Киевга дронлар ҳужуми давом этмоқда, Россиянинг чегара ҳудудлари ўққа тутилмоқда. Уруш суратлари
Украинада урушнинг 461-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
- 30 май куни тонгда Москвадаги турар жой биноларига дронлар ҳужуми рўй берди. Учиб келган дронларнинг аниқ сони маълум эмас: РФ мудофаа вазирлиги саккизта учувчисиз учар қурилма уриб туширилгани ҳақида хабар қилган, ҳукуматга яқин манбаларда — 10 ва ҳатто 25 рақамлари келтирилган.
- Пойтахтга дронлар ҳужумига муносабат билдирган Владимир Путин «Москва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ўз ишини бажаргани, аммо ҳали қиладиган ишлар борлиги»ни айтди.
- Украин ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Киев устида россияликларнинг 31 дронидан 29 тасини уриб туширди. Дронлардан бирининг парчаси кўп қаватли уйнинг юқори қисмига шикаст етказган, бир киши ҳалок бўлиб, яна 13 киши шифохонага ётқизилган.
- Калининград областидан сафарбар қилинганларнинг саккиз нафари дезертирликда айбланиб, олти йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинди.
- Россия ИИВ Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний ва Украина қуруқлик қўшинлари қўмондони Олександр Сирскийни қидирувга берди.
- Белгород областида Шебекино шаҳар округидан эвакуация қилинган аҳоли вақтинча жойлаштирилган пункт ўққа тутилди. Бир киши ҳалок бўлиб, икки киши оғир тан жароҳати олган.
Киевга дронлар ҳужуми — сўнгги кундаги учинчиси
30 майга ўтар кечаси россияликларнинг дронлари Киевга ҳужум қилган — шаҳар ҳарбий маъмурияти хабар беришича, бу Украина пойтахти бир кун ичида учинчи бор ўққа тутилиши бўлди. Украина қуролли кучлари 31 дрондан 29 таси уриб туширилганини маълум қилган.
Киевнинг жанубий қисмидаги Голосеевский районида дрон парчалари кўп қаватли уй устига қулаши оқибатида ёнғин чиққан — бир киши ҳалок бўлиб, яна уч киши жабрланган. Ҳужум вақтида жами 13 киши тан жароҳати олган, шунингдек 16 объект, жумладан турар жой биноси ва автомобил шикастланган.
Москвага дронлар ҳужуми
30 май тонгида Москвага дронлар ҳужум қилди. Учта кўп қаватли турар жой биноси шикастланган — Ленинский проспекти, Профсоюзная кўчаси ва Новая Москвадаги Атласова кўчасида жойлашган уйлар. Шаҳар мэри Сергей Собянин «ҳеч ким жиддий жабрланмагани»ни айтди, аммо камида икки киши тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилгани маълум.
Владимир Путин журналист билан суҳбатда Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари «штат бўйича, қониқарли» ишлаганини маълум қилди, шу билан бирга «ҳали қилинадиган ишлар борлиги»ни қўшимча қилди. РФ мудофаа вазирлиги ҳодисани «террорчилик ҳужуми» деб атаган (РФ ЖК 205-моддаси бўйича жиноий иш очилган) ва бунда «Киев режими»ни айблаган. Бунга жавобан Украина расмийлари ҳужумни «мамнуният» билан кузатишаётгани, аммо унга «бевосита алоқадор» эмаслигини билдирди.
Белгородда тинч аҳоли вақтинча жойлаштирилган марказ ўққа тутилиши оқибатлари
Губернатор Вячеслав Гладков 30 май куни Белгород областида тинч аҳоли вакиллари вақтинча жойлаштирилган пункт ўққа тутилгани ҳақида маълум қилди, бу одамлар Украина қуролли кучлари томонида жанг қилаётган қуролли тузилмалар 23 май куни амалга оширган диверсиядан кейин Шебекино шаҳар округи ҳудудидан эвакуация қилинганди. Гладков ушбу марказ ўққа тутилишида украин қўшинини айблаган. Шунингдек, губернаторнинг хабар қилишича, муассаса қўриқчиси ҳалок бўлган. Яна икки киши оғир аҳволда жонлантириш бўлимига ётқизилган.
Вақтинча жойлаштириш пункти ҳудуди ҳужумдан кейин шундай кўринишда:
31 май куни Белгород области губернатори Шебекино шаҳри ёппасига ўққа тутилгани, икки округдан болалар эвакуация қилиниши ҳақида хабар берди. Тўрт киши жароҳатланган — икки киши шифохонага ётқизилган, яна икки нафарига жойида тиббий ёрдам кўрсатилган. Ҳудудга «Град» баравар ўт очиш реактив тизимидан зарба йўлланган. Губернатор Вячеслав Гладковнинг маълумотига кўра, саккизта кўп квартирали уйлар, тўртта хусусий уй, шунингдек, мактаб ва иккита маъмурий бинолар шикастланган. Бир дўкон тўлиқ ёниб кетган, 12 та автомобил турли даражада шикастланган.
Бахмут атрофидаги украин артиллерияси
Мавзуга оид
20:12 / 22.11.2024
«Афтидан қўрқинчли, аммо ҳеч нарсани ўзгартиролмайди» — «Орешник» қанақа ракета?
14:17 / 22.11.2024
Венгрия Украина билан чегарада ҲММ тизимларини ўрнатиш ниятида
09:12 / 22.11.2024
Британия Украинадаги вазият кескинлашганини маълум қилди
22:23 / 21.11.2024