилга келиб бу кўрсаткич қарийб 70 млрдга етганини кўриш мумкин. Бу савдо айланмасининг асосий қисми эса нефть маҳсулотлари билан боғлиқ. Шунинг учун, бу минтақада хавфсизликни таъминлаш Хитой манфаатларига хизмат қилади.

Албатта, бу ерда Россия манфаатлари ҳам йўқолмаган. Масалан, Сурияда 12 йилдан бери давом этаётган фуқаролар урушида ва Башар Асад режими сақлаб қолинишида Россиянинг роли жуда катта. Суриянинг Тортус шаҳрида 1970 йилларда СССР томонидан қурилган ҳарбий база мавжуд, агар Асад ҳукумати ағдарилса, Россия бу ҳудудда ўз мавқейини йўқотиши тайин.

Камолиддин Раббимов: Хитой ва Россиянинг геосиёсий манфаатлари Марказий Осиё ёки бошқа минтақаларда қарама-қаршиликка учраётгани йўқ, чунки уларнинг мақсади битта: АҚШни глобал ҳокимиятдан ағдариш ёки уни заифлаштириш. Нима учун улар айнан Яқин Шарқда тўқнашиши керак? Аксинча, бу мамлакатлар биргаликда АҚШнинг минтақадаги геосиёсий таъсирини сусайтиришга ҳаракат қилади, бироқ ҳозирча бунинг иложи йўқ. Чунки бу ерда Қўшма Штатларга ориентир олган мамлакатлар ҳали кўп. Масалан, Исроилдан ташқари, бошқа араб мамлакатлари ҳам ҳамон Америка билан ишончли ҳамкорлик алоқаларига эга.

Саудия Арабистонининг мақсади нима, АҚШ билан алоқаларни бутунлай узмоқчими? Агар шундай бўлса, у Қўшма Штатлар билан алоқаларни бутунлай йўқ қилиб, барча ҳаракатларни Хитой ва Россия билан бирга амалга оширишига тўғри келади. Лекин Саудиянинг мотиви бунга ўхшамайди, чунки АҚШ ҳокимиятига яна республикачилар келиши билан улар алоқаларни зудлик билан тиклаб олади.

Саудия – АҚШнинг ички сиёсий жараёнларида иштирок эта оладиган мамлакат ҳисобланади. Чунки унда АҚШ ҳокимиятига қайси президент келиши борасида хоҳиш ва истаклар мавжуд бўлади. Масалан, мусулмон оламида Дональд Трампнинг репутацияси қанчалик ёмон бўлмасин, унинг Саудия билан алоқалари тарихан ниҳоятда яхши эди. Менимча, Саудия ҳозир АҚШга уларнинг давлатига эмас, балки демократлар, айниқса, арабларнинг манфаатлари билан ҳисоблашмайдиган идеалист демократларга қарши экани тўғрисида сигнал беряпти.

Ҳабибулло Азимов: Саудия Арабистони – энергетика маҳсулотлари бозорида ўзининг ниҳоятда катта ўрнига эга мамлакат. Маълумки, ўтган йилнинг ёз ойларида бошланган энергетика инқирози АҚШда ҳам кенг кўламда сезилди. Бу вақтда Саудия Арабистони кунлик нефть ишлаб чиқариш ҳажмини 7 млн баррелгача туширди ва бу АҚШ томонидан қаттиқ қораланди. Шундан кейин, матбуотда Саудия ва Эрон ўртасида муваққат уруш ҳолати юзага келиши мумкинлиги тўғрисида хабарлар чиқишни бошлади. Декабрь ойида эса Саудия етакчиси шошилинч йиғилиш ўтказиб, нефть ишлаб чиқариш ҳажмини 10+2 млн баррелгача ошириш тўғрисида фармон берди. Демак, АҚШ Саудиядан нафақат иттифоқчи, балки ўз рақибларига босим ўтказиш механизми сифатида ҳам фойдаланади.

— Асад Араб лигаси саммитида “Усмонли ғояси” ҳақида гапириб, Туркияни танқид қилиб ўтди. Сурия инқирозини ҳал этишни мамлакатнинг шимолида ҳарбийлари жойлаштирилган Туркиясиз тасаввур қилиш қийин. Қудратли давлатлар Сурия шимолидаги курдлар масаласида Туркияга ён беришадими?

