Ўзбекистон | 10:57 / 29.05.2023
6822
2 дақиқада ўқилади

Жамшид Қўчқоров ШҲТда янги қўмита тузишни таклиф қилди

Хитойнинг Шаньси провинцияси Янлин шаҳрида ШҲТга аъзо, кузатувчи ва ҳамкор мамлакатлар вакилларининг камбағалликни қисқартириш, фаровон ҳаёт билан таъминлаш масалаларига бағишланган форуми иш бошлади. 

Фото: ЎзА

ЎзА хабарига кўра, форумнинг очилиши ҳамда ялпи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда нафақат ШҲТ майдонидаги, балки Осиё, Африкадаги Хитой тажрибасига қизиққан давлатлар вакиллари иштирок этмоқда.    

Форум ишида Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Жамшид Қўчқоров бошчилигидаги мамлакат делегацияси ҳам қатнашяпти. Ялпи йиғилишда сўзга чиққан Жамшид Қўчқоров форум аҳамиятини таъкидлаб ўтди.  

–Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев камбағалликни қисқартириш борасида муҳим фармон ва қарорлар қабул қилди. Касбга ўқитиш, имтиёзли кредит ажратиш ва юмшатилган солиқ, иш ўрни яратиш, муносиб иш ҳақи тўлаш каби бир-бири билан узвий боғлиқ бўлган ислоҳотлар амалга оширилмоқда, – деди бош вазирнинг ўринбосари. – Бу ишларга давлат 1 миллиард долларга тенг маблағ ажратди. Натижада 2022 йилнинг ўзида 1 миллион одам камбағалликдан чиқарилди.  

Жамшид Қўчқоров ялпи мажлисда Ўзбекистон томонининг амалий таклифларини ҳам айтди.  

–Камбағалликни қисқартириш тажрибаси Хитойда орттирилган ва бугун барча мамлакатларга таклиф этилаётган бўлса-да, ҳар бир давлат уни бойитиб боряпти. Масалан, Ўзбекистонда қишлоқ аҳолиси турмуш шароитини яхшилаш, инфратузилма яратиш, таълим, соғлиқни сақлаш соҳаларини ривожлантириш, кичик бизнес юритиш имкониятларини кенгайтиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Ҳатто ҳар бир маҳаллада ҳоким ёрдамчиси институти ташкил этилди. Шунинг учун ҳам ШҲТ қошида камбағалликни қисқартириш тажрибасини таҳлил ва тарғиб қилувчи доимий фаолият кўрсатадиган қўмита тузишни таклиф этаман, – деди Жамшид Қўчқоров.  

Ялпи йиғилишда сўзга чиққан Покистон бош вазири ўринбосари Мирза Муҳаммад Африди, ШҲТ Бош котиби Чжан Мин, Шанси провинцияси вице губернатори Ван Сяо Чен ва бошқалар камбағалликни қисқартириш умуминсоний муаммо ва замон олдида турган вазифа, у билан ҳамжиҳатликда курашиш зарур, дедилар.

Мавзуга оид