Ўзбекистон | 16:42 / 28.05.2023
101474
8 дақиқада ўқилади

11 ёшида IELTS'дан репетиторсиз 7,5 балл олган Абдуллоҳ — у бундай натижага қандай эришди?

4-синф ўқувчиси Абдуллоҳ инглиз тилини тезроқ ва яхшироқ ўрганиш учун биринчи навбатда ҳаракат бўлиши керак деб ҳисоблайди. “Агар ҳаракат қилмаса, ўрганиш қийин бўлади. Бу жараёнда ўзига ишониш ҳам лозим”, – дейди у Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

Абдуллоҳ Эгамбердиев – Тошкент шаҳри Миробод туманидаги 147-мактабнинг 4-синф ўқувчиси. У яқинда IELTS имтиҳонидан 7,5 баллни қўлга киритди. 11 ёшли Абдуллоҳ ўқув марказига бормаган, репетиторга қатнамаган. У бундай натижага мактабдаги инглиз тили ўқитувчисининг ёрдами билан эришган. Абдуллоҳ ва унинг онаси Нилуфар Тожибоева Kun.uz’га берган интервюсида қандай қилиб бу натижага эришгани ҳақида гапириб берди.

Абдуллоҳ Эгамбердиев:

– Инглиз тилига кичкиналигимдан қизиққанман, 6-7 ёшимдан тилни ўрганишни бошлаганман. Ўшанда You Tube’да фильмлар, мультфильмлар кўрардим, қолаверса, ота-онам ҳам инглиз тилини ўрганишда ёрдам қилган.

Аслини олганда, тил ўрганишга унча ҳам қизиқмайман, лекин инглиз тилини кўп одам билгани учун шу тилни билишга бел боғлаганман. Инглиз тилини ўрганиш кўпроқ одамлар билан мулоқот қилиш имконини беради. Бу тил орқали дунёни бошқача кўриш, билимни ошириш мумкин.

Нилуфар Тожибоева:

– Абдуллоҳнинг отаси БААда ишларди. Шу сабабли маълум вақт давомида шу давлатга қатнаб юрардик. Кейин Абдуллоҳни ўша ердаги мактаблардан бирига беришга қарор қилдик. Сентябрдан дарслар бошланди, шу билан март ойигача ўқиди, сўнг карантин сабаб ҳамма таълим муассасалари ёпилди. Ўзбекистонга қайтиб келдик, ўғлимиз таълимини 2-синфдан 4-синфгача ўзбек мактабида давом эттирди.

Бу вақт оралиғида Абдуллоҳнинг инглиз тилиси жуда яхши ривожланди. Ўзим, хўжайиним чет тиллари факультетини тамомлаганимиз учун фарзандларимизнинг тил билишига ҳаракат қилардик. Кичкиналигида инглиз тили алифбосини деворларга осиб, ўргатардик. Бошида ишни шундан бошлаганмиз, кейин китоблар ҳам ўқиб берардик. Уйда кўпроқ инглиз тилида мулоқот қилардик. “У бундай бўлади, буниси бундай бўлади”, – деб тушунтириб, параллел равишда ўзбек тили билан бирга ўқитардик. 

Абдуллоҳ Эгамбердиев:

– Ноябрь ойида мактабдаги инглиз тили устозим ойимдан мени IELTS'га тайёрлаш мумкинлиги ёки йўқлиги ҳақида сўради. Ойим бунга розилик берди. Шундан кейин IELTS'га тайёрланишни бошладик.

Ўқитувчим менга IELTS ўзи нима экани, нималардан иборатлигини ўргатди. Кейин осон йўллар билан тестларга жавоб бериш, қандай матн тузиш кераклигини тушунтирди. 3 ойдан кейин машғулотларимиз мураккаблашиб кетди, чарчаб қола бошладим. Аммо шунга қарамай, давом этавердим. Ҳар куни фақат мактаб кунлари дарслардан олдин 3 соат тайёргарлик қилардим. Китоблар ўқирдим, саволларга жавоб берардим, IELTS'га оид видеолар ҳам кўрардим.

Нилуфар Тожибоева:

– Мактаб директори, ўқитувчиси Абдуллоҳни IELTS'га тайёрлаш бўйича таклиф билан чиқиб қолишди. Бошида “ёш болани қийнаб нима қилдим, нима кераги бор?” – деб ўйладим-да, кейин: “майли, кўрайлик-чи, неча баллга тортар экан?”– деб розилик бердим. Бунинг устига фарзандим 4-синфни тамомлаётганди, президент мактаби ёки ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабларига ўқишга киритишга ҳаракат қиламиз деган ниятда ҳам рози бўлдим.

Шу билан IELTS'га тайёргарликни бошлашди, Абдуллоҳдан машғулотлари қийин бўлмаяптими деб сўрардим, яхши эканини айтарди. Кейин тайёргарликнинг охирларига бориб, зерикишга тушди. “Қачон топшираман?” – дерди. Сўнг регистрация қилиб тезроқ топшира қолайлик дея қолдим.