Ҳабибулло Азимов: Ҳозирда ғарб сиёсатчилари ва матбуоти Туркия президенти атрофидаги сиёсий элита орасида “Усмонли ғояси”, яъни Туркиянинг Усмонли турклар давридаги чегараларини қайта тиклаш ғояси мавжудлиги ҳақида кўп гапиришяпти. Бунда Туркия ва Сурия ўртасидаги ҳудудий муаммоларга қарайдиган бўлсак, бу можаролар аввалдан мавжуд эди. Дейлик, Туркиянинг иккита вилояти сифатида қараладиган Искандарун ва Хатай вилоятлари бир пайтлар Сурияга берилган эди. 1937 йилда Хатай вилояти мустақил давлат сифатида ажралиб чиқади ва 1938 йилда Туркия Республикаси таркибига қўшилади. Бу – Сурия–Туркия муносабатларининг энг зиддиятли нуқталаридан бири.

Бугун Сурия ва Ироқ каби мамлакатларда шундай хавотир борки, гўёки Туркия 1920 йилда Миллатлар лигасига тақдим қилган “Миллий чегаралар масаласини кун тартибига олиб келган. Бунда Суриядаги Халаб, Ироқдаги Мусул, Сулаймония, шунингдек, ҳозирда Грузия ҳудуди ҳисобланган Ботуми, Кипр ороли, Эгей денгизидаги 12 та орол ва бошқа ҳудудлар “Миллий чегаралар”га киритилган. Бироқ бугунги кунда Туркия бу ҳудудларни ўз таркибига қўшиб олишининг иложи йўқ, бу шунчаки Сурия ва бошқа давлатлар томонидан Эрдўған режимини қоралашда фойдаланилади.

Масалан, Туркиянинг Сурия ҳудудларида олиб борган бир нечта ҳарбий амалиётлари аслида бу мамлакат ҳудудларини босиб олиш учун эмас, балки у ерда ташкил қилинган террорчи ва сепаратист турк гуруҳлари фаолиятини тугатишга қаратилган операциялар бўлган. “Фурат қалқони”, “Тинчлик булоғи” ва “Зайтун новдаси” каби операциялар шулар жумласидан.

Албатта, курдлар масаласи Туркия учун жуда оғриқли масала, чунки бугунги кунда 100 минг кишилик қуролланган қўшинга эга курдлар Туркиянинг ҳудудий ва миллий хавфсизлиги учун жиддий муаммо. Туркия эса мазкур муаммоларни ўз давлат чегараларига яқинлаштирмаган ҳолда ҳал этиш учун ўша операцияларни амалга оширган.

Сурия дунё бўйича энг кўп курдлар истиқомат қиладиган учинчи давлат ҳисобланади, ундан олдинда эса Туркия ҳамда Ироқ бор. Сурияда 3-4 млн атрофида курдлар яшаши тўғрисида маълумотлар бор. Дастлаб, Асад режимига қарши бошланган халқ намойишлари даврида, Асад 1980 йилларда фуқаролигидан маҳрум қилинган, Сурия фуқаролари ҳам саналмайдиган 500 минг нафар курд миллатига мансуб одамга фуқаролик бериб, уларни ўз режимига оғдириб олади. Ҳозирда курдларга қарайдиган бўлсак, улар ИШИД ёки “Нусрати Жабҳа” каби гуруҳларга қарши курашаётганини кўришимиз мумкин. Туркия Суриянинг шимоли ёки Ироқ ҳудудларида бирор курд давлатининг вужудга келишидан манфаатдор эмас, албатта.

Камолиддин Раббимов: Аслида бу вазиятда экспертлар ҳам чалкашиб кетадиган нуқталар мавжуд. Чунки яқинда Туркияда иккинчи тур президентлик сайловлари ўтказилиши керак ва менимча, Эрдўған ўз лавозимида қолади. Шунингдек, коллектив Ғарбнинг унга нисбатан босим воситалари ҳам сақланиб қолади, чунки Вашингтон Туркияда давлат раҳбари ўзгаришига ва Қиличдорўғлининг ҳокимият тепасига келишига умид қилган эди. Бироқ Эрдўған ўз жойида қоладиган бўляпти, Туркияга босим воситалардан бири сифатида эса ҳар доим курдлардан фойдаланилган.

