Жаҳон | 09:40 / 29.05.2023
4131
2 дақиқада ўқилади

Twitter дезинформацияга қарши ихтиёрий кодексдан воз кечди

Илон Маскнинг компанияси интернет гигантлари томонидан имзоланган дезинформацияга қарши ихтиёрий кодексдан воз кечди. Немис сиёсатчилари Twitter’ни Европа Иттифоқининг янги қонунига кўра “мажбурлаш чоралари” билан таҳдид қилишди.

Фото: Stephen Lam/San Francisco Chronicle/AP/picture alliance

Немис сиёсатчилари Twitter’нинг Европа Иттифоқининг дезинформацияга қарши ихтиёрий хатти-ҳаракатлар кодексидан чиқиш режаларини танқид қилди. 28 май, якшанба куни Handelsblatt нашрига берган интервюсида Германия Социал-демократик партияси ҳамраиси Заскиа Эскен шундай деди: "Twitter ўз тармоғида тобора кучайиб бораётган дезинформацияга қарши туришни истамаслиги аниқ".

Эскен Илон Маск компаниясига август ойида Европа Иттифоқида кучга кирадиган янги рақамли хизматлар тўғрисидаги қонунда (Digital Services Act, DSA) кўрсатилган чоралар билан таҳдид қилди. Германиянинг рақамли инфратузилма ва транспорт вазири Фолкер Виссинг ҳам худди шундай тарзда гапирди. Funke Mediengruppe нашрига берган интервюсида у дезинформацияга қарши кодексни “сохта янгиликларни тан олиш ва йўқ қилишнинг самарали воситаси” деб атади. Агар Twitter буни масъулият билан ҳал қилмаса, "биз DSA ижроси ҳақида гапиришимиз керак", деди у.

Аввалроқ, ички бозор бўйича Европа комиссари Терри Бретон Twitter дезинформацияга қарши кураш бўйича ўзини тутиш қоидаларидан чиқишга қарор қилганини билдирганди. Ушбу кодекс компаниялардан нотўғри маълумотлар тарқалишига қарши чоралар кўришни ва уларнинг муваффақияти ҳақида мунтазам равишда ҳисобот беришни талаб қилади. Twitter’дан ташқари кодекс Google, Tiktok, Microsoft ва Meta компаниялари томонидан имзоланган.

Рақамли хизматлар тўғрисидаги қонун ноқонуний контентни ўчириш жараёнини тезлаштириш ва фойдаланувчиларга бундай хабарларни белгилашни осонлаштириш учун мўлжалланган. Доимий равишда қоидабузарликлар учун интернет компаниялари йиллик глобал айланмасининг олти фоизигача жаримага тортилиши мумкин.

Мавзуга оид