Ўқитувчиси билан гаплашиб турардим, “Абдуллоҳ қандай ўрганяпти, IELTS ҳар ҳолда ёши катталарга ҳам қийин”, – десам, “Йўқ, яхши. Абдуллоҳ жуда ҳам сабрли, унинг вазиятини тушуняпман, ҳали кичкина. Лекин баракалла, ўтирибди, индамай шуғулланяпти, сабрига қойил. Мен ҳам камроқ босим қилишга ҳаракат қиляпман”, – деб айтарди ўқитувчиси.

Абдуллоҳ Эгамбердиев:

– IELTS'дан 7,5 балл олганимни кўриб, ойим ҳам хурсанд бўлди: “зўр-ку”,– дедилар. Устозим ҳайратдан бақириб юбордилар, шундай натижага эришганим учун мен ҳам хурсанд бўлдим.

Нилуфар Тожибоева:

– Тўғриси, тайёрланишни бошлаганида камида 6 бўлади деб ўйлагандик, бунга ишонгандик. Кейин орада бир “mock test” топшириб келди. Шунда 6,5 балл олганди. “А, бўлди, демак, 6-6,5 балл олар экан бемалол”, – дедик. Шундан сўнг, қарасак ҳақиқий имтиҳондан 7,5 балл олгани ҳақида хабар юборилди. Жуда ҳам хурсанд бўлдик, бундай баланд бўлишини кутмагандик, 5,5 балл бўлса ҳам, майли дегандик, кейин қарасак 7,5 бўлиб кетибди. Ўзимиз ҳам ҳайронмиз. 

Абдуллоҳ Эгамбердиев:

– Инглиз тилида китоблар ўқийман. Лекин тўғрисини айтсам, китобларга унча қизиқмайман. Кўпроқ You Tube’да видео кўриш ёқади. Кино ёки мультфильмларни инглиз тилида кўраман, ҳазил бўлса, кула оламан, мураккаб гапга ҳам тушуна оламан. Олдин 7-8 ёшлигимда фильмлардаги ҳазилларни, баъзи гапларни тушунмасдим, мураккаб эди. Ҳозирги вақтда сўз бойлигим кенгроқ, шунинг учун фильмларни яхшироқ тушунаман.

Инглиз тилини тез ўрганиш учун биринчи навбатда ҳаракат қилиш керак. Агар ҳаракат қилмаса, ўрганиш қийин бўлади. Бу жараёнда ҳар ким ўзига ишониши ҳам лозим.

Катта бўлганимда дастурчи бўлмоқчиман. Чунки дастурчилар ўйинлар, сайтлар ярата олади. Мен ўйинларга қизиқаман, агар дастурчи бўлсам, бошқаларнинг IELTS'ни осонроқ ўрганиши учун сайтлар ясашим мумкин бўлади. 

Нилуфар Тожибоева:

– Ҳозирги кунда технология ривожланган вақтда боланинг тил ўрганиши учун интернетдан фойдаланишига шароит қилиб бериш керак экан. Мен интернет орқали Абдуллоҳга болажонларга мўлжалланган инглиз тилидаги видеоларни қўйиб берардим. Кейинчалик ўйин ўйнашга қизиқишни бошлади. Бу билан машғул бўлиб қолмаслиги учун бошқа нарсалар билан банд қилишга ҳам ҳаракат қилардим, масалан, мантиқий саволларга жавоб каби видеоларни топиб, кўрсатардим. Шуларга ҳам қизиқишни бошлади. Топишмоқларга ўхшаган саволларга жавоб берарди. Шундай қилиб, фарзандимиз бир қарасак, ўйин ҳам ўйнарди, бир қарасак, “National Geographic”ни ҳам томоша қиларди. Ҳар хил мавзудаги видеоларни кўрарди.

Фарзанд учун ота-онанинг роли катта, уларни йўналтириб туриш керак. “Уларга ўргатдим, ўрганмаяпти, бўлди, тушунмас экан”, деб ташлаб қўймасдан, секин-секин тушунтиравериш керак экан. Бола кейинчалик барибир ўрганиб олади. Кунига 1 соат эмас, озгина-озгинадан бўлса ҳам қизиқиш уйғотиш керак. Масалан, Абдуллоҳ билан шуғулланганимда эсидан чиқиб қолиш ҳолатлари бўлар эди, кейин жаҳл қилмасдан қайта тушунтириб берардим.

Ҳозир кўпчилик 7,5 балл олган ўғлимни бемалол хорижга жўнатишим мумкинлигини айтишади. Йўқ, Абдуллоҳ ҳали кичкиналиги учун унинг бир ўзини қўйиб юбора олмаслигимни айтаман. Балки, 11-синфни битиргач ўйлаб кўрармиз. Лекин ҳозирча ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган ёки президент мактабига кириши учун ҳаракатдамиз.

Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди,

Тасвирчи ва монтаж устаси: Боймирза Ҳалилов.

Мавзуга оид