Ироқ ҳам, Туркия ҳам, Сурия ҳам бирорта курд давлати пайдо бўлишини истамайди, чунки агар бирор давлатда курд мамлакати пайдо бўлса, бу зиддият қолган мамлакатларга ҳам кўчиб ўтиши мумкин. Россия ва АҚШ Туркия ва бошқа мамлакатларга босим воситаси сифатида диний экстремистик, террорчилик ёки бошқа шаклларда курдлардан фойдаланиб келган. Шунинг учун, Туркия ўз чегараларидан ўнлаб километр узоқликда ҳарбий амалиётлар ўтказишига Москва ҳам, Вашингтон ҳам қарши чиққан. Аслида Туркия бу ҳудудларни ўзига қўшиб олишни ўйламаган, шунчаки хавфсизлик нуқтайи назаридан шу операцияларни ўтказган. Менимча, бу зиддиятлар яқин орада тўхтамайди, глобаллашувнинг кейинги босқичларига ўтилганда, яъни ҳудудлар ва чегаралар аҳамияти пасайганда бу зиддиятлар йўқолиши мумкин.

Курдлар Яқин Шарқдаги энг катта миллат бўлса-да, улар ўз давлатчилигига эга эмас. Шу сабабли уларнинг ресурслари ҳам турлича, масалан Киркукда жуда катта нефть захиралари бор ва уларнинг тепасида курдлар ўтиради. Ўйлайманки, бундай ҳолатлар Туркияга босим воситаси сифатида ишлатилишда давом этади. Лекин асосий масала, бу минтақада геосиёсий оҳанг ўзгаряпти, яъни шу пайтгача ҳудудда жуда катта бўлиниш бор эди, АҚШнинг сиёсатига хайрихоҳ бўлган кайфият Исроилдан бошқа мамлакатларда бироз пасайди.

— Уммоннинг Масқат шаҳрида АҚШ ва Сурия ўртасида махфий музокаралар олиб борилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Лекин Қўшма Штатларда Асад режими билан алоқаларни нормаллаштиришга йўл қўймайдиган қонун лойиҳаси Вакиллар палатаси ва Сенатга юборилган. Агар бу қонун кўпчилик овози билан маъқулланса, муносабатлар қандай кечади? Бундай вазиятда Араб лигаси истиқболи нима бўлади?

Ҳабибулло Азимов: Уммондаги учрашув ҳақида АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен шундай деди: “Биз ҳеч қачон Асад режими билан нормаллаштирилган сиёсат олиб бормаймиз, биз БМТнинг 2015 йилда Сурияда БМТ назоратида президентлик сайловларини ўтказиш тўғрисида резолюциясига амал қилинган тақдирдагина Асад ҳокимияти билан музокара олиб борамиз”. Давлат котиби ҳозирда Сурия билан олиб борилаётган музокараларни 2012 йилда Сурия ҳудудида йўқолган америкалик журналистни ортга қайтариш масаласи билан боғлади.

Камолиддин Раббимов: Араб баҳори 2011 йилда бошланган бўлса, Башар Асад ҳокимиятни сақлаб қолиш учун инсониятга қарши жуда кўп жиноятларни содир этди. Башар Асад – арабий шахс, шиаларнинг сезиларли даражада ўзгарган вакили. Суриянинг 90 фоиз аҳолиси эса суннийлардир. У ҳокимиятни ўз қўлида сақлаб қолиш учун Россия ва Эрон ёрдамида катта репрессив машинани ишлатди, кимёвий қуроллардан фойдаланди, шунингдек, бошқа турдаги оммавий қирғин қуроллари ҳам ишлатилди, норозилик намойишлари эса жуда қаттиқ режимда бостирилди. Натижада, Асад режими билан коллектив Ғарб ўртасидаги муносабатлар яхшиланишига тўсқинлик қилувчи жуда кўп фактлар йиғилган.

Унда нега қолган араб давлатлари Сурия билан муносабатларни нормаллаштиряпти? Бундай ҳолатлар тарихда жуда кўп бўлган, яъни бир томондан уни йиқитиш учун ресурслар етарли эмас, демак, тишни тишга қўйиб, чидаб, вазиятни нормаллаштиришга ҳаракат қилиш керак. Чунки геосиёсий вазият шуни тақозо этяпти.

Шу пайтгача Яқин Шарқда квартет, яъни тўртлик мавжуд эди. Саудия ва унинг тарафдорлари (уларнинг аксарияти араб давлатлари), Эрон ва унинг яқин иттифоқчиси Саддам Ҳусайн йиқитилгандан кейинги Ироқ, яна бир томонда Сурия, Яман ва “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи. Шунингдек, бу квартетга қисман Ливан ҳам киради, чунки у ерда ҳам шиалар кўп ва маълум бир давлат мулозимларида шиалар бўлиши шарт деган қонун бор.

Ҳабибулло Азимов: 1987 йилда тузилган Тоиф келишувига кўра, Ливанда этноконфессионал бўлиниш бор. У ерда президент Марунит христианлардан, бош вазир сунний мусулмонлардан, парламент раиси эса шиа мусулмонларидан бўлиши шартлиги кўрсатилган. Бундан ташқари, яна бир қанча диний гуруҳлар мавжуд ва уларга ҳам Тоиф шартномасига кўра, ҳокимият бўлиб берилади.

Камолиддин Раббимов: Эрон ва Суриянинг ярашуви фонида қолган мамлакатларни бегоналаштириш ўз-ўзидан мантиқсизлик бўлади. Чунки Сурия ва Туркияда юз берган зилзилалар ярашиш учун қулай вазиятни юзага чиқарди. Шунинг учун, Араб бирлиги фонида араб давлатлари ўзаро ярашишга ҳаракат қиляпти.

Қатар раҳбарининг нутқ сўзламасдан зални тарк этгани унинг вето қўяётганини англатмайди, у шунчаки эски хафагарчиликлар ҳамон мавжуд эканини кўрсатган холос. У ўз кучи ва ресурсларини сарфлаган ҳолда Сурия билан ярашмасликни талаб қилаётгани йўқ. Шунчаки, илгари содир этилган жиноятларга нисбатан ўз эътирозини билдиряпти холос.

— Араб бирлигида вазият барқарор эмаслигидан келиб чиқсак, унинг келажаги қандай бўлиши мумкин?

Ҳабибулло Азимов: Ўйлайманки, ташкилотнинг мавқейи яқин орада инқилобий тарзда яхши томонга ўзгармайди, чунки араблар ўз этник хусусиятларидан келиб чиқиб, келишмовчиликларни давом эттиради, бу бирор мамлакат яққол етакчи сифатида ўзини кўрсатмагунча ва қолганлар унга эргашмагунча давом этади. Шунинг учун мен яқин 15-20 йил ичида Араб давлатлари лигаси жаҳонга ўзини нуфузли ташкилот сифатида кўрсата олади, деб ўйламайман.

Камолиддин Раббимов: Агар Араб давлатлари лигасининг мақсади геосиёсий бирлик ва ҳамжиҳатлик деб талқин қиладиган бўлсак, бунинг эҳтимоли кам. Лекин бу лига ўзининг маълум бир тарихий миссияларини бажаряпти, яъни бу – мулоқот форуми. Араб давлатлари раҳбарлари думалоқ стол атрофида йиғилади ва мавжуд муаммоларни муҳокама қилади. Агар бу давлатлар ўртасида зиддият юзага келса, унинг симптомлари айнан шу йиғилишда кўринади.

Араб дунёсида туркий дунёда мавжуд бўлмаган маълум бир ютуқлар бор, масалан, санъат, адабиёт, маданият ва бошқа соҳалар бўйича улар тўлиқ интеграциялашган, яъни ягона ахборот маконига эга. Бироқ сиёсий ва геосиёсий жиҳатдан турлича қарашларга эга. Туркий халқлар бу борада араб халқларига етиб олиши керак, яъни биз Туркияда Эрдўған, Озарбойжонда Алиев, Туркманистонда Бердимуҳаммедовлардан бошқа сиёсатчиларни танимаймиз.

Менимча, янги глобаллашув даврида Араб баҳорининг янги тўлқинлари пайдо бўлади, чунки бу сиёсий элитага боғлиқ бўлмаган нарса. Бу бир томондан ижтимоий тармоқлар, интернет ва глобал ахборот оқими билан боғлиқ, иккинчи томондан ички зиддиятлар билан боғлиқ ҳолат. Масалан, 2011-2015 йилларда унинг биринчи тўлқини бўлди, кейинги тўлқинлар шаклланган вазиятни ўзгартиришга албатта ўз ҳиссасини қўшади.

— Исроил ва араб давлатлари ўртасидаги муносабатлар қандай шаклланиб боради?

Ҳабибулло Азимов: Тарихий Фаластин давлати ҳудудларида Исроилнинг ташкил қилиниши араб давлатлари илдизига болта уришдир. Чунки Исроил масаласида араб давлатларининг қарашлари турлича ва бу уларнинг бирлашишига ҳалал берувчи омиллардан бири ҳисобланади. Масалан, Исроил билан алоқалар ўрнатмаслик, уни давлат сифатида тан олмаслик, унга тинчлик шартномасини таклиф қилмаслик бўйича Хартум резолюцияси бор. Лекин 1977 йилда Мисрнинг Исроилга яқинлашиш сиёсати, кейинчалик Иорданиянинг Исроил билан тинчлик битимларига рози бўлиши араб дунёсида катта ғазаб билан қаршиланди. Ҳозир эса кўрфаз мамлакатларининг Исроилга яқинлашувини ва Суданнинг бу мамлакат билан алоқаларни яхшилашга қарор қилгани туфайли, АҚШ уни террорчи ташкилотларни молиялаштирувчи давлатлар рўйхатидан ўчирганини қўриш мумкин.

Камолиддин Раббимов: Бу ерда иккита даража бор, ҳокимият ва ҳукуматларнинг қарашлари ҳамда араб жамиятлари муносабати. Араб жамиятининг Исроилга муносабати ҳар йили ўрганилади ва уларнинг 97-100 фоизи исроилликларни салбий қабул қилади. Лекин араб жамиятларидан фарқли равишда, араб ҳокимиятларининг тафаккури ўзгарди. Масалан, 1970 йилларда араб давлатларида бирлашган ҳолда ҳарбий йўл билан Исроилни йўқ қилиб ташлаш орзуси бор эди. Шу пайтгача бир қанча Араб-Исроил урушлари бўлди ва уларда араблар қақшатқич зарбалар еди, ҳар сафар урушларни бой берди. Чунки Исроилнинг ортида технологик илғор қуролларга эга Америка туради, Исроилнинг отаси сифатида Англия эътироф этилса-да, унинг онаси ва ҳозирги ҳимоячиси сифатида АҚШ қайд этилади.

Лекин ҳозир араб сиёсий доирасида Исроилга бўлган муносабат ўзгарган деб ўйлайман. Ҳозир улар: “Исроилни йўқ қилиш шарт эмас, глобаллашув даврида у ердаги халқлар бир-бирларига қоришиб кетади ва араб давлатлари ҳамда Исроил боғлиқлиги жуда кучайиб кетади”, деган фикрда. Тўғри, араб давлатларида Исроилга қаршилик руҳи яшириниб турибди, лекин уларнинг ҳеч бири урушга тайёр эмас.

Ҳабибулло Азимов: Исроилликлар мамлакатда ассимиляция жараёнига йўл қўймаяпти, яъни у ерда христианлар, фаластинлик араблар ва асосан яҳудийлар бўлса, яҳудийларнинг бошқа дин ва ирқ вакиллари билан оила қуриши тақиқланган ва бу ҳатто ҳукумат томонидан назорат қилинади. Яҳудийлар ўзлигини асрлар давомида сақлаб келган ва бундан кейин ҳам сақлаб келишади.

Камолиддин Раббимов: Мен никоҳ ёрдамида юз берадиган ассимиляция жараёнини назарда тутмадим. Масалан, илгари Исроилга киритилмаганларга визалар берилиши бошланди, у ердан мулк сотиб олиш ҳам мумкин. Авваллари эса Исроил муҳри бўлган паспортга эга одамлар бошқа араб давлатларига киритилмаган. Лекин бугун бу сиёсат ўзгаряпти, улар ўртасидаги боғлиқлик ошиб боряпти.

Нормуҳаммад Али Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид